Ўзбекистон | 18:30 / 08.01.2021
7631
2 дақиқада ўқилади

Боғча педагогларининг қанчаси олий маълумотли экани маълум қилинди

Ўзбекистондаги боғчаларда ишлаётган 116 минг педагогнинг 29 фоизи – 34 минг нафари олий маълумотга эга.

Фото: ЎзА

Мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Олимов боғчалардаги кадрларнинг малакаси ҳақида маълумот берди.

«Мактабгача таълим ташкилотларида 116 минг нафар педагог фаолият кўрсатади. Шулардан фақатгина 34 минг нафари олий маълумотли.

Бундан ташқари, олиб борган ўрганишларимиз ўрта маълумотли тарбиячиларнинг касбий компетенцияси етарли даражада эмаслигини кўрсатди.

Шу боис тизимдаги кадрларнинг умумий сонида олий маълумотлилар салмоғини оширишга ҳаракат қилинмоқда. Бунинг учун ОТМларнинг мазкур йўналишларида қабул квоталарини ошириш ва турдош йўналишда таҳсил олганларни қайта тайёрлаш орқали соҳага жалб қилиш режалаштирилган», – деди Қаҳрамон Олимов 8 январь кунги брифингда.

Брифинг давомида билдирилишича, Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, Тошкент вилоятларида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси ўртача кўрсаткичдан паст бўлиб қолмоқда. 2021 йилда шу вилоятларга алоҳида эътибор бериш кўзда тутилган.

Вазир ўринбосари 2021 йилда тизимда кутилаётган ўзгаришларга тўхталди.

«2020 йил якуни бўйича мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 60 фоизга етган. Бу кўрсаткични 2021 йил охиригача 65 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Жорий йил якунига қадар 225та МТТда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилади. 2000дан ортиқ оилавий, 40та давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилади.

6 ёшли болаларнинг 560 минг нафари, яъни 82 фоизини мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан қамраб олиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Жаҳон банки ва ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун уйда мактабгача таълим хизматини кўрсатиш тизими йўлга қўйилади», – дея Олимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид