Ўзбекистоннинг 2021 йилги иқтисодий ўсиши 5 фоиздан юқори бўлиши прогноз қилинмоқда
Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроевнинг маълум қилишича, 2021 йил учун иқтисодий ўсиш прогнозлари 4,5 – 5,5 фоиз атрофида бўлади.
Беҳзод Ҳамроевга кўра, 2021 йилда республика ялпи ички маҳсулоти 5 фоиздан ошиши кутилмоқда, дея хабар берди Kun.uz мухбири.
Марказий банк раиси ўринбосари прогноз кўрсаткичлари ўсиш асосларига ҳам тўхталиб ўтган.
«Марказий банкнинг 2021 йил учун иқтисодий ўсиш бўйича прогнозлари 4,5 ––5,5 фоиз атрофида бўлади. Бу ўзимизнинг прогнозларимиз доирасида сақланиб қолинди. Жорий йилда ЯИМ 5 фоиздан ошади. Бунинг учун етарли асосларимиз бор. Чунки 2020 йилнинг 4-чорагида иқтисодиётда иқтисодий фаолликнинг сезиларли даражада ошиши кузатилди.
Хусусан, бизнинг базавий прогнозларимиз бўйича 2020 йилдаги иқтисодий ўсиш 1–1,5 фоиз атрофида бўлиши керак эди. Лекин дастлабки ҳисоб-китоблар шуни кўрсатяптики, иқтисодий ўсиш бу йил 1,5 фоиздан юқори бўлса керак.
Нима учун? Чунки 4-чоракдаги кўрсаткичлар, айниқса январ-ноябр ойларидаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 0,7 фоизга ошган.
Бу сентябрда – 2,7 фоиз бўлган эди. Қолаверса, пуллик хизмат кўрсатиш, савдо соҳасида ҳам маълум бир ижобий ошиш кўрсаткичлари бор. Ушбу омиллар иқтисодий ўсишнинг 1,5 фоиздан юқори бўлишига олиб келиши кутилмоқда.
Шунингдек, ўзимиз доимий кузатиб борадиган кўрсаткичларимиз бор. Бу тўловлар миқдори яъни, транс акциялар ёки савдодан пул тушумлари миқдоридир. Буларни ҳам 4-чоракда кузатдик. Кўрсаткичлар ўтган 3-чоракка нисбатан 17-18 фоизга ошган. Бу ҳам ижобий иқтисодий ўсиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
2021 йилда ўтган 15-20 кундаги иқтисодий кўрсаткичлардан келиб чиқадиган бўлсак, бу 2021 йил Марказий банкнинг базавий сценарийси бўйича ривожланиб боради ва иқтисодий ўсиш 5 фоиздан юқори бўлиши кутилмоқда», – деди у 20 январ куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида.
Аввалроқ, Жаҳон банки 2021 ва 2022 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши мос равишда 4,3 фоиз ва 4,5 фоизга етишини прогноз қилганди. Ҳисоботда 2020 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 0,6 фоизни ташкил этгани ҳам келтирилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йил якуни бўйича Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг реал ўсиши 1 - 1,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Ўтган йилнинг 9 ойи якуни бўйича ялпи ички маҳсулот таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигининг улуши 27,3 фоиздан 27,9 фоизга (0,6 фоиз пунктга), қурилиш тармоғининг улуши – 6,9 фоиздан 7,4 фоизга (0,5 фоиз пунктга) ошган.
2020 йилда ЯИМ ўсиш суръатига ҳудудларнинг таъсири бўйича Андижон (+ 5,0 фоиз), Навоий (+ 4,3 фоиз) ва Наманган (+ 3,1 фоиз) вилоятларида нисбатан юқори ижобий ўсиш суръатлари қайд этилган.
Самарқанд (- 3,9 фоиз), Сирдарё (- 3,1 фоиз), Қашқадарё (- 2,1 фоиз) ҳамда Тошкент шаҳрида (- 0,5 фоиз) ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ)нинг камайиши кузатилган.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024