Ўзбекистон | 17:30 / 03.02.2021
15109
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавируснинг янги штаммларини тезкор аниқлаш имкони борми? Инновация вазири билан суҳбат

30 январ куни Ўзбекистонда коронавируснинг британча штамми илк марта қайд этилди. Инфекциянинг янги варианти Дубайдан Тошкентга келган 10 яшар қизда аниқланди.

Янги штаммни аниқлаш ва тестлар ишлаб чиқариш билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази шуғулланмоқда. Kun.uz шу мавзудаги саволлар билан инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновга мурожаат қилди.

Британия вариантининг хавфлилиги – унинг тез юқувчанлигида

— Аввало, бу янги штамм эмас. COVID-19'ни келтириб чиқарадиган SARS-CoV-2 вирусининг 4000дан ортиқ янги вариантлари бор. Ҳар ҳафта битта линияда иккита мутация рўй беряпти. Эволюцион биология нуқтайи назаридан айтадиган бўлсак, бу – секин мутацияга учрайдиган вирус ҳисобланади. Масалан, гриппга нисбатан анча секинроқ мутацияга учрайди.

Янги вариантлар орасида энг танилгани – Британия варианти. Бу вариант бошқаларидан 17 та мутацияси ва тез тарқаши билан фарқ қилади. B117 вариантнинг хавфлилиги – тез юқувчанлигида. У олдинги вирусга қараганда 50 фоиз тез юқяпти ва шунинг ҳисобига ўлимлар сони ҳам кўп.

Бундан ташқари, Жанубий Африка ва Бразилия вариантлари ҳам бор.

Янги штаммни аниқлашга 5 кун вақт кетди. Бу жуда узоқ эмасми?

— Дубай–Тошкент рейсида келганлардан 33 кишида тест мусбат натижа кўрсатган ва биз уларнинг қон намуналарини Илғор технологиялар марказида текширганимизда, орасидан биттаси шубҳа уйғотди.

Чуқурроқ таҳлил қилинганда, ҳақиқатдан ҳам Британия варианти экани аниқланди.

Албатта, бу – янги штамм. Тест тўпламларимизда 17та мутацияларнинг ҳаммасини аниқлайдиган реагентлар мавжуд бўлмаган. S оқсилининг симптоми бўла туриб, аммо таҳлилда бу оқсил кўринмагани шубҳа уйғотган. Яъни ўша куниёқ, натижаси 2 соатда чиқадиган тестдан кейиноқ биз бу Британия штамми бўлиши мумкинлигини тушундик. Лекин аниқ шундайми-йўқми, айта олмасдик, чунки 17та мутацияни кўрганимиз йўқ.

Кейинги жараён – ўша фрагментни қондан ажратиб олиш, уни клонлаштириш, ҳужайрада кўпайтириш, ҳар бир ҳарфини ўқиб чиқиш кабиларга бир неча кун кетди. Булар ўзи қийин жараёнлар эмас, лекин қўлингизда ҳали зонтларингиз бўлмаса, ушлаб оладиган илмоқчаларингиз тайёр бўлмаса, уни ушлаб олиш қийин.

Мен фрагмент ҳарфларини қайта-қайта ўқишга топшириқ бердим. Ундан кейин, биоинформатик таҳлилларга вақт кетди: ҳақиқатан ҳам Британияда аниқланган вариантга тўғри келяптими ёки мутация (ўзгариш) бошқачароқми?

Ҳозир маълумотларимиз бор, энди реагентлар, тест тўпларини оптимизация қилишга тўғри келади. Ҳозир қўлимиздаги тестлар ҳам албатта бошқа штаммларни ҳам кўради, геннинг бошқа участкалари учун ҳам мўлжалланган тест намуналаримиз бор. Лекин аниқ шу Британия штамми эканини тасдиқлаш учун тест методикасини ҳам, реагентларни ҳам, тўпламларни ҳам ўзгартиришимизга тўғри келади.

Ҳозир бу бўйича ишланмалар қилиняпти. Тез кунларда масалани ҳал қилиб, янги тест тўпламларини ҳам етказиб берамиз.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тест тўпламлари янги штаммни танишга мослаштирилади

— Энди асбоб-ускуналарнинг бошқасини олишимиз керакми, шунча нарсани олиб қўйиб, энди улар ишламайдими, деб сўрашяпти. Йўқ, ускуналар ичидаги реагентлар, тест тўпламлари ўзгаради холос. Ўша асбоблар, ўша кўникма, ўша техника қолади.

Янги штаммларни тезкор аниқлайдиган тестларга келсак, улар жаҳонда тижоратлашган ҳолда тайёр турибди, сотиб олишимиз мумкин. Масалан, Британияда янги штамм ПЗР тестида 2 соатда аниқланяпти. Ёки ўзимиз ишлаб чиқаришимиз ҳам мумкин. Ҳозир Илғор технологиялар марказида биз ҳам янги штаммни 2 соатда аниқлай оламиз, яъни одатий ПЗР тестида оқсиллардан бири кўринмаётгани – битта сигнал, аммо бу билан ҳақиқатан ҳам коронавируснинг янги варианти эканини тўла тасдиқлаб бўлмайди.

Бу вирус янги келди. 5 кунда аниқлангани ҳам ёмон кўрсаткич эмас. Биз шошмадик. Нотўғри маълумот кетиб қолмаслигига ишонч ҳосил қилдик. Олим сифатида ҳам, Инновацион ривожланиш вазирлиги сифатида ҳам жиддий ёндашиб, нотўғри информация беришга ҳаққимиз йўқ.

Бемалол айта оламанки, тезкор тест тўпламларини чиқариб берамиз. Илғор технологиялар марказимиз бир миллионга яқин ПЗР-китларни чиқариб, сотувга қўйган. Ўзбекистондаги эҳтиёжни таъминлаб беряпмиз. Бу масалада муаммо бўлмайди.

Тест тўпларимиз янги штаммни аниқлай олиши учун уларни бироз модификация қиламиз. Бунинг учун керакли «илмоқ»ларига буюртма бериб қўйдик. Ҳозир буни чет элдан олиб келиш муаммо эмас, кўплаб компанияларга буюртма бериш мумкин.

Қўлимизда тестлар бўлади, бундан ҳеч қандай шубҳага тушиш керак эмас. Янги штамм тарқаб кетар экан, Ўзбекистондаги тестларда улар кўринмай қоларкан, деган хавотирлардан йироқмиз.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Дониёр Якубов.

Мавзуга оид