Жамият | 15:51 / 03.01.2021
9501
4 дақиқада ўқилади

Кўзи ожиз болаларнинг муаллимлари мурожаат билан чиқди. Улар 12 йиллик таълим сақлаб қолинишини сўрамоқда

Ўзбекистонда ихтисослашган мактабларда, шу жумладан кўзи ожиз болалар интернатларида ҳам таълим муддати 12 йилдан 11 йилга ўтказилмоқда. Аммо бу кўзи ожиз ўқувчилар таълимига салбий таъсир қилиши мумкин.

Оқмурод Отамуродов ва Баҳодир Қурбонов

Президентнинг 2020 йил 13 октябрдаги қарорига асосан, 2021/22 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган таълим муассасаларида мажбурий умумий ўрта таълим 12 йилдан 11 йилга қисқартирилади.

Кўзи ожиз ўқувчиларга дарс берувчи муаллимлар шу масала юзасидан ижтимоий тармоқларда мурожаат билан чиқди.

77-сонли кўзи ожиз болалар махсус мактаб интернати ўқитувчиси Оқмурод Отамуродовнинг сўзларига кўра, таълим муддати бир йилга қисқартирилиши – кўзи ожиз ўқувчиларнинг давлат таълим стандартини тўлиқ ўзлаштиришига имкон бермайди.

Унинг айтишича, ушбу қарор орқали имконияти чекланган болаларнинг барчаси бир турга олинган, яъни классификация қилинмаган. Ваҳоланки, ногиронлар турлича бўлади: таянч ҳаракат аъзоларидаги нуқсонлар, эшитиш, кўриш ва ҳоказо.

«Айрим турдаги ногиронларнинг ўқиш учун қобилияти етмаслиги мумкин. Лекин кўзи ожиз болалар ақлан соғлом бўлади, фақат кўрмайди холос», дейди муаллим.

«Кўриши бўйича имконияти чекланган болалар махсус мосламалар ёрдамида ёзишади. Битта приборда 18 та қатор ва бир қаторда 24 та катак бор. Ҳар бир катакда 6 та нуқта бор. Шу 6 та нуқтадан 63 та комбинация қилинади. Приборда ҳаммаси бир қаторга ёзилади. Унда юқори ва қуйи индекс деган нарса йўқ. Содда қилиб айтганда, математикада даража ва индекс ёки она тилида тагига чизиқча чизиш деган нарсалар бор, аммо кўзи ожиз болалар буни бажара олмайди.

Умумтаълим мактабларида математика дарслиги битта китоб бўлса, кўзи ожизлар учун битта дарслик 10 та китобдан иборат бўлади. Уларда бир саҳифага сиғган нарса, бизда 3–5 бетга тўғри келади.

Кўзи ожиз боланинг ёзиши соғломларга нисбатан 3–4 баравар, ўқиши эса 2–3 баравар секин бўлади.

Ўқувчиларимиз 12 йил ўқиб кўпгина ютуқларга эришишган. 12-синф очилганидан кейин ўқувчиларимиз ҳаттоки республика олимпиадаларида ҳам ғолиб бўлишган.

Ҳурматли президент Шавкат Миромонович. Ўқувчиларимизнинг келажакда касб танлаши ва ҳаётда ўз ўрнини топиши учун кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун 12 йиллик таълим қолдирилишини сиздан илтимос қилиб сўраймиз», – дейди математика ўқитувчиси Оқмурод Отамуродов.

77-сонли кўзи ожиз болалар махсус мактаб интернатининг бошқа бир ўқитувчиси Баҳодир Қурбонов сенаторлар ва депутатларга мурожаат қилган.

«Ҳурматли сенатор ва депутатларимиз. Бизнинг мурожаатимизни тўғри қабул қилишингизни, иложи борича ижобий ҳал бўлишида амалий ёрдам беришингизни илтимос қиламиз.

Биз 12-синфни кўзи ожиз ва заиф кўрувчи ўқувчиларга қайтариб берилишини сўрашимиздан мақсадимиз – болаларнинг касаллиги, уларнинг чекланган имконияти билан боғлиқ. Уларнинг орасида кўзи оғрийдиганлари ҳам бор. Соғлом бола дарсда 5–6 соат ўтирса, кўзи ожиз ўқувчиларимиз касаллиги туфайли 3–4 соатда чарчаб қолишади. Бу дегани, керак бўлган информацияларни олиши кўзи билан боғлиқ муаммо бўлгани учун озгина қийин кечади.

Ўқитувчиларнинг шахсий манфаатини ўйлаб эмас, авваламбор ўқувчилар келажагини ўйлаган ҳолда илтимос қилмоқдамиз.

Биз кимгадир ёки кимнингдир устидан шикоят қилмаяпмиз. Кимнидир ишламаяпсан, бу ишни қилмаяпсан дейиш фикридан ҳам йироқмиз. Илтимос қилардимки, мурожаатимизни тўғри қабул қилинглар.

Ҳурматли блогерлар, сиз ҳам имкон қадар мурожаатимиз тарқалишида ўз ёрдамингизни аяманг», дейди Баҳодир Қурбонов.

Мавзуга оид