Ўзбекистон | 18:42 / 02.03.2021
5644
3 дақиқада ўқилади

Антимонополия қўмитасининг Хоразм вилояти бошқармаси Урганчдаги автомобиллар техник кўриги билан боғлиқ вазият бўйича маълумот берди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси «Урганчдаги манфаатлар тўқнашуви: автомобиллар техник кўригини ИИВ ЙҲХБ мансабдорига алоқадор фирма амалга оширмоқда» мақоласи бўйича ўрганиш ўтказди.

«Ўрганиш давомида «AVTO TRANS SER» МЧЖ транспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш учун тегишли гувоҳнома олгани, хизмат нархини 50 минг сўм қилиб тасдиқланиши бўйича Урганч шаҳар ҳокимлигига ҳамда Урганч шаҳар молия бўлимига мурожаат қилингани, аммо молия бўлими томонидан хизмат нархини белгилашда ваколати йўқлиги билдирилгани сабабли жамият таъсисчилари билан келишилган ҳолда, амалга оширилган харажатлардан келиб чиқиб, 65 минг сўм қилиб белгилангани аниқланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги 1010-сонли қарори 5-бандида жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш бўйича тадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларнинг хизматлари учун вилоят ҳокимлиги томонидан ҳудудий молия органи билан келишган ҳолда тўловнинг чекланган миқдори тасдиқланиши белгиланган.

Ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, транспорт воситалари ДЙҲХХ органлари томонидан техник кўрикдан ўтказилганлиги учун Ички ишлар вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган миқдорларда йиғим ундирилиши;

транспорт воситаси техник ҳолатини текшириш хизматлари учун мазкур хизматни кўрсатадиган субъект томонидан тасдиқланган, бироқ вилоят ҳокими томонидан вилоят молия бош бошқармаси билан келишган ҳолда белгиланган чекланган миқдордан ошмайдиган тариф бўйича ҳақ тўланиши белгиланган.

Шунингдек, ўрганишда вилоят ҳудудида ушбу хизмат билан шуғулланувчи аккредитациядан ўтказилган (рухсатномага эга бўлган) 9 та субъект фаолият олиб бораётгани маълум бўлган.

Хоразм вилояти Молия бош бошқармаси томонидан ижтимоий тармоқларда ёритилаётган, аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш хизмати бўйича тўловнинг чекланган миқдорини тасдиқлаш учун вилоят ҳокимлигига қарор лойиҳасини киритиш ишлари олиб борилмоқда.

Шу сабабли вилоят ҳокимлиги томонидан жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш хизмати бўйича тўловнинг чекланган миқдори тасдиқланганидан кейин қўшимча равишда маълумот берилади», - дейилади Kun.uz’га тақдим этилган маълумотда.

Мавзуга оид