Ўзбекистон | 11:00 / 11.02.2021
16699
2 дақиқада ўқилади

Қўрғонтепа туманига янги ҳоким тайинланди

Бугун, 11 феврал куни, халқ депутатлари Қўрғонтепа тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди ва маъруза қилди. Сессияда Қўрғонтепа туманига янги ҳоким тайинланди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, шу вақтгача Қўрғонтепа тумани «Khantex Group» масъулияти чекланган жамияти кузатув кенгаши раиси вазифасида ишлаб келган Элёрбек Набижонов туман ҳокими этиб тайинланган.

Элёрбек Набижонов 2000 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини (бакалавр) ва 2014 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (магистратура) тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 2001 йилда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Қўрғонтепа филиалида бошлаган. 2002-2004 йилларда Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги молия бўлими бюджет иқтисодчиси лавозимида ишлаган.

2004-2008 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк» ва 2008-2019 йиллар оралиғида «Ориент Финанс» хусусий акциядорлик тижорат банки тизимида турли лавозимларда фаолият юритган. 2020 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, Қўрғонтепага 14 йил ҳокимлик қилган Авазбек Эргашев 2020 йил 21 декабр куни Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланганди.

Жорий йил 5 январ куни туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Баҳромжон Турсунов Қўрғонтепа тумани ҳокими лавозимини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди. 

Мавзуга оид