Жамият | 17:25 / 18.02.2021
9214
7 дақиқада ўқилади

Янги бинода ўқувчи кўпайса, эскисига кўчишади — яккабоғлик ўқувчилар икки мактаб ўртасида сарсон

Келажагимиз эгалари бўлмиш болаларнинг шароити йўқ, таъмирталаб бинода ўқиётгани баён этилган навбатдаги мурожаат Kun.uz мухбирларини Яккабоғ туманининг энг чекка тoғли қишлоқларидан бири — Гулдарага етаклади.

Мурожаат эгалари Дарё маҳалласида фаолият юритаётган 57- мактабнинг янги биноси бўлишига қарамай, болалар пахсадан қурилган, хароб аҳволга келиб қолган эски мактабда таҳсил олишга мажбур бўлаётганини маълум қилганди.

Баланд тоғлар бағрида жойлашган маскан бир қарашда ҳеч кимда эски экан, деган тасаввурни уйғотмайди. Чунки 2009 йилда қуриб битказилган бино эски бинони тўсиб туради. Энг катта муаммо ҳам шу: 57-мактабнинг янги биноси бор. Унга қўшимча шароит шарт эмас, деган тушунча айрим масъулларнинг доимий важи бўлиб келмоқда.

Унда ўқувчилар нега эски мактабда ўқишга мажбур бўлмоқда? Мактабдаги аҳволни ўрганиш ишлари давомида бизда пайдо бўлган биринчи савол шу бўлди. Чунки пахсадан қурилган бинодаги аҳвол қониқарли даражада эмас.

Энг биринчи муаммо, бу — бино электр таъминотига уланмаган. Бирор синфхонада чироқ йўқ. Мактаб қоп-қоронғи. Парта ва жиҳозларни кўрганимизда эса аҳвол бизга юборилган мурожаатдаги суратлардан ҳам кўра ёмонроқ эканига гувоҳ бўлдик.

Беихтиёр ўқувчиларнинг фикри билан ҳам қизиқамиз: Бир ўқувчи «бизда ҳаммаси жойида, фақат парта ва стулларимиз эски», деса, бошқаси «нолимаймиз, синфхоналаримиз иссиқ», деб жавоб беради. Яна бири «биз ҳам замонавий биноларга ўқишга ҳақлимиз-ку?» деган ҳақли саволни қўяди.

Чиндан ҳам, нега мактаб иккига бўлиняпти? Нега янги бино бўла туриб айрим синфлар эскисида ўқияпти?

Шу саволлар билан директор ўринбосари Толмас Узоқбоевга юзландик.

«Мактабда 329 нафар ўқувчи икки сменада ўқийди. Мактабнинг эски биносида 5–6 та синф ўқийди. Янги бинода 7 та хона бор, 2 таси «кабинет». Агар эски бинодан фойдаланмасак, янги бинода 3 сменада ўқитишга мажбур бўламиз. Бизнинг қишлоққа тоғнинг орқасидан ҳам болалар келади. Ўқувчилар 4–6 километр узоқликдан қатнайди», — дейди директор.

Толмас Узоқбоевнинг қўшимча қилишича, эски бино таъмирлаш бўйича умуман рўйхатга киритилмаган. Масъуллар бу бинода ўқувчиларга дарс ўтилишидан ҳам хабари йўқ. Хабари бўлса ҳам, асосий важ янги бино қуриб берилгани бўлади.

«Бу реконструкцияга берилмаган, пахса девор ҳашар йўли билан қурилган. Эски бино умуман рўйхатда ҳам йўқ. Ҳар йили янги бинога маблағ ажратилади, лекин эскиси ҳашар йўли билан таъмирланади. Қоровул, боғбон, хўжалик мудирлари ҳашар йўли билан таъмирлайди.

Янги бинода ўқувчи кўпайса эскисига кўчирамиз. Камроқ ўқувчи бор синфлар эски бинода ўқийди. Қарасангиз бошланғич ҳам, катта синф ҳам ўқияпти. Пахса деворли мактаблар бўйича комиссия келганини кўрмадим. Туман ҳокимлиги қурилиш бўлимидан 2020 йил сентябр ойида келишди, лекин ўзгариш бўлгани йўқ», — дейди мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Толмас Узоқбоев.

«Эски мактабимиз тагида тош девор терилган, лойдан қилинган. Таъмирлагунча лой сувасак, тўкилиб кетяпти. Бетон йўқ. Пойдевор тош-лой, тош-лой қилиб терилган. Таъмирлаш учун маблағ ажратилмайди», — дейди 57-мактаб қоровули Асрор Дўстов.

Мактабда яна бир муаммо бор. Тоғлик ўқувчилар жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун шароит йўқ. Аввал реконструкция қилинган-у, спорт зал масаласи ижобий ҳал бўлмаган.

Спорт майдони ҳам талабга жавоб бермайди. Майдон орти жарлик. «Стадионда футбол ўйнаса, жар бор экан-ку, хавфсизлик масаласи қандай бўлади?» деган саволимизга Т.Узоқбоев қуйидагича жавоб берди:

«Фақат шахмат-шашка, арм-рестлинг ўйнаймиз, гантел кўтарамиз. Ушбу спорт майдонини 2008 йилда пул ташлаб, қурувчилардан илтимос қилиб қилдирганмиз. Жарга тўп тушиб кетса, болалар 5 дақиқада олиб келади. Бошқа иложи йўқ-да! Шароитимиз шу. Директор таклиф берилган, деди».

Хабарингиз бор, Президентимиз Қашқадарёда бу каби оғир мактабларни таъмирлаш учун 2021 йилда республика бюджетидан 250 млрд сўм маблағ ажратилишини маълум қилганди.

Президент топшириғига кўра, бу йил вилоятимизда пахсадан қурилган, таъмирталаб мактаблар таъмирланиб, жиҳозланади.

Хўш, дастур асосида Яккабоғдаги 57-мактабда ҳам қурилиш- реконструкция ишлари амалга ошириладими?

Шу савол билан биз Яккабоғ тумани халқ таълими бўлими мудири Узоқ Нурматовга боғландик. Бўлим мудири ўқувчилар хароб аҳволга келиб қолган бинода таълим олаётганидан хабардор эмаслигини таъкидлади.

У.Нурматовнинг айтишича, мактаб таъмирланиши 2021 йилда режалаштирилмаган.

«57-мактаб 2009 йилда капитал реконструкция бўлган. 180 ўринли мактаб қурилган. Ҳозир 325 та ўқувчиси бор. Икки сменада ўқияпти», — дейди у.

Халқ таълими бўлими мудирининг берган маълумотига таянадиган бўлсак, демак ҳали бери бу мактабдаги вазият тўлиқ ўрганилмайди.

Айрим масъуллар эса янги биноси бор деб эски бинода ўқиётган ўқувчиларни кенг жамоатчиликдан яширади. Мактабга «комиссия» келса, янги мактаб кўрсатилади-да, эскисини ҳеч ким эсламайди. Агар шундай бўлмаганда, деворлари захлаб кетаётган, томидан чакки ўтаётган, поллари тешилиб, парталари синиб қолган бу мактаб ҳақида аввалроқ қайғуришган, муаммонинг ижобий ечимини излаб кўришган бўлар эди?

Сўзимиз охирини бизга ҳаммасини очиқ айтишдан қўрқмаган директор ўринбосарининг қуйидаги сўзлари билан якунлашга қарор қилдик. Хулоса ўзингиздан:

«Яккабоғлик қиз чемпион бўлганида, олтин медал олганида, президентимизга 27 та мактабда спорт зал қуриш таклифи берилганида роса хурсанд бўлганман. Бизнинг мактабда ҳам спорт зал қуриларкан, деб. Халқ мурожаат қилиб тўғри қилган. Ўзим 1997 йилдан буён жисмоний тарбия фанидан дарс бераман. Тушларимга киради — қачон спорт залда дарс ўтарканман деб. Нафақамга 6-7 йил қолди. Шу йиллар ичида қурилиб қолса, зора мен ҳам спорт кийимда дарс ўтсам», — дейди Толмас Узоқбоев.

Ўролжон Камолов тайёрлади.
Суратлар муаллифи – Дилшод Набиев.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид