Миршаблар давридан то ҳозиргача: Тошкент милициясининг «Шон-шараф» музейига саёҳат
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида ташкил қилинган «Шон-шараф» музейи – ички ишлар органлари фаолияти тарихи, соҳа ходимларининг уч аср олдинги кўринишидан тортиб, то бугунги фаолиятигача ҳикоя қилади.
Экспонатлар таркибида бошқарма шахсий таркибининг турли йиллардаги хизмат кийимлари, табел қуроллари, ускуна ва махсус воситаларидан намуналарни кўриш мумкин.
Музей 4 бўлимдан иборат. 1-бўлимдан Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш тизимининг вужудга келиш тарихига доир экспонатлар ўрин олган. Собиқ иттифоқ даврида ички ишлар органлари фаолиятига тегишли экспонатлар эса 2-бўлимга жойлаштирилган.
3-бўлим мустақиллик йилларида Тошкент шаҳар ИИББ тизимидаги ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилса, 4-бўлим пойтахт ИИББ соҳавий хизматлари, туманлар ИИО ФМБлари фаолияти ҳақида маълумот беради.
Музейда жами 54та стендда, 1та сенсорли инфокиоскда ички ишлар органлари тарихи ва фаолиятига оид лавҳалар намойиш этилган.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси кадрлар бошқармаси бош инспектори капитан Элбек Нормўминов музейда жойлаштирилган экспонатлар ва уларнинг келиб чиқиш тарихи ҳақида маълумот берди.
Унинг ҳикоя қилишича, XVIII асрга келиб, Тошкент шаҳри баланд мудофаа девори билан ўраб олинган ва шаҳарнинг 12та дарвозаси бўлиб, 4 даҳага бўлинган. Булар – Кўкча, Бешёғоч, Себзор ва Шайхонтоҳур даҳаларидир. Ҳар бир даҳада осойишталикни, аҳолининг тинчлигини таъминлаш учун миршаблар фаолият олиб борган.
Миршаб сўзи «тунги шаҳар соқчиларининг бошлиғи» деган маънони билдиради. Тарихий манбаларда айтилишича, XVIII–XIX асрларда Тошкент кўчаларида миршаб ва миршаббошилар кеча-ю кундуз, ҳозирги тилда айтганда патруллик қилиб, жамоат жойларида, аҳоли гавжум жойларда жамоат тартибини сақлаш, турли жанжаллар, бозорлардаги тош-тарозиларнинг тўғрилигини текшириш, жиноят ё ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни тартибга чақириш ва суд томонидан уларга тайинланган жазони ижро этиш каби вазифаларни бажарган.
«Бу ерда дастлабки миршабнинг қиёфасини экспозиция орқали кўрсатишга ҳаракат қилдик. 4та даҳанинг ҳар бирида 10 нафардан миршаб фаолият олиб борган. Уларнинг ҳар бирига бир нафардан миршаббоши бошчилик қилган.
Туркистон минтақасида 1917 йилдаги октябр тўнтаришига қадар шундай тартиб амалда бўлган», – дейди у.
Музейда 1000га яқин ашёлар жойлаштирилган
Экспонатлар 410таси – хизмат фаолиятида қўлланилган техника (автомобил, мотоцикл), ускуна ва жиҳозлар, қурол-аслаҳалар; 100дан ортиғи – жиноят ишларига алоқадор далилий ашё сифатида олинган буюмлар (ўқотар ва совуқ қуроллар, қўлбола портловчи мослама макетлари), 38таси – турли йилларга оид формали кийим-бошлардир.
Музейда ички ишлар органлари фахрийлари, хизмат бурчини адо этиш пайтида ҳалок бўлган ходимларга бағишланган алоҳида бўлим ҳам бор.
Мавзуга оид
23:05 / 22.11.2024
Франциядаги музейдан 7 млн евролик заргарлик буюмлари ўғирлаб кетилди
16:05 / 17.10.2024
Мисрда дунёдаги энг қиммат музей очилди. Уни қуришга қарийб 20 йил вақт кетди
20:41 / 08.10.2024
Нидерландияда музей ходими металл банкалар кўринишидаги арт-объектни ташлаб юборди
00:11 / 18.08.2024