Жамият | 19:31 / 28.02.2021
31425
8 дақиқада ўқилади

«Фарзанди бўла туриб, бу ерга келиб қолганларга жуда ачинаман» — қариялар уйидан репортаж

Қариялар уйи. Афсуски, бу тушунча ўзбек халқига бегона эмас. Кимдир ота-онасини, яқинларини бу ерга ташлаб кетади. Ушбу ҳолатлар нима учун рўй беряпти? Нима сабабдан одамлар бир-бирига бемеҳр бўлиб бормоқда? Kun.uz мухбири ўксинган қалбларга бироз малҳам бўлиш мақсадида иккинчи марта қариялар уйига ташриф буюрди.

Самарқанд шаҳридаги "Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган инсонлар учун интернат уйига ташриф буюрдик. Ушбу муассасада 138 нафар кекса ва ногиронлиги бор шахслар истиқомат қилишади. Бундан аввал Оҳангарон шаҳридаги муассасада бўлгандик. Бу сафар ҳам ҳаётий кечинмалар сизни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.

“Фарзандим бўлганида бу ерга келмасдим”

Малика Шодмонова, 60 ёш:

“Булунғур туманиданман. Бу ерга 2003 йилда келганман. 2 марта турмуш қилганман. Биринчи турмушимдан 2 фарзандли бўлдик. Лекин иккиси ҳам вафот этди. Бири туғма касалликдан, бири қўшнимизнинг кучугидан қаттиқ қўрққанидан юраги тойиб оламдан ўтди. Кейин орада турмуш ўртоғимдан ҳам ажралдим. У ерда мени ушлаб турадиган ҳеч нарса бўлмагач, амакимнинг ўғлиникида оиласи билан 3-4 йил яшадим. Ота-онам узоқ йиллар олдин вафот этишганди. Бу вақт оралиғида инсультга чалиниб қолдим. Ўнг тарафим ишламай қолди.

Малика Шодмонова

Ака-опаларим дори-дармонларимга қарашди. Улардан миннатдорман. Касал бўлганингиздан кейин атрофдагиларга малол келгандай бўларкансиз. Менда ҳам шу ҳолат бўлди ва яқинларимга оғирлигим тушмаслиги учун қариялар уйида яшаш учун ҳужжатларимни тайёрладим. Бу қароримга опам қарши бўлиб, ўзининг уйига чақирди. Лекин у ерга боролмасдим, чунки унинг оиласи, турмуш ўртоғи бор. Ортиқчалик қиламан, деб унамадим.

Бу ерга келгач, иккинчи марта турмуш қурдим. Эрим болалар уйида улғайган. У ҳам ёлғиз эди. Бир-биримизга меҳримиз тушиб қолди, оила қурдик. Шундан бери бахтли яшаб келяпмиз.

Қариялар уйида 8 нафар фарзанди бор инсонлар ҳам бор. Ўн фарзанди бўлган отахон ҳам яшарди, яқинда оламдан ўтди. Бундай инсонларнинг ҳолатини кўриб ҳайрон қоламан, хафа бўлиб кетаман, ачинаман.  Менда ҳеч бўлмаганда битта фарзанд бўлганида эди, бу ерларга келмаган бўлардим. Фарзанди борларга ҳавасим келади. Бир оиланинг бекаси бўлиб яшаш ниятим бор эди. Афсуски, ундай бўлмади”.

“Кимга қанча куч билан зарб берсанг, сенга шунча акс-садо қайтиб келади. Бу қайтар дунё”

Аҳмад Ҳамроев, 62 ёш:

“Ёшим 62да. Бухоро вилояти, Когон туманиданман. Маълумотим олий. Ўзбекистон Миллий университети (аввалги ТошДУ) физика факультетининг ядро физикаси ва космик нурлар мутахассислигини тугатганман. Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтида дарс берганман. Кейин вилоят комсомол қўмитасида ишчи ёшлар бўлими инструктори бўлиб ишлаганман. Сўнгра оилавий шароит туфайли Тошкент шаҳрига кўчиб ўтганман. Уй-жой коммунал соҳасида уста лавозимидан бошқарма бошлиғигача бўлиб ишлаганман.

Аҳмад Ҳамроев

Биринчи оиламдан 2 нафар, иккинчисидан 1 нафар фарзандим бор. Биринчи рафиқам тошкентлик эди. Мен эса бухоролик. Ота-онам вафот этгандан кейин Бухорога қайтишга тўғри келди. Рафиқам қайтишни хоҳламади ва биз тинч йўл билан ажрашдик. Шундай қилиб мен Бухорога қайтиб кетдим ва бошқа оила қурдим. Фарзандларим Тошкентда қолди онаси билан. Катта ўғлим АҚШда. Қизим Тошкентда яшайди, дизайнер. Курашчи Абдулла Тангриевга турмушга чиққан. Невараларим бор.

Иккинчи оиламдан ўғлим Англиянинг Манчестер университетида магистратура босқичида ўқийди. Иккинчи оилам билан турмушимиз ёмон ўтмаган. Бу орада рафиқам вафот этди. Кўзим ожиз бўлгани учун бу менга янаям оғир бўлди. Яқинларимга оғирлигимни туширмаслик учун 2011 йилда шу ерга ҳужжатларимни тайёрлаб келдим.

2007 йилда май ойининг охирги кунларида гипертония касаллигим туфайли кўзим капиллярлари нервлари ёрилиб, кўз нуридан ажралдим. Малакали шифокорлар кўригига бориб даволанишга ҳаракат қилдим. Операция қилиб фақат битта кўзимни сал хирароқ кўрадиган қилиб даволаймиз, лекин 6 ойдан кейин бу ҳам ўз таъсирини йўқотиб, яна олдинги ҳолатга қайтишини шифокор тушунтирди. Тақдирга тан бериб яшайвердим. Орадан 4 йил ўтиб, 2011 йилда қариялар уйига келдим. Бу ерда барча шароитлар бор.

Ота-онасини бу ерга ташлаб кетадиганларга шундай деган бўлардим: “Таёқнинг икки томони бор. Бир томони билан урсанг, иккинчи томони ўзингга тегади. Физик олим Ньютоннинг тортишиш қонуни бор: Кимга қанча куч билан зарб берсанг, сенга шунча акс-садо қайтиб келади. Бу қайтар дунё. Охирини ўйлаб иш қилиш керак”.

“Болаларим олиб кетамиз, дейишяпти, аммо...”

 Абдукарим Абдурасулов, 77 ёш:

 “Оқдарё туманиданман. Мактабни битирганимдан кейин армияда хизмат қилдим. Ундан кейин олийгоҳда жисмоний тарбия факультетида ўқидим ва кураш бўйича спорт устаси бўлдим. Ўқишни тугатиб, мураббий бўлиб шогирдлар етиштирдим. Бу орада уйландим. Фарзандлар кўрдик. Яхши яшаб келаётгандик. Лекин бир куни аёлим бошқаси билан муносабатда эканлигини билиб қолдим. Ғазабландим, ўзимни қўярга жой тополмадим, табиийки. Кейин бу ердан узоқроққа кетишимни маслаҳат беришди. Бу ерда қоладиган бўлсам, жаҳл устида аёлимга нимадир қилиб қўйишдан қўрқдим.

Абдукарим Абдурасулов

Тожикистонга кетиб қолдим ва ўша ерда оила қурдим. Биринчи оиламни қаровсиз қолдирмадим. Уларга ёрдам берардим. Иккинчи оиламдан ҳам фарзандларим бор. Улар менинг бу ердалигимни билишмайди. Хабар топишса, дарров олиб кетишади. Маълум муддатдан кейин Тожикистондан қайтиб келдим. Ўғлим онасининг олдидан ўтолмай, мен билан борди-келди қилмади. Кейин мен синглимникига бордим.

У ерда озроқ яшадим. Синглимнинг турмуш ўртоғи пиёниста эди. Рўзғорга қарамасди. Мен шунда синглимга ёрдам берардим. Синглимга шунча ёрдам қилганимга қарамасдан бошқа акамникига бориб яшай қолинг, деди. Бу гапи жуда алам қилди. Кейин кетиб қолдим акамникига. У ерда ҳам озроқ яшадим. Акам меҳрибон эди. Сўнг ҳеч кимга оғирлигим тушмасин, деб шу ерга келдим. Мана, 4 йилдан бери шу ердаман.

Бир ўғлим, уч қизим бор. Фарзандларим келиб туради. Карантин бўлгани учун келишолмаяпти. Ҳаммаси менга меҳрибон. Телефон орқали йўқлаб туришади. Бу ерда бизга яхши қарашади, камчилигимиз йўқ. Болаларим олиб кетамиз, дейишяпти, лекин келинимга малол келармикин, деб ўйлаб шу ерда қолишга қарор қилдим”.

“Бу ерга келгунимча ҳар куни йиғлардим”

Мавжуда Эргашева, 63 ёш:

 “Оналар ҳақида қўшиқ эшитсам ҳар куни йиғлардим. Бу ерга келганимдан бери кўзёши қилмай қўйдим. Чунки қариялар уйи ходимлари бизга жуда меҳрибон, ёрдамларини аяшмайди. Бу ерга келгунимча ҳар куни йиғлардим. Чунки ёнимда ҳеч ким йўқ эди”.

Мавжуда Эргашева

Кексалар уйида барча шароитлар бор, бунга ўзимиз гувоҳ бўлдик. Аммо яқинлар меҳри, эътибори жуда танқис неъмат у ерда. Ўзбек халқимиз болажон-да барибир. Бутун умр фарзандим, дея яшайди. Нима қилсаям фарзандини ёмонламайди. Биз суҳбатда бўлган отахон-у онахонларимиз бизга фарзандлари йўқлаб келишини айтишди-ю, аммо ҳамшираларнинг айтишича, аслида вазият бошқача. Уларнинг ҳаммаси фарзандлари ҳеч бўлмаганда бир бора келишини кўз тикиб кутиб туришибди.

Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири

Тасвирчи - Фаҳриддин Ҳотамов,
Монтаж устаси -  Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид