Ўзбекистон | 17:46 / 08.01.2021
18855
2 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари кўп қаватли уйлар «коробка» ҳолатида нима учун қабул қилинмаслигига изоҳ берди 

 «Коробка» хонадонларда девор ўрни ҳам сотилмоқда. Бу эса, харидорнинг фойдаланмаган майдони учун ҳам пул тўлашига олиб келяпти. Апрель ойидан янги кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг «коробка» ҳолатида сотилишига йўл қўйилмайди. 

2021 йил апрель ойининг 15 санасидан эътиборан, янги кўп қаватли турар жойлардаги хонадонлар хона деворлари тикланган ва санфаянс жиҳозлари ўрнатилган ҳолда харидорга сотилади. Бу ҳақда Қурилиш вазири биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов АОКАда бўлиб ўтган тадбирда маълум қилди.

«Аҳолини қийнаб келаётган яна бир масала бор эди. Республикада уй-жойлар кўплаб қурилмоқда. Бунда биринчи ўринда уларнинг хавфсизлиги туради. Шуни ҳисобга олиб қурилиш соҳаси талабларига ўзгартишлар киритилди. Улар 3 ойдан сўнг, апрель ойида кучга киради. Эндиликда, қурилиш-пудрат ташкилотлари уй қуриб топшираётганларида, уйлар «коробка»да бўлмайди. Уларда хоналарнинг деворлари ва коммуникация тизимлари 100 фоиз тортилган бўлади. Чунки, бу хавфсизлик жиҳатидан муҳим.

«Коробка» қилиб топширилганда, харидор уйни олиб таъмирлашда, уйнинг плиталари устига тушаётган оғирлик юкламаси, ёхуд шахталар ўрни ўзгартирилса, уйнинг умумий конструкциясига салбий таъсир қилади. Бундан ташқари, ёнғин хавфсизлиги сингари томонлари ҳам инобатга олинди. 

Қолаверса, «коробка» ҳолатидаги 88 кв.м. майдонли хонадон таъмирлангандан сўнг, кадастр қилинганида 77 кв.м. майдонли бўлиб қолмоқда. Фуқаролар девор тагидаги майдон учун ҳам пул тўламоқда. Деворлари мавжуд хонадонларда эса, аксинча девор қисми хонадоннинг умумий майдонига кирмайди. 

Қурувчилар ички деворларни лойиҳа асосида тиклаб, санфаянс жиҳозларини ўрнатган ҳолда аҳолига сотади», - деди Шерзод Ҳидоятов.

Мавзуга оид