Ўзбекистон | 13:25 / 09.01.2021
35948
5 дақиқада ўқилади

Газсизлик ва «свет»сизлик: Қўрқинчли оқибатлар

Шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб ҳукм суриб турган газсизлик ва «свет»сизликнинг сабабларидан кўра, оқибатлари ҳақида ўйлаш кишини кўпроқ қийнаяпти. Табиий ресурсларга бой мамлакат бўлсак-да, энергия тақчиллиги аҳолимизни қай ҳолга тушириб қўйганига – аянчли бугунимизга назар ташлайлик.

Саломатликка урилаётган зарба

Қишда уйларнинг яхши иситилмаслиги одамлар учун коронавирусдан кўра хавфлироқ. Зеро, кўчада совуққа дош берган инсон организми уйга қайтганда исинишни «истайди». Инсон уйда-ю кўчада – муттасил совуққа дош беролмайди, зеро, иммун тизими «чарчайди». Бундай «вирус» келтирадиган зарарнинг статистикаси эса юритилмайди.

Кундан кунга, йилдан йилга такрорланувчи бунақа ҳолат – совуқ уй «феномени» халқнинг умумий саломатлигига путур етказади. Бу эса ҳаёт сифати тушади, кайфият тушади, асаблар таранглашади дегани... Кўп касал бўлиш оқибатида топилган маблағнинг катта қисми дори-дармонга сарфланади.

Кузатувларимизга кўра, қиш келиб, газ ва «свет» йўқлигидан азият чекиб яшайдиган ҳудудларда аҳолининг топган даромади 3 та асосий эҳтиёжларга кетади: озиқ-овқат, ўтин (кўмир) ва дори-дармон.

Қолган эҳтиёжлар четга сурилади, кўклам келгунича «навбат кутади».

Ижтимоий маданиятга урилаётган зарба

Қишнинг совуқ кунларида ҳамма ҳам иссиқ уйда яшагиси, уйқуга ётишидан аввал ва уйғонганидан сўнг иссиқ сувда ювингиси келади.

Яхши шароитда ҳафтада бир ёки бир неча марта чўмилган инсон шароитсизликда ойда бир чўмилса ҳам катта гап...

«Кўйлак, унинг устидан яна кўйлак». Қишда уй ичида кийиладиган уст-бош ҳам, кайфият ҳам хона ҳароратига яраша бўлади. Эркаг-у аёл – ҳамманинг ташқи қиёфаси ҳам шу зайлда чиройини йўқотиб бораверади. Янги кийимга аталган пуллар ўтин ва дорига сарфланади.

Совуқдан тараша бўлмаслик ташвиши киши ташқи кўринишининг абгорлашуви билан уйғунлашиб кетади.

«12 киши бир хонада яшаяпмиз», дейди газ тармоғидан узиб ташланганига 10 йилдан ошган, электр токи суткаси 4 соат ёнадиган қишлоқлардан бирида яшовчи бир отахон. Бунақа ҳолат минглаб оилаларнинг қисматига айланган.

Қишлоқ жойларда қиш келиши билан ёш-у-қари, ўғил-қиз, ва ҳатто келин-куёвлар ҳамма бир хонага жам бўлиши ва шу зайлда қишлаши янгилик бўлмай қолди. Масаланинг бошқа айрим жиҳатларига тўхталиб ўтиришни эп кўрмадик. Зеро, ҳаётнинг бу аччиқ синовларини бошидан кечираётган замондош гап нима ҳақида кетаётганини осон фаҳмлайди.

Таълим ва тафаккурга урилаётган зарба

Ўзга сайёралар тадқиқ қилинаётган XXI асрда Ўзбекистонда газ ва «свет» билан боғлиқ муаммолар кун тартибидан тушмаяпти. Муаммонинг йилдан йилга бўй чўзиб бораётгани эса, шундоғам оқсоқ таълимни тобора «ногирон»ликка етаклаб бормоқда.

Шам ёғдуси остида тайёрланадиган уйга вазифа болаларнинг онгида воқеликнинг «ўзига хос» – ривожланишдан холи моделини шакллантиради. Ота-онасининг ташвиши уйни иситиш ва даволанишдан иборат эканини кўрган болаларнинг тафаккури ҳам шунга мос равишда шаклланиб боради.

«Музлаётган» тадбиркорлик ва авж олаётган ишсизлик

Тадбиркорларимиз кўпаймоқда, аммо уларнинг аксарияти – савдогарлар. Ишлаб чиқарувчиларнинг салмоғи кам. Айниқса чекка ҳудудларда.

Чунки газ ва «свет» бўлмагандан кейин, ишлаб чиқаргандан кўра олиб-сотиб қўя қолган афзал – исталган тадбиркорлик йўналишини олсангиз, табиий газ ёки электр энергиясига бевосита боғлиқ. Шундан келиб чиқилса, тадбиркорнинг тилини, қўлини узун қилишга ҳар қанча ҳаракат қилинмасин, бефойда – у бой бўлолмайди, бошқаларни ҳам бой қила олмайди.

Масалан, ҳавонинг совиб кетиши сабаб бир марта бутун бошли иссиқхонасидаги бор ҳосилидан айрилиб қолган деҳқоннинг кейинги режаларини башорат қилиш қийин эмас...

Энди бироз хулоса

Мустақилликка эришганимизга 30 йил бўляпти. Ҳақиқатни ўзимиз учун тан олайлик – бунча давр оралиғида баъзи мамлакатларда олдинга катта қадамлар ташланади, ҳаёт таниб бўлмас даражада ўзгариб кетади. Қандай қилиб?

Гап шундаки, юксалиш йўлида қилинадиган ишларнинг тадрижи – кетма-кетлиги бор. Мазкур кетма-кетликка амал қилинмас экан, қанча лойиҳалар амалга оширилмасин, одимлаб бўлмайди.

Қиш кунларида уйини иситиш ғами билан юрган ота-оналарнинг онгидан бошқа нарсалар чиқиб кетади. Электр энергиясиз ёки газсиз қолган ишлаб чиқарувчининг ғами корхонасини ривожлантириш эмас, балки сақлаб қолиш ёки эсон-омон тугатиш бўлиб қолади.

Оддий маиший муаммолар билан ўралашиб юрган ватандошнинг қулоғига улкан ислоҳотлар ҳақида айтилаётган гаплар кирармиди?

Ўзи-ку майли, ёш болалари ва кекса ота-онаси совуқ уйда ўтирган бўлса, унда у учун «ислоҳот» сўзининг ўзи ёқимсиз, тушунарсиз, нафратини қўзитадиган сўзга айланиб қолади.

Бу сўзга ишонч ҳосил бўлиши учун эса биринчи даражадаги маиший муаммолар гирдобидан чиқиб олиш керак. Оддий ҳақиқат шу. Бор кучни шунга сафарбар этиш керак.

Дилшод Абдуқодиров

Мавзуга оид