Жамият | 10:24 / 11.06.2024
4666
2 дақиқада ўқилади

Муқаддам 8 марта судланган шахс бемор ва масжид қурилишига хайриядан йиғилган пулларни ўзлаштириб юборди

У фирибгарлик билан эгалланган пулларни “1Xbet” интернет қимор ўйинига тикиб юборган.

Фото: iStock

Жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман судида ўтказилган суд мажлисида оғир бемор учун ва масжид қурилишига хайриядан йиғилган пулларни ўзлаштириб юборган фуқарога суд ҳукми ўқилди.

Суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, Хоразм вилоятида яшовчи, аввал ҳам турли жиноятларни содир этгани учун 8 марта (!) судланган Жасур Аллабердиев яна фуқароларни чув тушириб, пулларини ўзлаштирган.

У 2023 йилда Телеграмдаги гуруҳлардан бирида бемор фуқаролардан бирининг Ҳиндистонга бориб даволаниб келиши учун пул йиғилаётгани ҳақидаги эълонга кўзи тушиб қолади.

Пайтдан фойдаланган рецивидист бемор билан боғланиб, унга пул хайрия қилмоқчи эканини айтади. Сўнг уни алдаб карта маълумотларини қўлга киритади ва беморнинг банк картасидаги 7 млн сўм пулни қўлга киритиб, ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.

Ж.А. жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Андижон вилояти Жалақудуқ туманида қурилаётган масжид учун пул бермоқчилигини айтиб, бошқа бир фуқаронинг банк карта маълумотларини билиб олади ва унинг 2 млн сўм пулларини ўзлаштиради.

Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят ишлари қўзғатилади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан олиб борилган суриштирувлар давомида 2023 йил декабр ойида Жасур Аллабердиев қўлга олинади.

Суриштирувлар давомида Жасур Аллабердиев фирибгарлик билан ўзлаштирган пулларини “1Xbet” интернет қимор ўйинига тикиб юборгани аниқланган.

2024 йил 26 март куни ишни кўриб чиққан Жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман суди судяси Озод Неъматиллаев Жасур Аллабердиевни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми, “б” ва “г” бандлари билан айбдор деб топган ва унга 6 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид