Ўзбекистон | 11:59 / 01.03.2021
22256
3 дақиқада ўқилади

Онаси учун ёрдам сўраган қиз изтироби давлат раҳбарини бефарқ қолдирмади

Сурхондарёлик 44 ёшли Саодат Якубова 2019 йилда жигар циррози деган машъум касалликнинг нишонига тушди. Уч фарзанднинг онаси бўлган аёл даволаниш учун рўзғордан орттириб маблағ топа олмади. Турмуш ўртоғи рўзғор тебратиш мақсадида хорижда ишлайди. Пандемияда ишидан айрилиб, ҳатто юртга қайтишнинг ҳам иложини қилолмай қолган. Озми-кўпми топганини юбориб турса ҳам ўз вақтида муолажалар олишнинг имкони бўлмади.

Оқибатда янаям кучайган хасталик Саодат опани бутунлай ҳолдан тойдирди: қон қусишлар бошланди. Касалликнинг самарали давоси – Ҳиндистонда амалга оширилиши мумкин бўлган мураккаб жигар трансплантацияси амалиёти эди. Донор ҳам бор – ўз жигари, укаси Одилжон буни зиммасига олган. Қариндошлардан ва яхшиларнинг ёрдами билан баҳоли қудрат йиғилган маблағни олиб Ҳиндистондаги касалхонага етиб боришди. Аммо у ерда она ва қизи Соҳиба бундан-да мураккаб аҳволда қолишди. Операция учун анчагина маблағ зарур эди, тўлов қилинмаганлиги сабаб жарроҳлик амалиёти амалга оширилмади. Соғайишга, ватанга қайтишга бўлган умид она-боланинг кўнглида кундан-кунга сўниб борарди.

Мушкул аҳволда қолган Соҳибанинг юртдошларимиздан ёрдам сўраб қилган мурожаати жавобсиз қолмади: "Маҳалла" телеканали орқали намойиш қилинди. 

Онасини йўқотишдан қўрққан фарзанд изтироби ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Чет элда оғир аҳволда қолган қизнинг илтижоси акс этган бу лавҳа давлат раҳбарининг эътиборини тортди. Президентнинг Сурхондарё вилояти ҳокимига зудлик билан бу оилага ёрдам бериш лозимлиги ҳақидаги топшириғидан сўнг оила учун нажот йўллари очилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан операция харажатларининг барчаси тўлаб берилди. Жарроҳлик операцияси эса клиниканинг энг тажрибали мутахассислари томонидан ўтказилди.

Бу ишга Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси ҳам жалб этилиб, улар аёл ва яқинларининг ҳолидан мунтазам хабардор бўлиб туришибди. Синовли кунларни бошдан кечираётган бемор ва яқинларининг бундан боши осмонга етган. Давлат раҳбари томонидан Ўзбекистоннинг чекка ҳудудида қийин кунларни бошдан кечирган, хаста онасига кўрсатилган эътибор учун онасиз қолишдек фожиадан ҳадиксираган фарзандлар бугун президентга миннатдорчилик билдиришмоқда.

“Биз онамнинг операциялари учун юртдошларимиздан ёрдам сўраган эдик. Ўша куни бу кўрсатувни президент бобомиз ҳам кўрган эканлар. Биз чет давлатда бўлсак ҳам президентимиз бизни эътиборсиз қўймадилар, қўллаб-қувватлаб турдилар, мингдан минг раҳмат. Ўзим донор бўлмоқчи эдим, жигаримда муаммо борлиги учун тўғри келмади – тоғам донор бўлдилар. Худо хоҳласа онам соғайиб кетади, минг шукр”,- дейди айни пайтда Ҳиндистонда онасининг ёнида бўлган Соҳиба. 

Ортда қолгани рост бўлсин!

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Монтаж устаси — Муҳаммаджон Ғаниев.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид