Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қийноққа солиш, шафқатсиз ва ғайриинсоний муомалада бўлиш ҳолатлари бўйича Омбудсманга мурожаатлар охирги 4 йилда 7 баробарга ошди
2020 йилда Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 14 624 та (2019 йилда 12 822 та) мурожаат келиб тушган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракцияларида бўлиб ўтган Омбудсманнинг 2020 йилги фаолияти якунларига бағишланган ҳисоботида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) номига келиб тушган мурожаатларнинг 1 563 таси қамоқда сақлаш жойларидаги шахслар ва уларнинг қариндошлари томонидан йўлланган.
Бу мурожаатларнинг 485 таси почта, 483 таси қамоқда сақлаш жойларида ўрнатилган «Омбудсман қутиси», 293 таси Омбудсманнинг «Ишонч телефони», 238 таси Омбудсман ҳузурида Миллий превентив механизм доирасида фаолият олиб борувчи жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган Эксперт гуруҳи томонидан ўтказилган мониторинглар давомидаги сайёр қабуллар, 43 таси Омбудсман томонидан ўтказилган шахсий қабуллар, 12 таси Омбудсманнинг электрон сайти ва 9 таси Президент виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган.
Мурожаатларнинг 405 таси Бош прокуратурага, 390 таси Олий судга, 212 таси Ички ишлар вазирлигига, 63 таси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, 493 таси бошқа мутасадди вазирлик ва идораларга юборилган.
Қамоқда сақлаш жойларидаги шахслар ва уларнинг қариндошлари томонидан келиб тушган мурожаатларнинг 650 таси ёки 41,6 фоизи Омбудсман томонидан алоҳида назоратга олинган ҳолда кўриб чиқилган ва қаноатлантирилган.
Шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилгани масаласида йўлланган мурожаатлар сони охирги 4 йилда ортган. Хусусан, 2020 йилда 184 та ана шундай (2019 йилда 138 та, 2018 йилда 101 та, 2017 йилда 24 та) шикоят Омбудсман номига келиб тушган.
Ушбу шикоятларнинг 95 тасида ёки 51,7 фоизи суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатлари давомида, 86 таси ёки 46,7 фоизи жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида ҳамда 3 таси ёки 1,6 фоизи ички ишлар органларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида рўй берган.
- Куни кеча Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ЖИЭМлардаги қийноқлар мавзусида фикр билдирган эди.
- Депутатнинг айтишича, қамоқхоналардаги қийноқ ҳолатлари аниқланмай қолаётганининг сабабларидан бири – бу борада тегишли хулосани берувчи тиббиёт ходимлари Ички ишлар вазирлигига бўйсунишидир. Қамоқхоналардаги тиббиёт ходимларини ИИВ эмас, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўйсунувига ўтказиш ҳақида ўтган йили омбудсман киритган таклиф очиқ қолган.
Мавзуга оид
14:12 / 28.04.2025
Қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни тезкор текшириш механизми жорий этилади
12:17 / 26.03.2025
Пискентдаги колонияда асоссиз интизомий бўлинмага киритиб қўйилган маҳкум Омбудсманга шикоят қилди. Унинг танасида лат ейиш аломатлари аниқланган
20:36 / 18.03.2025
2024 йил Ўзбекистонда Омбудсманга қилинган мурожаатлар сони 23 мингдан ортиб кетди
17:35 / 18.11.2024