Ўзбекистон | 19:52 / 28.01.2021
9771
2 дақиқада ўқилади

«Маҳкумларга бу борада чекловлар йўқ» — Қамоқхоналарда 2016 йилдан намоз ўқиш ва рўза тутишга рухсат берилгани маълум қилинди

Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳкумларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги чекловлар Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келган кунлардан бекор қилинган. Бу ҳақда Жазони ижро этиш бош бошқармаси Тарбиявий ва ижтимоий психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Жамшид Султонов маълум қилди.

«Ўзбекистон қонунчилигида бунақа тоифадаги маҳкумлар мавжуд эмас. Уларнинг барчаси қонун олдида баробар.

Агар диний экстремистик оқимлар ёки диний ташкилотлар томонидан конституциявий тузумга қарши жиноят содир этиб, қамалган маҳкумлар назарда тутилаётган бўлса, бугунги кунда маҳкумлар ўртасида ҳеч қандай чекловлар йўқ.

Маҳкумлар жазони ижро этиш муассасаларида бемалол ўзларининг ибодатлари билан шуғулланишлари мумкин, фақат кун тартибини бузмаган ҳолда. Чунки ЖИEМларда фақатгина ислом динига мансуб маҳкумлар жазони ўтамайди», деди ИИВ масъули вазирлик Жазони ижро этиш бош бошқармаси мутасаддилари иштирокида «Жазони ижро этиш муассасалари фаолиятининг жорий ҳолати ва истиқболдаги вазифалар» мавзусида матбуот анжуманида.

Жамшид Султонов маҳкумларнинг диний ҳуқуқ-эркинликлари қачондан бошлаб таъминлана бошлагани ҳақида ҳам гапирди.

«Очиғини айтиш керак, олдин бундай тақиқлар бор эди. Буни инкор этмаймиз. Ҳозир очиқ ва шаффоф даврида ишлаяпмиз. Ўзбекистон Республикасининг энг янги тарихини бошлаб берган Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида сайланган кунлардан бошлаб бу каби чекловларнинг барчаси бекор қилинган. Маҳкумлар ўзи хоҳлаган динга эътиқод қилиши мумкин ёки уларнинг эътиқод қилмаслик ҳуқуқи ҳам тўлиқ кафолатланган», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид