Жамият | 19:52 / 03.02.2021
12865
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Азизов: Соғлиқни сақлаш вазири матбуот котиби ишдан бўшатилмаган

 

Ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев эгаллаб турган лавозимидан бўшатилгани ҳақида хабар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов Kun.uz мухбирига берган изоҳида бу хабарлар асоссизлигини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевнинг ишдан кетгани ҳақида турли ёлғон хабарлар тарқалди. Бу хабар мутлақо асоссиз бўлиб, буни ким ва нима мақсадда тарқатгани бизга қоронғи.

Барчага маълумки, вазирлик матбуот хизмати пандемия даврида коронавирус ва юртимиздаги пандемик вазият ҳақида биринчи манба сифатида ахборот тарқатиб турибди. Бундан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб тиббиёт соҳасига оид барча медиаинформациялар бевосита матбуот котибининг иштирокида узатилиши барча оммавий ахборот воситалари ходимларига яхши маълум. Матбуот хизмати вазирликнинг ахборот сиёсатини амалга оширувчи тузилма сифатида тизимда мустаҳкам ўринга эга.

Шунингдек, хизмат раҳбари Фурқат Санаевнинг 2020 йилда оғир пандемия шароитида қилган меҳнатлари эътироф этилиб, Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг «Йилнинг энг фаол матбуот котиби» мукофоти билан тақдирлангани ҳам фикримизга исбот бўла олади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, вазирлик матбуот котибининг лавозимидан озод этилишига ҳеч қандай асос йўқ», деган Абдулла Азизов.

Мавзуга оид