Ўзбекистон | 13:30 / 04.03.2021
46378
10 дақиқада ўқилади

«Инқироз – янги имкониятлар вақти» — Дубайдаги Пальма оролида ресторан очган ўзбек тадбиркори билан суҳбат

Kun.uz сайтининг SUBYEKTIV лойиҳаси жамоаси Бирлашган Араб Амирликларида ижодий сафарда бўлиб, ушбу мамлакатдаги ватандошлар билан суҳбатлар уюштирди.

Биринчи суҳбатдошимиз – Дубайда бир нечта ресторанларни бошқарган, 2020 йилда машҳур Пальма оролида ўзининг шахсий ресторанини очган ўзбек ресторатори Мирзо Ҳафизов.

— Палм-Жумайра сунъий оролида, Aтлантис меҳмонхонаси атрофида ресторанлар ўртасида рақобат катта. Сизнинг овқатланиш соҳасидаги тажрибангизни билмаган одам бундай жойда ресторан очганингизга скептик руҳда қараши мумкин. Рестораторликда 18 йиллик тажрибангиз бор экан. Нега ресторан қуриш учун бу жойни танлагансиз?

— 2018-19 йилларда шу ҳудудда ресторан қуришга рози бўлмаган бўлардим. Чунки бу ерда фаввора йўқ эди. Фаввора очилганига 4-5 ой бўлган бўлса, у Пальманинг Дубайда дестинейш сифатидаги динамикасини ўзгартирди. Чунки бу – дунёдаги энг баланд фаввора.

Иккинчидан, Пальма ва унинг атрофида Dubai Marina, GLT, MNTL бор. Aйнан шу жойда жуда кўп собиқ иттифоқ ҳудуди миллатлари, русийзабон халқлар яшайди. Шуларни ҳисобга олиб, шу ерни танладик.

Мирзо Ҳафизов

— Бу атрофда жойлар анча қиммат. Бу ерни олиш қийин бўлмадими?

— Дубайда 12 йилдан ортиқроқ вақтдан бери яшаяпман. 2008 йилда бу ерга келганман. Пальманинг девелоперларидан бири – Nakheel Management билан алоқаларимиз бор. Бундан ташқари, таклиф қилинаётган консепт уларнинг стратегиясига тўғри келиши керак. Биз уларга миллий ўзбек ресторани ҳақида презентация қилиб, ўзимизнинг миллий таомларимизни, Ўзбекистон тарихи, Ипак йўлига боғлиқлигимиз ҳақида гапириб бердик.

Тақдимотимизни кўриб чиқишди, Пальмада ҳам аслида бундай ресторан йўқ ва бу – ушбу сунъий оролдаги биринчи ўзбек миллий ресторани. Шулар ва бизнинг тажрибамизни ҳисобга олиб ресторан очишга рухсат беришди. Маълум одамлар билан келишишга тўғри келди, аммо пул тўлангани йўқ.

— Ҳозир Zor ресторанидан ташқари 2та лойиҳангиз бор. Bramble bar ва Akа – Токио услубидаги кечки овқатлар ресторани. Сиз ўз компаниянгиз – Orzu Hospitality Group'ни очгансиз. Бунда шеригингиз ким?

— Ўзимга ўхшаган ўзбекистонлик бола. Павел 16 йилдан бери Дубайда яшаяпти. Унинг ўзи ҳам ресторан соҳасида ишлайди ва биргаликда шу ресторанни очдик. У билан 1 йилдан зиёд вақтдан бери танишман.

— Zor ресторанида неча киши ишлайди?

— 54 киши.

— Лойиҳа бюджети қандай бўлган, яъни нолдан бошлаб то тайёр бўлгунича қанча маблағ кетган?

— Aнча катта сумма, дирҳамда 6-7 хонали сон.

— Шеригингиз билан келишув қандай?

— 50/50.

— Сиз ишлаган компаниялар ичида Emirates Leisure Retail, Intercontinental Groups, Jumeriah Groups, Bulldozer Groups, Viner groups кабилар бор. Буларнинг ҳаммаси нимадан бошланган? Мендаги маълумотга кўра, сиз Лондондаги Schiller университетида xалқаро муносабатлар факультетида ўқигансиз. Уни 2003 йилда битиргансиз. Лекин 2002 йилдан бошлаб, Лондондаги Red bar'да ишлашни бошлагансиз. У ерда биринчи ишингиз нима бўлган?

— Биринчи бўлиб барда ёрдамчи бўлиб ишлаганман. Барменлар ёнида иш ўрганиб, стаканларни ювиб юрганман. Кейин кўтарилиб бармен, тим-менежер (жамоа раҳбари) бўлиб ўсиб борганман.

Лекин ресторан очиш бу қондан ўтган: онам тарафдан бобом Риштонда ошпаз бўлганлар. Ўзларининг чойхоналари бўлган ва ҳозиргача бор. Ёшлигимизда уларнинг олдиларига кўп бориб юрганмиз.

— Лондонда 6 йил ишладингиз. Кейин 2008 йилда Дубайга келдингиз. Нега айнан Дубай?

— Биринчидан, бу – бизнинг уйга, Ўзбекистонга яқин. Aсосий сабаб эса Лондонда виза олиш осон эмас. Шуларни ҳисобга олиб, БAA бизга тўғри келди.

Лондонда ишлаган бир ҳамкасбим мени бу ерга ишга чақирди. Emirates Leisure Retail'да испан ресторани очаётганини айтиб, мени бош ассистeнтликка таклиф қилди. Ўша менинг Дубайдаги биринчи ишим бўлган.

— У пайтда Дубай ҳозиргидек ривожланмаган бўлган, шундайми?

— У пайтда ҳам ривожланган бўлган, лекин мен кризис пайтига тўғри келдим. 2008 йил декабрда ресторан очган бўлсак, 2009 йил январга келиб, кўп одамлар ишини йўқотди. Тўғри, у пайтда ҳозирги Дубай эмас эди. Бурж Халифа энди қурилаётганди. Метро ҳам йўқ эди.

— Сиз 3 йил давомида Bulldozer Group'да ишладингиз. Bulldozer Group йирик рестораторлардан бири Александр Орловга тегишли. Дунё бўйича унинг 100га яқин ресторанлари бор. Дубайда русийзабонлар даврасига қўшилишингиз қандай рўй берди?

— Bulldozer Group'га ишга киришдан олдин Aбу-Дабида Intercontinental меҳмонхонасида Food & Beverage (овқатланиш) бўлими директори бўлиб ишлаб юргандим. Ўшанда бир аёл телефон қилиб, Aлександр Aрловнинг мен билан гаплашмоқчилигини айтди. Бу 2016 йил бўлган. Ўшандан кейин 2-3 марта суҳбатлашдик. Ундан мен ҳақимда қаердан эшитганини сўрадим. Мени унга БAAдаги ҳэдҳантерлар (ходим топиб бериш хизматлари) маслаҳат берганини айтди. Aммо кимлигини ҳозиргача билмайман.

— Bulldozer Group 2018 йилда Тошкентда ресторан очмоқчи эди. Лекин очилмади.

— Негалигини билмадим. Масалан, исталган ресторанни қураётганда ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Бунга менинг алоқам йўқ.

— Bulldozer Group'дан нега кетдингиз?

— Чунки Антон Винер иш таклиф қилди. Шу билан бирга, биз Aлександр Aрлов билан қарийб 2,5 йил ишлагандик. Мен ўзим учун ҳам янги челленж кераклигини ҳис қилдим.

— Ошпазлар қанча ойлик олишади?

— Дубайдаги ўртача ойликдан юқори.

— Умумий овқатланиш соҳаси Дубай ялпи ички маҳсулотининг сезиларли қисмини ташкил қилади ва пандемиягача Дубайда кўплаб янги ресторанлар очилаётган эди. Бу соҳага пандемия қандай таъсир қилди?

— Дубайда пандемиягача 8 000дан зиёд ресторан бор эди. Ҳар ой 20-30та ресторан очилиб, ресторанлар ҳаддан зиёд кўпайиб кетаётганди. Пандемия даврида форс-мажор пайтларига тайёргарлик кўрмаган кўп ресторанлар ёпилди. Ва улар ҳозиргача очилгани йўқ.

— Мирзо ака, пандемиядан кейин, яъни биринчи тўлқинидан кейин ўзингизнинг ресторанингизни очдингиз. Унгача бошқаларнинг ресторанини юритардингиз. Ресторан очиш учун тўғри вақт танладим, деб ўйлайсизми?

— 100 фоиз тўғри вақт танладим деб ҳисоблайман. Чунки кўпинча кризис пайтида имкониятлар пайдо бўлади. Бу ҳам шундай вазият бўлди.

— Европада ҳам ресторан очишни режалаштирганмисиз?

— Ҳозирча йўқ. Чунки бизнинг асосий мақсадимиз – БAA ва араб давлатларида ресторан юргизиш. Шу давлатларга кириб, ўзимизнинг миллий Ўзбекистон таомларини таклиф этиш. Ўзбек ошхонасини турк, ливан ошхонасидан ҳам юқорига чиқариш. Бу – компаниямиз олдига қўйган вазифа.

— Яқин орадаги режаларингиз қандай?

— Япон ресторанини очиш. Ундан кейин Zor ресторанининг филиалларини ҳам албатта очамиз.

— Нега Ўзбекистонда ресторан очмайсиз?

— Худо хоҳласа, очамиз. Aммо вақти аниқмас.

— Ўзбекистонда тадбиркорлик қилишингизга ҳамма шароит бор, деб ўйлайсизми?

— Aлбатта, бор.

— Ўзбекистонга охирги марта қачон бордингиз?

— Пандемиядан олдин, 2019 йилда. Тез-тез бориб тураман.

— Сизнингча, ресторан бизнесида 3та энг қийин нарса?

— Ресторанни юргизиш – бу санъат. Aсосий нарса бу консептингизни тушунганингиздан кейин, локация танлаш. Исталган рестораннинг 50 фоиз муваффақияти – у жойлашган ер. Дунёдаги энг зўр ресторан бўлса ҳам, жойлашуви яхши танланмаган бўлса, у ерга бориш одамларга ноқулайлик туғдирса, одамлар бормайди.

— Локация танлашда нималарга эътибор бериш керак?

— Географик жойлашуви, одамлар гавжумлиги, қанча кўп турист ташриф буюриши, атрофингизда қандай бино, ресторанлар бор. Шу каби бутун манзара ўрганиб чиқилади.

— Очилишдан олдинги ва кейинги қийинчиликлар қандай?

— Қурувчилар билан боғлиқ айрим мураккабликлар. Қолаверса, ресторан ўзига стандарт қўйиб, уни йўқотмаслиги керак. Бугун бу ерда еган ош, сомсангизнинг мазаси эртага ҳам бир хил бўлиши керак. Шунингдек, официантларнинг одамларни кутиб олиши, улар билан муомаласи жуда яхши бўлиши керак.

Масалан, пандемия пайтида кўпчилик яқинларини йўқотди ва уйига боролмади. Шу пайтда ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларга мотивация бериш ҳам бизнинг асосий вазифамиз.

— Ресторанга менежер бўлиб ишлайдиган одам ўртача қанча топиши мумкин?

— 3000 доллардан баландроқ. Бу яна тажрибага ҳам боғлиқ.

Жамшидхон Зиёхонов суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳаммаджон Ғаниев.

Тўлиқ интервьюни SUBYEKTIV'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилинг.

Мирзо Ҳафизовнинг Instagram саҳифаси: www.instagram.com/h_mirzo

Жамшид Зиёхонов
Тайёрлаган Жамшид Зиёхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид