Жамият | 12:54 / 05.03.2021
2399
3 дақиқада ўқилади

Анқарада Муҳаммад ал-Хоразмий шарафига ёдгорлик ўрнатилди

Анқарадаги Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Туркий маданият халқаро ташкилоти – ТУРКСОЙ ҳамда Анқара шаҳар муниципалитети билан биргаликда «Хива - туркий дунёнинг маданият пойтахти» халқаро дастури доирасида 3 март куни Туркия пойтахтида Муҳаммад ал-Хоразмий ёдгорлигининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тантанали очилиш маросимида Туркияда амалий ташриф билан бўлиб турган Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, элчи Алишер Аъзамхўжаев, Туркий маданият халқаро ташкилоти — ТУРКСОЙ бош котиби ўринбосари Билол Чақичи, Туркия Буюк Миллат мажлисидаги «Туркия-Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Усмон Мастон, Анқара шаҳар Кечиўрен муниципалитети ҳокими Турғут Олтинўқ, Анқара губернаторлигининг Кечиўрендаги вакили Ургут Булут, шунингдек, мамлакат илм-фан ва маданият доиралари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ал-Хоразмий ёдгорлигининг Анқара шаҳрида ўрнатилиши Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ТУРКСОЙ томонидан эълон қилинган «Хива – туркий дунёнинг маданий пойтахти» халқаро дастури доирасида амалга оширилди.

Тадбирда Ўзбекистон элчиси Алишер Аъзамхўжаев Муҳаммад Мусо Ал-Хоразмий инсоният тарихи ва тамаддунида алоҳида ўрин тутган буюк шахслардан бири эканини таъкидлади.

Ёдгорлик Анқара шаҳрининг Кечиўрен туманидаги машҳур боғлардан бири - «Жўка водийси» (Ihlamur Vadisi») ҳудудида ўрнатилди. Туркия пойтахтидаги мазкур сўлим боғ маҳаллий аҳоли ва мамлакат меҳмонларининг севимли маскани ҳисобланади. Боғ 2016 йилда қайта таъмирланиб, шакллантирилган бўлиб, 4,5 километрлик сунъий канал атрофида жойлашган сайлгоҳ сифатида сайқалланган.

Ушбу масканда ижтимоий-оммавий, маданий тадбирлар тез-тез ўтказиб турилади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугунги кунда Анқарада «Ўзбекистон» номли 3та, «Тошкент» деб юритилувчи 12та, «Самарқанд» номли 8та ва «Бухоро» деб аталувчи 11та кўча мавжуд.

Кечиўрен туманидаги машҳур боғда қад ростлаган Муҳаммад ал-Хоразмий ёдгорлиги эса Ўзбекистоннинг буюк илм-фани ва меросини тарғиб этувчи навбатдаги объектлардан бири бўлди.

Муҳаммад ал-Хоразмий ёдгорлигининг расмий очилиш маросимидан сўнг Ўзбек миллий кийимлари кўргазмаси ва «Мендирман Жалолиддин» фильмининг намойиши бўлиб ўтган.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид