Ўзбекистон | 12:29 / 11.02.2021
7979
2 дақиқада ўқилади

Корея компаниясининг Самарқандда голф майдони қуриш режасини вилоят ҳокимлиги мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаган

Фото: Дунё АА

Жанубий Кореянинг «Hanshin Engineering & Construction Co. Ltd.» компанияси Самарқанд вилоятида умумий қиймати 800 миллион долларга тенг халқаро стандартларга мос келадиган голф майдони қуришни режалаштирган. Вилоят ҳокимлиги Корея компаниясининг мазкур лойиҳасини ташаббускор томон суғориладиган майдондан ер сўрагани учун мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаганини маълум қилди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳокимлик мазкур лойиҳа бўйича Корея компанияси билан 2019 йилда музокаралар олиб борган ва ўшандаёқ ташаббускор томонга суғориладиган ердан жой сўралгани учун лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмаслиги билдирилган.

«Самарқанд вилоят ҳокимлиги 2019 йилда ташаббускор томон суғориладиган майдондан ер сўрагани учун мазкур лойиҳани мақсадга мувофиқ эмас, деб маълум қилган. Ушбу лойиҳа доирасида вилоят ҳокимлиги ҳеч қандай ҳужжатни тасдиқламаган. Суғориладиган майдонларни қурилиш ёки бошқа мақсадлар учун ажратиш вилоят ҳокимлиги ваколатига кирмайди», – дейилади вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати тақдим этган маълумотда.

Қайд этилишича, Корея компанияси мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Самарқанд вилояти ҳисобидан 270 гектар майдон ажратишни сўраган. Лойиҳада 194 гектарга голф майдони ва унга ташриф буюрувчилар учун турар жой, 6 гектарга халқаро мактаб, 7 гектарга савдо-кўнгилочар марказ, шунингдек, 55 гектарга кўп қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган.

«Дунё» ААнинг хабар беришича, компания раҳбари Чои Мун Гью бошчилигидаги делегация 12-19 феврал кунлари Ўзбекистонга келиб, лойиҳалар бўйича музокараларни давом эттириши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Корея компанияси томонидан Қўқондаги 34 гектар майдонда «Qo‘qon-city» турар жой мажмуаси қурилиши таклифи ҳам билдирилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид