«Эшикни маҳкам ушланг, йўқса, «Damas»дан тушиб қолишингиз мумкин...» — Чироқчидаги шифохона муаммолари
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Эски Анҳор тиббий ёрдам филиали ходимлари таҳририятимизга мурожаат йўллашган эди. Унга кўра, 20 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатаётган филиалнинг ўзига бугунги кунда зудлик билан ёрдам керак.
Kun.uz мухбири вазият билан танишиш мақсадида Чироқчи туман ҳокимлигидан 75 км узоқликдаги Эски Анҳор тиббий ёрдам пунктига борди.
«Бу пункт ҳудуддаги Айритом, Ободон ва Пахталисой маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисига хизмат кўрсатиб келмоқда, — дейди филиалдаги тез тиббий ёрдам бўлими бошлиғи Тоштурди Фозилов. — 1987 йилда шифохона сифатида қурилган ушбу маскан 2015 йилда Кўкдала 2-сонли шифохона филиалига айлантирилган».
Тоштурди аканинг айтишича, айни пайтда филиалда 4 та бўлим мавжуд: Тез ёрдам, туғруқ, амбулатор даволаш ва катталар-болалар терапия бўлимлари. У раҳбарлик қилаётган тез тиббий ёрдам бўлимида 1 нафар шифокор, 9 нафар фельдшер, 5 нафар ҳайдовчи, 11 нафар дори тайёрловчи, 13 нафар фаррош, 8 нафар диспетчер, 4 нафар навбатчи шифокор фаолият юритмоқда. 1 та «Damas» русумли автомашина мавжуд.
Маълум бўлишича, филиалда фақатгина шифокор Лола Очилова бошчилигидаги туғруқ бўлимидагина бемор қабул қилиш имконияти мавжуд. Бошқа бўлимлар талабга жавоб бермайди — таъмирталаб ҳолда. Амбулатор даволаш бўлими ходимлари соат 15:00 дан кейин ишда йўқ бўлганлиги туфайли уларни кўриш имконияти бўлмади. Катталар ва болалар бўлими эса шошилинч ёрдамга муҳтож аҳволда.
«Мен нафақадаман, — дейди Баҳри Бекмуродов. — 23 минг атрофидаги аҳолига шу филиал хизмат кўрсатмоқда. Айритом қишлоғи билан филиал орасидан тезюрар поезд ўтганлиги сабабли бизнинг қишлоққа тез ёрдам машинаси кўпинча кеч боради. Дорихона эса умуман йўқ».
«Филиалда битта автомашина бўлиб, хизмат қиладиган ҳудудимиз жуда катта. Филиал 30х25 километр диаметр майдонда 2008 йилда ажратилган «Damas» билан хизмат кўрсатмоқдамиз, — дейди ҳайдовчи Одир Ортиқов. — Камига поезд ўтаётганида 40 дақиқа атрофида йўл беркилиб қолади. Машина эскилиги сабабли йўлда бузилиши ҳам кўп. Пул деярли ажратилмаяпти. Ўз ҳисобимиздан таъмирлаяпмиз. 10 марталаб мурожаат қилганимизга қарамай, натижа йўқ. Ҳолбуки, қарийб Қарши шаҳри билан тенг майдонга хизмат қиляпмиз».
Ҳайдовчининг сўзларидан кейин автомашинани кўрдик. Машинанинг кузов қисми чириган, эшиклари деярли ёпилмас экан. Сайт мухбири эшикни ёпишга уриниб, ёполмаганидан сўнг ҳайдовчи ва шифокорлар ҳазил тариқасида «Ҳурматли бемор, эшикни ушлаб олинг, йўқса тушиб қоласиз, деймиз-да», дейишди ва эшикни ўзлари ёпди. Бу аслида кулгу учун айтилган бўлса-да, аслида эшикнинг ёпилиши қийинлиги ҳақиқатга яқинлигини англатиб турибди. Занглаб, чириб кетганлигини кўриб, миниб кўришга рости қўрқдик.
«Тиббий даволашга муҳтож инсонларга биринчи ёрдам кўрсатоламиз, холос, — дейди филиал навбатчи фельдшери Мақсуд Узоқов. — Кейин 70 километрдан ортиқ бўлган масофага, Чироқчи туман шифохонасига олиб борамиз. Кўкдаладаги 2-сонли шифохонада ҳам беморларни қабул қилишолмайди. Беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун туман марказига олиб борамиз. Бир марта бориб келсак, қанчалаб беморлар қаровсиз қолиб кетади. Яна машина ажратилса, мутахассислар етарли. Яқинда Айритомда бир мурожаатга боргунимизча бемор вафот этди. Улгурмаётганимиз учун аҳолининг ёнида қанчалар хижолат бўламиз. Рост-да, улар 800 минг ойликка ишлаётганимизни, эътибордан четда қолган ҳудуддаги филиалда ишлашимизни қаердан билишсин?!»
Филиалдан Чироқчи марказига қадар йўл равон бўлганида 87 дақиқа вақт кетади. Йўлнинг носозлиги, «табиий стопер»ларнинг ҳаддан ортиқ кўплиги инобатга олинса, камида 3,5–4 соатлик йўл экан. Агар ўша вақти поезд ўтиб қолса, яна 40-45 дақиқа кечикади.
«Биз ушбу филиалда 9 нафар фельдшер ва 4 нафар навбатчи шифокор 4,5 ставка иш ўрнида ишлаяпмиз, — дейди навбатчи фельдшер Холиёр Очилов. — 13 нафар фаррош 5 ставка ишни бўлиб ишлашади. Бизда мутахассис етарли, фақат даволаш учун шароит йўқ».
«Филиал қурилганидан буён бирор марта таъмирланмаган, — дейди тез ёрдам бўлими раҳбари Тоштурди Фозилов. — Умуман қайта таъмирлаш учун пул ажратилмаган».
«Биз ҳаттоки махсус кийимлар ҳам олганимиз йўқ, — дейди навбатчи фельдшер Шербек Норбеков. — Бизнинг филиал неча йилдирки, эътибордан четда. Таъмирлаш, машина ва жиҳозлар ажратишларини сўраб кўп марта мурожаат қилганмиз, лекин ҳеч ҳам натижа бўлгани йўқ. Ҳатто журналистлар ҳам кўп бора бу ердаги аҳволни кўрсатишганига қарамай, аҳвол ўша-ўша! Фақат янги ишчи олишади, холос».
Филиал печлар орқали қизитилишига гувоҳ бўлганимиз учун кўмир захираси билан ҳам қизиқдик. Хўжалик бекаси кўмирхона эшигини очганида 3 қоп кўмир қолганига гувоҳ бўлдик.
«Кўмиримиз деярли тугади, — дейди хўжалик бекаси Раиса Хўжамиёрова. — Яна буюртма берганмиз».
«Айритом» МФЙда 6 мингдан ортиқ аҳоли яшайди, — дейди МФЙ раиси Саид Қораев телефондаги суҳбатда. — Бизнинг тиббиёт филиали талаб даражасида эмас. Дорихона йўқ. Туман маркази узоқ. Неча марталаб мурожаат қилишимизга қарамай, ушбу масканга эътибор қилинмаяпти. Бизнинг қишлоқдаги пункт умуман қаровсиз».
«Ушбу филиалга маблағ ажратилган ёки йўқлигини билмайман, — дейди Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Одил Шайманов. — Раҳбар бўлганимга ҳали кўп бўлмади. Бош ҳисобчи ҳам ўзгарган. Автомобилни вилоят бошқармаси ажратади. Бизда ваколат йўқ».
Конституциямизга кўра, ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. 20 минг аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш учун маблағ ажратилишига умид қиламиз. Чироқчи тумани марказидан 75-80 километр узоқликдаги Айритом, Ободон ва Пахталисой маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисининг тақдирига мутасаддилар беэътибор бўлмаслигига ишонамиз.
P.S. Шифохонанинг ҳолатини тасвирга олиб, жамоа билан суҳбатлашиб, кечга яқин қайтдик. Қайтганимизда кайфияти тушкун ҳолда Шербек Норбеков қўнғироқ қилди. Кечки соат 7:00 да ўзини ИИБ участка нозири Аҳрор Дўстқулов деб таништирган киши ундан раҳбарлари мурожаат юзасидан сўрашаётганини, тезда бориши кераклигини айтаётганини хабар қилди.
Масаланинг қизиқ томони, Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулова билан боғланганимизда Чироқчи туман ИИБ раҳбарияти чақирмаганини аниқлаштириб берди. Қизиқ, ички ишлар органлари мурожаат қолиб, мурожаатчи билан шуғулланишларини қачон бас қилишади?
Ўролжон Камолов, Kun.uz мухбири.
Фотолар муаллифи Мақсуд Музаффаров.
Мавзуга оид
18:04 / 06.11.2024
Тахтақорача довонида Cobalt’ни тош босиб қолди. Қурбонлар бор
18:06 / 17.10.2024
Қашқадарёда судя ёрдамчиси ўзини ишдан бўшатган суд раиси устидан шу судга даъво киритди
09:45 / 10.09.2024
Жиззахда уч ака-ука шифохонада безорилик қилди
12:46 / 09.08.2024