Жаҳон | 16:43 / 07.02.2021
32384
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда муз кўчиши: 125 киши бедарак йўқолди

Ҳимолайдан йирик ҳажмли музлик кўчиши тўғонни бузиб юборди ва Ҳиндистон шимолидаги Уттаракханд штатида сув тошқини келтириб чиқарди.

Фото: Reuters

Водийдаги сув босган қишлоқлар аҳолиси эвакуация қилинган бўлса-да, штат бош вазири Тривендра Сингҳ Раватнинг маълумотига кўра, камида 125 кишининг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.

Қутқарувчилар 7 кишининг жасадини топишган, ҳодиса ҳудудида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Юзлаб кишилар, шу жумладан, полиция ва армия бўлинмалари, шунингдек, ҳарбий вертолётлар қутқарув амалиётларига жалб этилган.

«Барчаси жуда тез содир бўлди, кимнидир огоҳлантиришга вақт бўлмади. Мен сув барчамизни ювиб кетади деб ўйлагандим», дея ҳодиса ҳудудида яшовчи Санжай Сингҳ Рананинг сўзларини келтирган Reuters агентлиги.

Музлик Ҳимолай тоғ тизмасидаги, Ҳиндистонда иккинчи энг юқори тоғ бўлган Нандадевидан кўчиб тушган.

Тоғ дарёлари бўйлаб ҳаракатланган музлик янги қурилаётган гидроэлектростанция тўғонларига урилган.

Интернетда тарқалган кадрларда тўғонлардан бири вайрон бўлганини кўриш мумкин.

Йўқолганларнинг аксари - ушбу қурилишларда ишлаган ишчилар бўлган.

Қурувчиларнинг 16 нафари қутқарувчилар томонидан эвакуация қилинган. Штат полицияси раҳбари Ашок Кумарнинг айтишича, «Риши Ганга» ГЭСида ишлаётганларнинг 50 нафардан ортиғи ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

Ҳукумат атрофдаги қишлоқлар аҳолисини эвакуация қилишга улгурган.

«Мамлакат улар хавфсизликда бўлишлари учун ибодат қилишмоқда», дея ёзган Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди штат раҳбари билан сўзлашувдан кейин твиттерида.

Қўшни Уттар Прадеш штатининг қатор туманларида сув тошқини эҳтимоли муносабати билан фавқулодда шайлик ҳолати жорий қилинган.

Муз кўчишига нима сабаб бўлган?
BBC жаҳон хизматининг экология масалалари бўйича корреспонденти Навин Сингҳ Хадка

Ҳалокат тоғли ҳудудда рўй берган ва шу туфайли ҳозирча ҳеч кимда бу саволга аниқ жавоб йўқ.

Экспертлар массивдан катта муз бўлаги ажралиб чиқишига иқлим исиши ёки ёғингарчиликлар сабаб бўлганини тахмин қилишмоқда.

Муз кўчиши ўзи билан янада кўплаб кўчкиларни олиб келган бўлиши мумкин.

«Катта эҳтимол билан шундай бўлган, чунки охирги кунларда кучли ёғингарчиликлар кузатилганди», деган Вадиа номидаги Ҳимолай геология давлат институтининг собиқ катта гляциологи Д.Дохбал.

Экспертлар муз кўчкиси ўз йўлида кўлга тушгани ва унинг суви тошганини ҳам тахмин қилишмоқда.

 

Фото: AFP

 

Мавзуга оид