Иқтисодиёт | 11:52 / 22.02.2021
5470
2 дақиқада ўқилади

Француз компанияси Тошкентда сув таъминотини ривожлантириш учун 145 миллион евро ажратади

Франциянинг Suez компанияси Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш ва ривожлантириш юзасидан лойиҳаларни амалга оширади. Хусусан, Тошкентда сув таъминотини ривожлантириш учун 145 миллион евро пул ажратилади.

20 феврал куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ва Франциянинг Suez компанияси вице-президенти Эрик Гебали учрашув ўтказди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати маълум қилишича, учрашувда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш ва ривожлантириш юзасидан лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Франция компанияси Тошкент шаҳрининг сув таъминоти тизимини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш учун 145 миллион евро миқдорида маблағ ажратишини маълум қилган.

Бундан ташқари, Франция томони Ўзбекистонда бир қатор ижтимоий йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш бўйича режалари ҳақида маълумот берди. Хусусан, улардан бири Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги умумтаълим мактабларини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси ҳисобланади. Лойиҳа компания томонидан грант асосида ажратилган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Шунингдек, француз компанияси шаҳар ва қишлоқ жойлардаги аҳоли пунктларининг ичимлик суви таъминоти тизимини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурини амалга оширишга тайёрлигини билдирган.

Аввалроқ, Вазирлар Маҳкамасининг «Франция тараққиёт агентлиги иштирокида «Шаҳрисабз ва Китоб шаҳарларида канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси эълон қилинганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид