Ўзбекистон | 00:29 / 16.01.2021
73499
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Жиззахда қулаб тушган уйни қурганлар қонун олдида жавоб бериши керак

Президент Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосарига чора кўришни талаб қилди. Аввалроқ бу амалдорнинг қариндошлари қурилишлар бўйича бир неча юз миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани маълум бўлганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 15 январь куни Юнусобод тумани фаоллари билан учрашув чоғида қатор муаммоларга, жумладан, Жиззахда қулаб тушган уй масаласига тўхталди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Мени мақтайверсаларинг, ҳеч нарса ўзгармайди, қарсак билан умримиз ўтаверади. Халқни рози қилишни ўйлаш керак. Шундай қилайликки, фарзандларимиз, набираларимиз биздан рози бўлсин.

Давлат идораларига талаб бундан ҳам қаттиқ бўлади. Мана, мен яқинда икки вазирни ишдан олдим. Яна қатор вазирлар, вазир ўринбосарлари қаттиқ огоҳлантириш олди. Нимага десангиз, аравани тортиш керак, бўлмаса кетиш керак.

Жиззахдаги уй қурилишига йўл қўйганлар қонун олдида жавоб беришлари керак. Бу масала албатта назоратда бўлиши керак», – деди давлат раҳбари.

Президентнинг таъкидича, Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари ҳозирги сиёсатга хиёнат қилган.

«Унинг бутун тўдасига қонуний жазо белгиланиши керак. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, барибир эски замонни қўмсаган ноинсофлар ҳам бор. Улар эркинлик, очиқлик сиёсатини тушунмайди», – деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ, жамоатчилик суриштирувида маълум бўлгандики, Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Акром Раҳмонқуловнинг қариндошлари ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини қуриш бўйича бир неча юз миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритган. Акром Раҳмонқулов қариндошлари ютган тендерларда комиссия раҳбари сифатида қатнашган.

  • 10 январь куни Жиззах шаҳридаги Зилол маҳалласи Мустақиллик кўчасида янги қурилаётган, 6 қаватдан иборат кўп қаватли уй қулади. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган.

Мавзуга оид