Жамият | 20:28 / 17.02.2021
2706
2 дақиқада ўқилади

Соғлом турмуш тарзи платформаси апрелгача ишга тушади

2021 йил апрелгача Соғлом турмуш тарзи интернет-платформаси ишга туширилади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тақдим этган жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид 2021 йилги режалар тўғрисидаги маълумотда айтилган.

Унга кўра, аҳолини кунлик юриш ва югуриш, велосипедда юришга тарғиб қилиш мақсадида 2021 йил давомида республика бўйича жами узунлиги 916 км бўлган «Саломатлик йўлаклари» барпо этилади.

Айни пайтда ҳар бир ҳудудий ҳокимликларнинг бу масалада амалга ошириладиган дастурлари тасдиқланган.

«Саломатлик йўлаклари»ни барпо этиш билан бирга, 2021 йилнинг апрелига қадар соғлом турмуш тарзини ифодалайдиган www.1hls.uz интернет-платформаси тўлиқ ишга туширилади. Натижада аҳолини кунлик юришга тарғиб қилиш ҳамда антропометрик кўрсаткичларини яхшилаш тизими яратилади.

2021 йил якунига қадар жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчи аҳолининг умумий сонини ҳозирги 19 фоиздан 25 фоизга етказилади. Бунда 2021 йилнинг 1-чорагида 20 фоизга, ярим йилликда эса 22,5 фоизга етказиш режалаштирилган.

Аввалроқ, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида кураш маҳорати мактаблари ташкил этилиши хабар қилинган эди.

2021 йилда Ўзбекистонда аҳолининг жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги даражасини белгиловчи «Жисмоний тайёргарлик даражаси» синовлари жорий этилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид