Ўзбекистон | 20:30 / 25.01.2021
9529
2 дақиқада ўқилади

Самарқандликлар коронавирусга қарши қаерда эмланади? Вилоят СЭОЖСБ изоҳ берди

Бугун жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида коронавирусга қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистонда ҳам вакцинация ишлари қачон бошланиши билан барча қизиқмоқда. Шу жумладан самарқандликлар ҳам. Kun.uz мухбири Самарқанд вилоятида илк эмлаш ишлари қачон бошланиши, қаерда ва қай тартибда амалга оширилиши ҳақида вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизматига мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, ҳозир юртимизнинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида коронавирусга қарши вакцинация жараёнига тайёргарлик ишлари кетмоқда. Мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, қисқа фурсатда сертификатланган, коронавирусга қарши вакцина кириб келиши билан эмлаш ишлари бошлаб юборилади.

Қайд этилишича, биринчи галда хавф гуруҳи — тиббиёт ходимлари ва сурункали касаллиги бўлган аҳоли қатламини эмлаш режалаштирилган. Бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб барча вилоятларда уларнинг сони аниқланиб, рўйхатини тузиш ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, тайёргарлик жараёнида Самарқанд вилоятидаги шаҳар ва туманлар кесимида картографика тузилиб, унда эмлаш пункти, бригадаси ва ҳар бир бригададаги эмланадиган аҳоли сони аниқ кўрсатилади.

Ҳар бир даволаш профилактика муассасаси қошида ташкил этилган эмлаш пунктида тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига қарши ўқитилиб, тайёрланган мутахассислар, яъни бригада шифокори, вакцинатор ва уларнинг ўриндошлари эмлаш ишларини амалга оширади.

Фуқароларнинг эмланганлиги тўғрисидаги маълумот мавжуд ҳужжатларда қайд этиб борилади. Эмланган фуқаронинг талабига кўра, унга эмланганлиги тўғрисидаги маълумот берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда карантин чекловлари тўлиқ бекор қилинмаган. Жамоат жойларида ниқоб тақиш ва оралиқ масофани сақлаш талаби амалда. Шунингдек, турли тадбирларни чекланган миқдордаги меҳмонлар билан ўтказиш белгиланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид