Ўзбекистон | 17:45 / 11.02.2021
7026
3 дақиқада ўқилади

Бухорода хусусий ОТМ ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Бухорода психология ва хорижий тиллар университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • Университетда Ўзбекистон ва дунёнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг инновацион дастурларини жорий этиш;
  • республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш;
  • хориж ва Ўзбекистоннинг илғор олий таълим муассасалари ва илмий-амалий психология мактаблари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш; 
  • ўқув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;
  • таълим жараёнига етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини жалб қилиш; 
  • таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш; 
  • профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан уларнинг стажировкасини нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш; 
  • аҳолининг турли қатламларига ва меҳнат жамоаларига шартномалар асосида психологик хизматлар кўрсатиш. 

Университетга ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари танлов асосида бепул ўқишга қабул қилинади. Университет гранти асосида ўқишга тавсия қилинадиган бу тоифа абитуриентлар ажратилган квотанинг 10 фоизидан кам бўлмаган қисмини ташкил этади. 

Университетда ўқитиш Ўзбекистонда амалда мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Хусусий ОТМда бакалавриат таълим йўналишида 9та, магистратура йўналишида 6та мутахассислик бўйича талабалар таҳсил олади. 

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари ҳамда тўлов-контракт миқдори ижтимоий-иқтисодий соҳадаги юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёждан ҳамда Университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда муассис томонидан томонидан белгиланади.

Университетда таълим фаолияти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда лицензия берилганидан сўнг бошланади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид