Жаҳон | 15:21 / 28.02.2021
10141
5 дақиқада ўқилади

Нигерияда 300дан ортиқ ўқувчи ўғирланган. Бу сафар «Боко Ҳарам» алоқадор эмаслиги айтилмоқда

Жума куни Нигерия шимоли-ғарбидаги мактаб интернатдан 300дан ортиқ ўқувчи қиз номаълум гуруҳ томонидан ўғрилаб кетилди.

Полиция маълумотига кўра, қизлар ўрмонга олиб кетилган. Бу ҳодиса жума куни тонгда Замфара штатидаги Жангебе шаҳрида рўй берган.

Нигерияда қуролланган гуруҳлар қайтариш эвазига пул олиш мақсадида ўқувчиларни гаровга олиши ҳолатлари рўй бериб туради.

Президент Муҳаммад Бухорий сўнгги ўғирлик ҳолатини кескин қоралаб, уни «ноинсоний ва мутлақо тоқат қилиб бўлмас ҳодиса» деб атаган.

«Ҳукумат катта пул ундириш учун ўқувчиларга ҳужум қилган жангариларнинг шантажи таъсирига тушмайди. Бизнинг асосий мақсадимиз - гаровдагилар омон ва шикастсиз бўлишини таъминлаш», деган у.

Президентнинг сўзларига кўра, ҳукумат бандитларга қарши «катта куч» ташлаши мумкин, аммо мактаб ўқувчиларидан «жонли қалқон» сифатида фойдаланишлари хавфи бор.

Ўтган ҳафтада Нигерга қўшни бўлган штатда жангарилар 42 кишини, шу жумладан, 27 ўқувчини ўғирлашганди. Шу вақтгача улар озод қилинмади.

2014 йилда «Боко Ҳарам» жангарилари Нигерия шимоли-шарқида 276 ўқувчини ўғирлаб кетишганди. Бу радикал гуруҳ замонавий таълимга қарши бўлиб, унинг аъзолари тез-тез мактаблар ва бошқа таълим муассасаларига ҳужум қилиб туришади.

Аммо сўнгги ҳужумлар оддий жиноятчи гуруҳлар томонидан амалга оширилаётгани айтилмоқда.

Бу қандай рўй берди?
Ҳужум маҳаллий вақт билан жума кунига ўтар кечаси (Гринвич бўйича ярим тун) амалга оширилган. Ўқитувчилардан бири маҳаллий янгиликлар агентлигига маълум қилишича, қуролланган гуруҳ мактаб ҳудудига пикаплар ва мотоциклларда келишган. Унинг сўзларига кўра, ҳужум қилганларнинг айримлари устида хавфсизлик хизмати ходимлари либоси бўлган.

Бошқа гувоҳларнинг айтишича, жангарилар пиёда келишган, уларнинг сони юздан ортиқ бўлган.

«Улар мактаб дарвозасини бузишди ва қўриқчини отиб ташлашди. Кейин ётоқхонага кириб, қизларни уйғотишди ва ибодат вақти бўлганини айтишди. Қизлар йиғлаб юборишди. Жангарилар уларни ўрмонга олиб кетишди. Йўл бўйи улар ҳавога ўқ узиб кетишди», деган BBC мухбири билан суҳбатда гувоҳлардан бири.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ақлдан озар ҳолатга тушган ота-оналар мактаб яқинида тўпланишган, уларнинг айримлари қизларини излаб жунглига йўл олишган.

Ўқитувчилардан бирининг сўзларига кўра, мактабда жами 421 ўқувчи бўлган, ҳозирда уларнинг сони 55 нафар. 

Ўқувчиларни қидириш учун Жангебега кучайтирилган полиция бўлинмалари ва ҳарбийлар юборилган.

ЮНИСЕФ Нигерияда ўқувчиларнинг ёппасига ўғирланиши билан боғлиқ яна бир ҳолатдан жуда қаттиқ хавотирда эканини билдирди.

Бу ишнинг ортида ким турибди?
Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ бу ўғрилик учун жавобгарликни зиммасига олмади.

Маълумотларга кўра, Замфара штатидаги қуролли гуруҳлар одамларни кейин пул эвазига қайтариш учун ўғирлашади.

Ўтган йил декабрида Кацина штатида жангарилар 300дан ошиқ болани гаровга олишганди. Бу ўғрилик ортида «Боко Ҳарам» гуруҳи тургани ҳақида ҳам тахминлар янграган, аммо бу гуруҳ бутунлай бошқа штатларда - Нигерия ғарбидан юзлаб километрлар масофада, шарқда ҳаракатланади.

Ўшанда бу ўғриликка «Боко Ҳарам» алоқадорлиги тасдиқланмаган, музокаралардан кейин болаларни қўйиб юборишганди.

Нигерияда мактаб ўқувчиларини нега ўғирлашади?
BBC корреспонденти Мэйони Жонс

Жангарилар Нигерия шимолидаги мактаблардан болаларни ўғирлаши билан боғлиқ ҳар бир янги ҳолат 2014 йилда Чибокеда «Боко Ҳарам» томонидан юзлаб қизлар ўғирлангани воқеасини ёдга солади.

Бундай ҳужумлар аввал ҳам кузатилган, аммо бу ҳолатлар шов-шув бўлмаган ва уларнинг ҳеч бирида қизлар олиб кетилмаганди.

Аммо #BringBackOurGirls (Қизларимизни қайтаринг) кампанияси бутун дунёга машҳур бўлиб кетгач, қуролланган гуруҳлар болаларни ўғирлаш ҳукуматга босим ўтказиш ёки қайтариб бериш эвазига пул талаб қилиш учун энг яхши восита эканини билиб қолишган, гарчи буни ҳукумат рад этса-да.

Афтидан, ҳукуматда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун аниқ стратегия йўқ.

Тўғри, икки ҳафта муқаддам Замфар штати қонуншунослари одам ўғриларини одамларни қайтариш эвазига амнистия қилиш ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича таклиф беришганди.

Бу баҳсли стратегия ҳисобланади, аммо шундай амалиёт Нигер дельтасида ижобий натижалар берган, бу ерда шу каби амнистиялар қўлланиши туфайли 2009 йилда жиноятчилик даражаси пасайганди.

Ҳукумат ҳозирча жиноятчилар билан музокаралар ўтказилаётганини маълум қилишган.

Қайд этиш керакки, ҳозирда Нигерия шимолидаги қишлоқлардаги мактаблар ҳар қачонгидан кўра заифроқ муҳофазаланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид