Иқтисодиёт | 20:22 / 12.02.2021
1535
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда йил бошидан буён 8,5 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди

Январ ойида ҳудудлардаги тадбиркорлик фаолияти таҳлил қилинди. Солиқ тушумлари ҳажми 27,3 фоизга, божхона тўловларидан тушумлар миқдори 35,3 фоизга ошган. Йил бошидан бери республикада 8 минг 440та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жорий йилнинг январ ойида ҳудудлардаги тадбиркорлик ҳолати бўйича мониторинг ўтказди.

Марказнинг жамоатчилик билан алоқалар хизмати хабарига кўра, мониторинг натижалари 1 январдан 31 январгача бўлган даврда солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,3 фоизга ўсганини кўрсатган.

Солиқ тушумларининг сезиларли даражада ўсиши Жиззах (19,2 фоизга), Хоразм (15,8 фоизга), Сирдарё (9,4 фоизга) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (10,1 фоизга) кузатилган.

Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловларидан тушумлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35,3 фоизга ошган.

Божхона тушумларининг ҳудудлар кесимида энг катта ўсиши Жиззах (2,4 марта), Фарғона (2,4 марта) ва Самарқанд (1,1 марта) вилоятларида кузатилган.

Шунингдек, йил бошидан буён товарларни экспорт қилиш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,1 фоизга ошган.

Товарлар экспорти ҳажмининг фаол ўсиши ҳудудлар ўртасида Навоий (4 баравар), Андижон (2,1 баробар), Жиззах (95,5 фоиз), Сирдарё (80,8 фоиз) ва Хоразм (70,9 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

Тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми таҳлил қилинган даврда 4,3 фоизга ўсган, шу билан бирга, жорий даврда қайтарилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпайган.

Йил бошидан бери республикада 8 минг 440та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган, уларнинг энг кўп сони Қашқадарё (1 минг 204та), Тошкент (757та), Самарқанд (672та), Фарғона (664та) вилоятларида ва Тошкент (1 минг 572та) шаҳрида рўйхатдан ўтган.

Таҳлил қилинган даврда республика товар-хомашё биржасидаги битимлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40,5 фоизга ошган.

Ушбу даврда мамлакатнинг барча минтақаларида биржа фаоллигининг ўсиши қайд этилган. Шунингдек, Бухоро (ўсиш 94,1 фоиз), Сирдарё (89,6 фоиз) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (75,3 фоиз) сезиларли ўсиш кузатилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид