Ўзбекистон | 17:55 / 26.01.2021
8725
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни деб белгиланиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар «Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, қонун лойиҳасида Ўзбекистонда 30 июлни Халқлар дўстлиги куни этиб белгилаш кўзда тутилган.

Лойиҳани Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ишлаб чиққан.

Маълумот учун, БМТ Бош Ассамблеяси 2011 йилда қабул қилган резолюцияда халқлар, давлатлар, маданиятлар ва инсонлар ўртасидаги дўстлик, тинчликни таъминлаш билан боғлиқ ҳаракатларга илҳомлантириш ҳамда маданий хилма-хилликни ҳурмат қиладиган жамиятлар ўртасида кўприклар ўрнатиш мақсадида 30 июль – Халқаро дўстлик куни (International Day of Friendship) сифатида белгиланган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 130дан зиёд миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари истиқомат қилади. Мамлакатда 141 та миллий маданий марказ бор.