Ўзбекистон | 15:29 / 18.01.2021
6848
2 дақиқада ўқилади

Аҳоли хонадонлари ис газини барвақт аниқлайдиган газоанализаторлар билан таъминланади

Ўзбекистонда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимининг самарадорлигини тубдан ошириш мўлжалланмоқда. Бу ҳақда Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида айтилган.

Фото: AFP/ Barbara Sax

Ўзбекистон Республикаси президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳада:

  • ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш, соҳанинг моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини тубдан мустаҳкамлаш;
  • аҳоли хонадонларини метан, пропан ва ис газини барвақт аниқлайдиган, хабар берадиган ва газни тармоқдан клапан орқали узиб қўядиган газоанализаторлар билан таъминлашни ташкил этиш;
  • янги турар жой мажмуалари  қурилган, маъмурий марказдан узоқда жойлашган ҳамда ёнғинларни тезкор бартараф этиш имконияти чекланган ҳудудларда қўшимча ажратиладиган штат бирликлари ҳисобига ёнғин-қутқарув қисмлари (постлари)ни ташкил этиш;
  • ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимининг самарадорлигини янада ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш;
  • ёнғин-қутқарув спортини ривожлантириш ва оммалаштириш назарда тутилади.

Бажариш муддати - 2021 йил 1 март, ижро учун масъуллар - Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид