Фан-техника | 15:39 / 02.03.2021
7482
2 дақиқада ўқилади

Volvo 2030 йилга бориб фақат электромобиллар ишлаб чиқармоқчи

Компания 2020 йилда XC40 Recharge деб номланган электромобили сотувини бошлаганди. 2025 йилга келиб Volvo Cars сотувининг 50 фоизини электромобиллар ташкил этиши режалаштирилган.

Фото: AP/ТАСС

Швециянинг Volvo Cars компанияси 2030 йилга келиб фақат электромобиллар ишлаб чиқариш ва бозорда етакчи бўлишни режалаштирганини маълум қилди. Компания бу даврга келиб барча ички ёнув двигателли автомобилларини моделлар қаторидан чиқаради.

Электромобиллар ишлаб чиқаришга тўлиқ ўтиш Volvo компаниясининг иқлимни сақлаш бўйича режасининг бир қисми ҳисобланади.

Компания юқори сифатли қувватлаш станциялари кенгайиши ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳисобига электромобилларга бўлган талаб ошишини кутмоқда.

Volvo шунингдек, фақат онлайн сотиб олиш мумкин бўлган электромобиллар чиқаришни режалаштирганини эълон қилди.

Компания 2020 йилда XC40 Recharge деб номланган электромобили сотувини бошлаганди. 2025 йилга келиб Volvo Cars сотувининг 50 фоизини электромобиллар ташкил этиши режалаштирилган.

Швеция компанияси 1927 йилдан буён фаолият юритади ва дунёнинг юзга яқин мамлакатида ўз автомобилларини сотади. Компанияда 40 мингга яқин киши ишлайди. 2010 йилда Хитойнинг Zhejiang Geely Holding компанияси Volvo Cars’ни сотиб олган.

Volvo 2020 йилда 661 713 дона автомобиль сотган.

Мавзуга оид