Иқтисодиёт | 16:15 / 23.02.2021
1870
2 дақиқада ўқилади

Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳада Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда камида 100 миллион АҚШ долларидан иборат Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши кўзда тутилган.

Унда Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этиладиган ҳудудлар белгиланган. Шунингдек, Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарига тижорат банкларини бириктириш таклифи маъқулланган.

Ҳужжатда белгиланишича, Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудида энг кўпи билан 500 квадрат метргача бўлган ер майдонлари, истисно тариқасида, электрон аукцион савдоси ўтказмасдан, шаҳар ва туман ҳокимлари томонидан ажратилади ва фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларидан ошмаган миқдорида ижарага берилади.

Шунингдек:

  • молиявий ресурслар битта ёш тадбиркорлик субъекти учун 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда тақдим этилади;
  • тижорат банклари миллий валютадаги кредитларни ўз маржаси миқдорини 4 фоиздан оширмасдан йиллик 11 фоиз миқдорида, хорижий валютадаги кредитларни ўз маржаси миқдорини 2 фоиздан оширмасдан йиллик 4 фоиз миқдорида ажратади;
  • жамғарма ҳисобидан тижорат банкларига ёш тадбиркорик субъектлари учун бино қуришга бериладиган молиявий ресурслар миллий валютада йиллик 7 фоиз миқдорида тақдим қилинади;
  • тижорат банклари томонидан ёш тадбиркорлик субъектларига биноларни лизинг асосида бериш миллий валютада йиллик 11 фоиз миқдорида амалга оширилади.

Истисно тариқасида, Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳудудларида амалга оширилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда 2023 йил 31 декабрга қадар тижорат банклари ажратадиган кредитларининг камида 25 фоиз миқдори учун ёш тадбиркорлик субъектлари томонидан кафилликлар тақдим этилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид