Жамият | 01:06 / 08.01.2021
47593
4 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари Қорасаройдаги туғуруқхонада олинган эътирозли видео юзасидан изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 2-сон туғуруқхона ёнида олинган ва эркак киши овози ёзилган видеолавҳа тарқалди.

«Келинимизни «роддом»га олиб келгандик, йўлланма бўйича келганмиз. Қанақадир ордер сўрашяпти. Ордер бўлмаса, олиб қола олмаймиз, дейишяпти. Келин бўлса букчайиб ётибди, туғишига вақти келганми, ё «сохранение»га олиш керакми, бирор чора кўриш керак-ку!

Қорасаройдаги «роддом» мана. 1 январдан қарор чиққан, ордер бўлмаса олмаймиз, дейди. Қанақа ордер, нимага ордер?! Она билан боланинг жонини сақлаб қолиш керакмасми? Буларга бемалол-да, олдиндан 3 миллион тўлайсан, деяпти. Олдин ишни битирмасдан қандай қилиб пул олади? Кимдир буларга чора кўрадими?» – дейди кадр ортидан гапирган эркак.

Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова билан боғланди.

– Бу видео тарқалиши билан дарҳол ўзим бошчилигимда хизмат текшируви ўтказилди, ҳолат жойига бориб ўрганилди. Аёл 22 ҳафталик ҳомиладор, айни пайтда ҳомиладорликни сақлаш учун туғуруқхонага ётқизилган ва керакли муолажаларни олмоқда. 

Тушунмовчилик нимадан келиб чиққанига келсак, аёлда 31 декабр куни ҳам оғриқлар кузатилган ва у ҳудудий поликлиникада гинеколог-шифокор кўригидан ўтган. Гинеколог аёлга йўлланма берган, аммо у оғриқлар босилгани туфайли туғуруқхонага бормай, байрамни ўтказишни истаб уйида қолади. 5 январ куни аёлда оғриқлар қайталанган ва соат тахминан 19:00ларда Тошкент шаҳри 2-сон туғуруқ комплексига мурожаат қилади.

Видеода кўриниб турибдики, туғуруқ комплексида чироқлар ёниқ, иш давом этяпти. Аёлнинг ўзи кўринмайди.

– Яъни аёл шифокорлар томонидан қабул қилинганми?

– Албатта. Қабулхона шифокори йўлланма берган поликлиника гинекологи билан телефон орқали суҳбатлашгунча мана шу вазият юз берган. Мен хизмат текшируви давомида аёл билан хотиржам суҳбатлашдим. У кўрсатилган барча тиббий хизматлардан рози эканини билдирди. Ҳатто бундай видео тарқалганидан ҳайрон ҳам бўлди.

Лекин туғуруқ комплексларида, шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш тизимида камчиликларимиз бор, албатта. Мана шу ерда ҳам ўзаро алоқа вақтида ва тўғри йўлга қўйилмагани мана шундай ҳолатни юзага келтирган. Бу борада мунтазам иш олиб борамиз.

– Видеода яна бир жиддий айблов – 3 млн сўм сўралгани тилга олинган. Бу масалага ойдинлик киритилдими?

– Шахсан ўзим, шифокорлар иштирокисиз аёл билан алоҳида суҳбатлашдим ва бу масала бўйича батафсил суриштирдим. Бундай ҳолат бўлмаган.

Албатта, шифохоналаримизда пулли тиббий хизматлар, қўшимча сервислар учун тўловлар бор. Беморлар улардан ўз ихтиёрларига кўра фойдаланадилар ҳамда хизмат тури ва нархлар ҳамиша кўринарли жойда осилган бўлади. Кўпинча пуллик хизмат ва бепул хизматларни аралаштириб юбориш, тўғри тушунмаслик мана шундай баҳсли вазиятларни юзага келтиради.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид