Ўзбекистон | 16:33 / 16.01.2021
5350
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлик бўйича 5 мингга яқин ҳужжат ягона кодексга бирлаштирилади

2021 йилнинг охиригача ягона Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилади. Кодексда тадбиркорликка оид лицензиялаш, рухсатнома бериш, ер ажратишга доир масалалар ҳам аниқ тартибда белгилаб берилади.

15 январ куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бизнес-омбудсман вакиллари Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга татбиқ қилиш ҳақида маълумот берди, дея хабар қилди Kun.uz мухбири.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, тадбиркорлик фаолиятига оид 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2021 йилнинг охиригача ягона Тадбиркорлик кодексига бирлаштирилади.

Кодексда мавжуд ҳуқуқий ҳужжатлар соҳавий ўрганиб чиқилиб, тадбиркорларни чалғитмаслик бўйича соҳама-соҳа берилади.

«Тадбиркорлик кодексида тадбиркорликни қандай бошлаш, рўйхатдан ўтказиш, рақобат муҳитида қандай фаолият юритиш, ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиш масалалари акс эттирилади. Умуман олганда, кодексни ишлаб чиқишдан асосий мақсад тадбиркорлик субъекти бошлангандан то унинг тугагунгача бўлган жараёнларини кодексда тўлиқ акс эттириш», – деди Бизнес-омбудсман девони бош инспектори Миршод Насруллаев.

Ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг яратилиши хориждан инвесторларни жалб қилишда ҳам муҳим ўрин тутиши айтиб ўтилди. Ягона кодификацияланган норматив-ҳуқуқий ҳужжат орқали инвестор давлатдаги қонунчилик, рақобат муҳити, тадбиркорларга яратиб берилган имкониятларни соддалаштирилган ва тушунарли ҳолатда таниш имкониятига эга бўлиши режалаштирилган.

Бизнес-омбудсман вакилларининг маълум қилишича, Тадбиркорлик кодексининг ишлаб чиқилишида Германиядаги Тижорат кодекси ва 2016 йилда ишлаб чиқилган қўшни Қозоғистондаги Тадбиркорлик кодекси ўрганилиб, Ўзбекистондаги тадбиркорлик муҳитига тўғри келадиган қисмлари инобатга олинади.

Маълумот учун, президент мурожаатномасида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўрилиши, уларнинг сони қисқартирилиши ҳамда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилиши маълум қилинганди.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид