Фан-техника | 11:16 / 21.02.2021
13751
3 дақиқада ўқилади

Париж аэропортларда водород даврини бошлаб бермоқда

Airbus ва Air France-KLM компанияларининг танлови бошланди. Ғолиб 2035 йилга қадар водород двигателли самолётларга хизмат кўрсатиш учун Париж аэропортларини қайта жиҳозлайди.

Келажакка назар

Airbus ва Air France-KLM компаниялари ва ADP аэропортлар гуруҳи Париж аэропортларида «водород тугунлари» деб аталмиш лойиҳаларни амалга оширишга киришди. Choose Paris Region агентлиги кўмаги билан халқаро танлов эълон қилинди. Танлов водородда учувчи келажак самолётларини тўлдириш учун аэропорт экотизимини яратишга қаратилган.

Airbus келажак барқарор авиациясининг кўринишини амалга ошириш ва ифлосланишсиз парвозларни тижорий йўлга қўйиш учун қатъий қарорга келган.

«Водородли двигателлар келажаги энг порлоқ технологиялардан бири. Бу мақсадларимизга эришишда ёрдам беради, бироқ буни якка ўзимиз уддалай олмаймиз. Бу инқилоб ҳам бизнинг назорат қилувчи ва бутун дунёдаги инфратузилмавий экотизимлар ўзгаришини талаб қилади. Аэропортлар бугунданоқ бундай ўзгаришнинг таъминланишида муҳим рол ўйнашлари шарт ва биз очиқ инновациялар ташаббуси ижодий лойиҳалар ва ечимларга туртки бўлишига умид қиламиз», дея баёнот берган Airbus’нинг техник масалалар бўйича вице-президенти Жан-Брис Дюмон.

Ўзи нималар бўляпти ва биз қачон водородда уча оламиз? Аслида бу каби жиддий инфратузилмавий ўзгаришлар кейинги 5-10 йил ичида содир бўлмайди. Париж аэропортларининг қайта жиҳозланиши Airbus ва Air France KLM’нинг водородли двигателларга ўтишга бўлган стратегик мақсадларини аниқ баён қилади.

2020 йилда Airbus компанияси ZeroE лойиҳаси доирасида концепцияси ишлаб чиқилаётган уч экологик самолётни намойиш қилди. 2035 йилга бориб эса, водород двигателли кичик фюзелажли авиалайнер ишлаб чиқилади.

Расман водородда учувчи илк самолётнинг тижорий парвози бўлиб ўтган. Ўтган йилнинг сентябрида водород ёқилғиси билан учувчи M-классдаги Piper самолёти Буюк Британия узра 20 дақиқа учиб ўтганди. Бу воқеа янги дунё рекорди эмас, бироқ водород технологияларини ишлаб чиқишда муҳим қадам бўлган. Водородда учувчи самолётнинг илк муваффақиятли парвози 2016 йили Германиянинг Штутгарт шаҳрида бўлган. Синовларга мўлжалланган HY4 самолётининг намунаси Германия аэрокосмик марказида яратилган ва тижорий парвозларга даъво қилмаганди.

Водородли транспортлар тугуни

Танлов шартларига мувофиқ, аэропортлар ўртасида суюқ ва газсимон водородни сақлаш, ташиш ва тақсимлаш воситалари ташкил қилинади. Суюқ водородни қуйиш жараёнида тарқаб кетган газсимон водородни тўплаш ва карбонсизланган водородни ишлаб чиқариш жараёнида кераксиз қисмни ажратиб олиш мақсадида ёпиқ айланани ташкил қилиш мажбурийдир.

Идеал Парижнинг барча аэропортларида темир йўл ва қувват билан таъминлашгача қайта тикланувчи энергия асосида экологик тоза ерусти транспорт воситаларидан фойдаланиш назарда тутилган.

Мавзуга оид