Жамият | 21:05 / 13.02.2021
7276
2 дақиқада ўқилади

Оҳангарондаги колонияда маҳбус калтаклангани айтилмоқда. Суд-тиббий экспертизаси тайинланди

11 февраль куни ОАВда Оҳангарондаги 48-сонли манзил-колонияда маҳкум Файзулло Маюнусов тезкор ходимлар томонидан аёвсиз калтаклангани ҳақидаги хабар тарқалди.

Фото: РИА Новости

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, маҳкумга нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

«Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича сектор ходимлари Тошкент вилоятидаги 48-сон манзил-колонияга бориб, маҳкум Маюнусов Файзулло Ҳасан ўғли билан якка тартибда суҳбат олиб боришди.

Суҳбат якунлари бўйича маълумотнома тайёрланиб, тўпланган ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилди ва улар томонидан экспертларни жалб этган ҳолда суд-тиббий экспертизаси ўтказилиши белгиланди.

Мазкур ҳолат Омбудсман назоратига олинган бўлиб, вазиятга ойдинлик киритилгач, натижаси бўйича ОАВга батафсил маълумот тақдим этилади», – дейилади ахборотда.

Sof.uz хабарига кўра, Файзулло Маюнусов 1991 йилда Андижон вилояти Избоскан туманида туғилган. У 6 йилга ҳукм қилинган бўлиб, қамоқхонада телефон ишлатгани учун «майор ва оперлар» томонидан калтаклангани айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳозирча расмий ахборот бергани йўқ.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид