Ўзбекистон | 16:51 / 26.01.2021
25156
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар Саудияга ишлагани юборилиши мумкин

Фото: Shutterstock

Ўзбекистонда бўлиб турган Саудия Арабистони инвестициялар вазири Ҳолид Абдулазиз ал Фалиҳ бошчилигидаги делегация қатор учрашувларда қатнашди. Саудия делегацияси вакиллари Ўзбекистон меҳнат вазири Нозим Ҳусанов билан ҳам бир қатор масалаларда фикр алмашди.

Музокаралар давомида Ўзбекистондаги Саудия корхоналари қатнашадиган энергетика лойиҳаларида маҳаллий ишчилар иштирок этиши келишиб олинди. Шунингдек, Саудия Арабистонига ишлагани бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга тил ва касб ўргатиш марказлари очилиши муҳокама қилинди.

Меҳнат вазири Нозим Ҳусановнинг айтишича, Саудия иштирокидаги лойиҳалар доирасида саудиялик мутахассислар Ўзбекистонга келиб, маҳаллий ходимларга иш ўргатиши ҳам назарда тутилган. Ҳусанов ишчиларни Саудияга юборишда асосий муаммо тил эканини айтиб, бу борада томонлар биргаликда иш олиб боришини маълум қилди.

Олдинроқ Россия компаниялари қурилиш соҳасига ишчилар танқислиги юзага келгани сабаб ўзбекистонликларни ишга чорлаётгани хабар қилинганди. Карантинда муҳожирларнинг кўпчилиги Россияни тарк этишга мажбур бўлгани сабаб мамлакатда, айниқса, пойтахт Москвада муҳожир ишчилар танқислиги юзага келган.

Мавзуга оид