Жаҳон | 12:24 / 27.12.2020
17417
12 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Вакцина аввалги ҳаёт тарзига қайтарадими?

Инсоният коронавирусга қарши янги ва самарали вакциналар тез орада пандемияга қадар ҳаётга қайтаришига умид қилмоқда. Аммо кўплаб олимлар «вакциналар пайдо бўлиши яқин кунларда ниқобларни ечиш мумкин деган хулосани бермаслиги» ҳақида огоҳлантиришмоқда.

Вакциналар қандай ишлайди?

Вакциналар замонавий тиббиёт эришган энг аъло ютуқлардан биридир. ЖССТ ахборотига кўра, вакциналар туфайли ҳар йили уч миллиондан йигирма миллионгача бўлган инсон ҳаёти (20дан ортиқ касалликдан) асраб қолинади.

Бир неча ўн йил муқаддам кенг тарқалиб кетган болалар касалликлари тобора камайиб бормоқда. Масалан, ўтмишда юз миллионлаб одам умрига зомин бўлган, ҳозирги кунда эса оддийгина касалликка айланиб қолган сувчечакка деярли барҳам берилди.

Лекин бундай муваффақиятга эришиш учун бир неча ўн йил керак бўлди. Биз эса коронавирус вакцинасининг анча камроқ муддатда шундай натижа беришини кутмоқдамиз.

Вакциналарнинг 90 фоиз самарадорликка эгалиги ҳақидаги хабарлар кўпчиликни тез орада ижтимоий масофа сақлаш ва ниқоб тақишдан воз кечиш мумкин эканига ишонтириб қўймоқда.

Назорат органлари фавқулодда шароитларда вакциналарни рўйхатдан ўтказиб, эмлашга рухсат берган АҚШ ва Буюк Британияда кўпчилик 2021 йилнинг баҳорига бориб ҳаёт яна маромига тушишини тахмин қилмоқда.

Лекин олимлар ва соғлиқни сақлаш соҳасида ишловчи мутахассислар вакциналар одатий ҳаёт тарзига қайтаришини кутишга ҳали эрталигидан огоҳлантиришмоқда. Зеро, уларнинг илк партияси захиралари жуда кам ва асосан аҳолининг рискка мойил қатлами ва коронавирус билан курашаётган тиббиёт ходимлари учун мўлжалланган.

«Вакцина бизда бор инструментларни тўлдиради, уларнинг ўрнини босмайди. Демак, ҳозирча вакцина пандемияга нуқта қўймайди. Covid-19’га қарши вакциналарнинг илк партияси чегараланган, шунинг учун тиббиёт ходимлари, қариялар ва бошқа рискка мойил қатламга урғу берилади. Биз вакцина ўлимлар сони камайиши ва соғлиқни сақлаш тизимларига вазиятни ўнглаш имконини беришига умид қиламиз. Аммо вирус ҳамон ҳаракатланиш имконига эга», дейди ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебреиесус.

Ўз-ўзидан вакцина коронавирус пандемиясини тўхтатмайди.

Биз:

  • Кутишда;
  • Синаш, изоляция қилиш ва беморларга қарашда;
  • Контактларни кузатиш ва чеклашда;
  • Оммани жалб қилишда;
  • Одамларни эҳтиёт бўлишга ундашда давом этишимиз керак.

Кутилмалар орасида фарқ бор: сиёсатчилар ва жамоатчиликнинг некбинлиги ҳамда илмий соҳадаги мутахассисларнинг иккиланиши бир томондан, бошқа томондан муаммонинг кўламини англолмаслик: барчага етарли вакцинани қандай ишлаб чиқариш мумкин?

Юқумли касалликлардан ҳимояланиш учун жуда кўп одамни эмлаш кераклигини ҳамма ҳам тушунмайди. Вакцинанинг кучи шундаки, у нафақат алоҳида пациентлар, балки атрофдагиларни ҳам муҳофаза қила олиши зарур.

Масалан, Шона.

Шона ва биз учун муаммо бирорта вакцинанинг 100 фоиз самарадор бўлолмаслиги. Қизамиққа қарши вакцина энг яхшилардан бири ҳисобланиб, 95-98 фоиз самарадорликка эга.

Яқинда Pfizer/BioNTech ва Moderna томонидан ишлаб чиқилган коронавирус вакцинаси ҳам 100 фоизлик самарадорликка эга эмас. Биз вақт ўтиши билан бу вакциналарнинг самарадорлиги пасаядими йўқми билмаймиз. Шунингдек, натижалар клиник синовлардан қанчалик фарқ қилишини ҳам ҳозирча аниқ тахмин қилолмаймиз.

Бу эмланганларнинг ҳар ўнинчиси вакцина олганига қарамай коронавирусдан ҳимояламаган бўлиб чиқади дегани. Аҳолини 100 фоиз эмламасдан туриб, рискка мойил одамларни ҳимоя қилолмаймиз.

Улар одатдагидек вакцинацияга заиф реакция қилувчи қариялар бўлиши мумкин. Коронавирусга қарши вакциналар умидли натижалар тақдим этган бўлса-да.

Устига устак, баъзилар саломатлигидан келиб чиққан ҳолда умуман вакцина ололмаслиги мумкин. Масалан, саратонга қарши даволанаётганлар.

Атрофимиздаги одамларнинг кўпчилиги касалликдан шикастланиш эҳтимоли бор. Улар орасида сизнинг дўстларингиз ва қариндошларингиз ҳам бўлиши мумкин.

Бунинг ечими бор – оммавий эмлаш.

Агар етарлича одамлар эмланса, қизиқ ҳолат юз беради: биз вируснинг тарқалиш занжирини узиб юборувчи қалқонлар ҳосил қиламиз. Бу билан рискка мойил яқинларимизни билвосита муҳофаза қиламиз. Бу баъзан жамоавий иммунитет деб ҳам аталади.

Қанча одам коронавирусга қарши вакцина олиши керак?

Биз коронавирусга қарши ҳозирги вакциналар унинг тарқалиши олдини олиб, иммунитет шакллантириши, вирусни стериллаб унинг кўпайишини тўхтата олишга қанчалар қодирлигини ҳозирча билмаймиз. Ваҳоланки, буни билишда жамоавий иммунитетни шакллантириш ҳал қилувчи ролни ўйнайди.

Афтидан, буни била олиш учун кутишга тўғри келади. Лекин Pfizer/BioNTech ходимларидан бирининг айтишича, ақалли бир вакцина рискни камайтиришга ёрдам беради.

Вакцина вирус тарқалишини тўхтатишда ёрдам берган тақдирда ҳам, рискка мойил одамлар сони жудаям кўп.

«Бу самарали вакцина билан ўтказилган юқори даражадаги вакцинациядан кейин ҳам жуда кўп одамлар ҳимоясиз қолавериши билан боғлиқ», дейди Британия соғлиқни сақлаш вазирлигининг иммунизация бўйича бўлимининг собиқ бошлиғи, ҳозирда Chatham House таҳлилий маркази илмий ходими бўлган Дэвид Солсбери. Мутахассис буни оддий математик мисол билан тушунтиради.

Шунинг учун ҳам, олимлар нафақат рискка мойил қатлам, балки аҳолининг аксар қисмига етарли вакцинага эга бўлмагунимизга қадар ижтимоий масофа сақлашдан воз кечолмаймиз.

«Агар жамиятнинг рискка мойил қатламинигина ҳимоя қилсак, улар ўртасидаги ўлимлар сонини камайтириш ва касалхоналарга бўладиган юкни енгиллатишимиз мумкин, вирус тарқалишини тўхтатишнинг эса иложи бўлмайди», дейди профессор Солсбери.

Унинг сўзларига қараганда, вакцинацияда қатнашмаганлар илгаригидек вирус тарқатишда давом этишади. Улар эмланмаганлар ва ҳатто эмланиб ҳали иммунитет ҳосил қилмаганларга касал юқтиришда давом этишади.

Бинобарин, вирус ўчоқларини маҳв қилиш ва рискка мойилларни ҳимоя қилиш учун барча ёшдагилар учун юқори даражадаги вакцинация ташкил қилиш керак.

Инсонлар ва товарлар ҳаракати нуқтайи назаридан замонавий олам шунчалар торки, вакцинация бутун сайёрамиз бўйлаб ўтказилиши шарт.

«Бу глобал пандемия, маҳаллий эпидемия эмас. Шунинг учун вирусни ҳамма жойда тўхтатиш керак. Бу амалга оширилмас экан, дунёнинг ҳеч бир нуқтаси хавфсиз бўлолмайди», деган профессор.

Айни дамда вакцинациянинг глобал режа бўйича чекланган миқдордаги дозаларини аввало тиббиёт ходимлари ва вирусдан зарарланиш риски юқори бўлган гуруҳ олиши кўзланяпти. Лекин АҚШ ва Буюк Британия каби давлатлар етарлича вакцина қўлга киритилгач, рискка мойил гуруҳларга кирмайдиган одамларни ҳам эмлашни бошлашларини маълум қилишди.

Буюк Британия соғлиқни сақлаш хизмати (NHS) раҳбарининг маълум қилишича, аҳолининг рискка мойил қатламини эмлаш апрелгача чўзилади, лекин ҳукуматнинг пировард мақсади 16 ёшдан катталарнинг имкон қадар кўпроқ қисмини эмлашдир.

ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, вирус тарқалиши тўхташи учун аҳолининг 65-70 фоизи касалликка қарши иммунитет ҳосил қилиши даркор. Шундагина жамоавий иммунитет ҳақида гапириш ва дунё хавфсиз деб айта олиш мумкин.

Лондон Империал коллежи профессори, эпидемиолог Азро Ғани юқумли касалликларни математик моделлаштириш билан шуғулланади. Унинг фикрича ҳам, дунё «ўзини хавфсиз» деб билиши учун аҳолининг 70 фоизини эмлаш керак.

Экспертнинг фикрича, шундагина ҳаётимиз маромига қайтади, бироқ бунга эришиш осон бўлмайди, ҳаттоки кутилмаган тўсиқлар бўлмаса-да. «Вакцина пандемияга нуқта қўяди. Лекин буни аввалдан башорат қилиш қийин. Зеро, вакцинани ишлаб чиқариш - энг катта муаммодир», дейди Ғани хоним.

Миллиардлаб одамлар қандай эмланади?

Дунёнинг 7 миллиарддан ошиқ аҳолиси уёқда турсин, Буюк Британиянинг 68 миллионлик аҳолисини эмлаш жуда катта иш. Илгари бунақаси бўлмаганди.

Вакцина ва вакцинация учун зарур жиҳозлар, масалан, препаратни сақлаш учун флаконларни жуда катта миқдорда ишлаб чиқариш керак. Таклиф ҳали-бери талабни қондирмайди.

Кейин вакциналарни заводлардан изоляцияланган ва тиббиёт марказлари, шу жумладан, ер куррасининг етиб бориш қийин бўлган қисмларига ҳам етказиш керак. Айрим вакциналар сақланиши учун хос шароитлар керак. Айтайлик, Pfizer вакцинаси -70 даражада сақланиши шарт.

Буюк Британия жаҳонда Pfizer вакцинасини тасдиқлаган илк давлат бўлди. Мамлакат соғлиқни сақлаш хизмати (NHS) оммавий вакцинацияни амалга ошириш учун тармоқ ташкил қиляпти. Бошқа давлатларда буни қилиш қийинроқ кечади.

Германиядаги Deutsche Post DHL логистика компанияси Африка, Осиё ва Жанубий Американинг аксар ҳудудларида совуткичлар етарли эмаслиги ва сақлаш шароитлари йўқлигидан огоҳлантирган. Бу эса вакцинани тақсимлашда юзага чиқаётган энг катта муаммодир.

Аҳолини қандай ишонтириш мумкин?

Оммавий эмлаш йўлига тўғаноқ бўлувчи яна бир омил бор. Соғлиқни сақлаш ходимлари «вакцинация борасидаги иккиланишлар»ни енгиб ўтишлари ҳам шарт. Бошқача қилиб айтганда, эмланишни истамайдиган одамлар сони ошиб боряпти. ЖССТ «эмланишга қарши ҳаракат»ни глобал соғлиқни сақлаш тизимига қарши асосий 10 таҳдиднинг бири деб ҳисоблайди.

Буюк Британиядаги сўровда қатнашганларнинг 36 фоизи вакцинацияга рози бўлишга иккиланаётгани ёки олмоқчи эмаслигини билдирган. Ноябрда YouGov ўтказган сўровда ҳам шунга яқин рақамлар қайд этилган.

Эмланишга нисбатан бундай иккиланиш вакцинация ҳақидаги нотўғри маълумотлар билан бирга кўплаб мамлакатларда жамоавий иммунитет шаклланишига халал бериши мумкин.

Профессор Ғани эмланаётган одамларни хотиржам қилиш муҳимлигини таъкидлайди. Бундайлар коронавирусга қарши вакцина ўта қисқа муддатда тайёрланганидан хавфсирашмоқда. Олиманинг фикрича, бу Буюк Британияда ўтказилаётган оммавий вакцинацияда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. «Аҳолининг ишончини қозониш ва одамларни вакцина олишга мажбурлаш оммавий иммунитетни шакллантириш сари қўйилган навбатдаги қадамдир», дейди у.

Хўш, вакцина бизни нормал ҳаёт тарзига қайтара оладими?

Вакцина етказиб беришнинг илмий ва амалий муаммолари борлигига қарамасдан Буюк Британияда, умуман, жаҳонда яхши янгиликлар ҳам бор: биринчи авлод вакциналари Covid-19 билан курашда ёрдам беради.

Яқин истиқболда рискка мойил қатлам, хусусан, касаллиги бор қариялар ва коронавирус беморлари билан ишлайдиганлар ўртасида оғир касалликлар ва ўлимни камайтиришда ёрдам беради.

Pfizer ва BioNTech’нинг вакцина 65 ёшдан кексароқларда 94 фоизлик натижа кўрсатгани ҳақидаги баёноти – бу борадаги ишларни давом эттиришга яхши рағбат бўла олади.

Ёмон хабар шуки, коронавирус хавфидан қутулиб, меъёрдаги ҳаёт тарзига қайтишга керак бўладиган даражадаги кўп одамни эмлаш учун бир неча ой балки йиллар керак бўлади.

«Вакцина плюс» даври

Профессор Солсберининг сўзларига кўра, вакцина келаси Пасхагача (2021 йилда 4 апрел ва 2 майга тўғри келади. Изоҳ kun.uz’ники) бизни нормал ҳаёт тарзига қайтариши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар одамларда нореал умидларни уйғотди. Коронавирус тарқалиши тўхтатилмаса, бунинг эҳтимоли ҳам камайиб кетади.

«Қудратли соғлиқни сақлаш инфратузилмаси ва тажрибага эга давлатлар учун ҳам вирус тарқалиш занжирини узиш учун оммавий эмлаш дастурини амалга ошириш қийин масала бўлади. Рискка мойил гуруҳ истиқболи янаги йил «аниқ яхши бўлсада», қолганлар ўзларини вирусдан ҳимоя қилишлари учун қўшимча чоралар кўришга мажбурлар. Мана шу «вакцина плюс»дир», дейди профессор Солсбери.

«Дунё маромга қайтиши учун» камида яна 2 йил керак. Лекин бу жараён Буюк Британия каби юқори даромадга эга давлатларда тезроқ кечади. Вакцина охир-оқибат пандемияни тўхтатса-да, у бизни вирусдан қутқармайди ва жаҳон аҳли бошқа юқумли касалликларда бўлгани каби эмланишда давом этади», деган профессор Ғани.

Коронавирусга қарши жангдаги «Вакцина плюс», афтидан, 2021 йил кириб келади ва биздан курашни бир неча ойлар, балки, узоқроқ муддат давом эттиришни талаб қилади.

Шоакмал Исроилов тайёрлади

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид