Ўзбекистон | 17:01 / 22.02.2021
33354
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилояти ҳокимлигидаги мансабдор бир қанча хусусий компанияларга эгалик қилиши маълум бўлди

Сурхондарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг котибияти мудири Аслиддин Баҳодирович Менглиев бир вақтнинг ўзида бир қанча компанияларга эгалик қилиб келмоқда.

Davletovuz канали муаллифининг ёзишича, Аслиддин Менглиев барчаси охирги 3-4 йилда очилган ушбу корхоналарнинг айримларига раҳбарлик ҳам қилади.

Менглиев зираворлар, хушбўй, кучли наркотик ва фармацевтика экинларини етиштириш билан шуғулланадиган «BONU-ELSHOD» хусусий корхонасининг 100 фоизлик; ёғоч, қурилиш материаллари ва санитария-техник ускуналар улгуржи савдоси билан шуғулланадиган «JANUB EKSPORT» МЧЖ корхонасининг ҳам 100 фоизлик; яна худди шундай фаолият билан шуғулланадиган «JANUB SUV-INVEST QURILISH TA'MIR» МЧЖ корхонасининг 100 фоизлик; қишлоқ хўжалик хомашёси, тирик ҳайвонлар, тўқимачилик хомашёси ва ярим фабрикатлар улгуржи савдоси бўйича агентлар фаолияти билан шуғулланувчи «OBOD-YURT TOMORQA XIZMATI» МЧЖнинг 50 фоизлик таъсисчиси ҳисобланади.

Канал муаллифининг фикрича, бу корхоналар бюджет буюртмалари ва давлат харидларида иштирок этган-этмагани муҳим эмас, муҳими – давлат хизматчилари, айниқса, мансабдор шахсларнинг бизнесдаги иштироки нафақат тадбиркорлик фаолияти билан, айни пайти улушдорлик нуқтайи назардан ҳам тақиқланиши керак.

«Манфаатлар тўқнашуви ниҳоят жиноят сифатида эътироф этилиши, айни пайтда унга жазо кўзда тутилиши лозим. Давлат хизмати тўғрисидаги, коррупция тўғрисидаги қонунлар, шунингдек, жиноят қонунчилиги, модомики коррупцияга қарши курашиш рост бўлса, шу қоидаларни инобатга олган ҳолда тезроқ тўлдирилиши, муттасил такомиллаштирилиши керак. Ҳозирча фақат депсиниб турганга ўхшаймиз», – дейди блогер.

Kun.uz бу масалада ҳокимлик позицияси билан қизиқиб, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати билан боғланди. Ҳозирча бу масалада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг тегишли қарори билан тасдиқланган, давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари учун мажбурий бўлган одоб-ахлоқ қоидаларининг 15-бандига кўра, давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.

Мавзуга оид