Жамият | 07:50 / 05.03.2021
20368
10 дақиқада ўқилади

«Ўсишни истаган ёшлар аввало тил билишлари керак» — БААдаги аэропортнинг ўзбекистонлик менежери билан суҳбат

Бирлашган Араб Амирликларига сафаримиз мобайнида бу ерда яшаётган бир қатор ҳамюртларимиз билан суҳбатлар уюштирдик. Навбатдаги суҳбатдошимиз Шаржа шаҳридаги аэропортлардан бирининг пиар-менежери Насиба Исҳоқий бўлди.

Узоқ йиллардан буён Шаржа шаҳрида яшаб келаётган Насиба Исҳоқий БААга келиши, дастлабки фаолияти туризм билан боғлиқ бўлгани, оиласи ва бошқа мавзуларда сўз юритди.

— Мен Тошкент шаҳрида туғилганман. Болалигим ва ёшлигим Тошкентда ўтган. Зиёлилар оиласиданман. Оиламнинг ҳамма аъзолари – илм-фан, маданият, санъат билан алоқадор инсонлар. Шунинг учун оиламиз аъзолари илмни, санъатни қадрлашади.

Отам Абдураҳмон Эшонхўжаев – техника фанлари доктори, профессор; 25 йилдан ортиқ Тошкент автомобил йўллари институтида кафедра мудири сифатида фаолият юритган. Бир неча мукофотлар, шу жумладан Беруний номидаги давлат мукофоти соҳиби. Онам ҳозирда нафақахўр, бошланғич синфларга 30 йилдан ортиқ дарс берганлар.

Мактабни тугатгач, ҳамма ака-опаларим сингари мен ҳам олий таълим даргоҳига ўқишга топширганман. Мутахассислигим бўйича инженер-иқтисодчиман. Оилада кенжа фарзандман, эркатой. Тўрт фарзандмиз, икки акам ва бир опам бор, – дея ҳикоя қилади у.

«Меҳнат фаолиятимни БААда бошлаганман»

— Институтни битириб турмушга чиқдим. Турмуш қуришимиз анъанавий тарзда, одатдагидек бўлган, совчи қўйиб уйланганлар. Бошланғич курсда унаштирилганмиз ва ўқишни тугатгунимча кутдилар. У киши Тожикистондан. Қариндошмиз.

Диплом олганимдан бир ҳафта ўтиб, тўйимиз бўлган. Ўша пайтда бўлажак турмуш ўртоғим шу ерда ишларди ва табиийки, мен ҳам БААга келдим. Карьерамни шу ерда бошладим.

БААга келишимдан аввал турмуш ўртоғим 2 йил бу ерда яшаган бўлганлар, шунинг учун рўзғорда қандайдир жудаям катта қийинчиликларни ўтказмаганман. Албатта, ҳаммамизда қийинчиликлар бўлади, менда ҳаммаси яхши дейдиган биронта одамни билмайман; шунчаки қийинчиликлар кимдадир кўпроқ, кимдадир камроқ. Лекин вақт ўтгани сари биз олға ҳаракатланиш учун нимадандир воз кечишимиз кераклигини тушуниб етамиз. Ҳатто ўзимиз ёқтирган нарсани қўйиб юбориш кераклигини хам.

Мен учун энг қийинчилик туғдирган нарсалар бу яқинларимга, она юртимга нисбатан соғинч туйғуси эди. Лекин эртами-кечми буларни бошдан кечиришимиз керак эди, чунки ҳар бир киши ўз йўлини босиб ўтиб, ўз тажрибасига эга бўлиши керак.

«БАА иқтисодиёти гуллай бошлаган пайтларда туризм соҳасида иш бошлагандим»

— Бу ерга келганимда инглиз тилини яхши билардим, шунга қарамай амалиётда инглиз тилидан кўп фойдаланмаганим сабабли аввалига бироз қийин бўлган. Бу ерда 200дан ортиқ миллат вакиллари яшайди; ҳар бирининг ўз акценти, ўз луғат бойлиги бор.

Мен туристик компаниялардан бирида ўз карьерамни қуриш бахтига муяссар бўлдим. Бахтига дейишимга сабаб, биз ўша вақтда амирликлар иқтисодиёти равнақ топишининг бошланғич нуқтасида тургандик, ҳар куни янги лойиҳалар, янги меҳмонхоналар, янги кўнгилочар марказлар ишга тушарди. Бундай ишларнинг бошида туриш ҳар доим қизиқ. Биз ҳозир ўтирган ерда мен келган вақт ҳеч нарса бўлмаган. Амирликларда туризмнинг бошланишини томоша қилиш менга жудаям қизиқ бўлган.

Ишни туризм соҳасида Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлашдан бошлаганман. Ўз ватандошларим билан ишлаш ўз ишимга қизиқишимни оширган. Бу ерда орттирилган тажриба фаолиятингизнинг ҳар қандай нуқтасида жуда ҳам қизиқарли бўлади. Амирликлар энг охирги технологиялардан фойдаланиши, бутун дунёдан йиғилган сара ақл соҳибларини ишга ёллаши, янги ғоя соҳибларига очиқ давлатлиги ҳеч кимга сир эмас.

Ҳар бир мамлакатда бўлгани каби бу ерда ҳам кўникишда муаммолар бўлиши мумкин, лекин инсон энг камида инглиз тилини билса, у ўз йўлини албатта топиб кетади. Ҳатто энг кам маош тўланадиган ишда бошлаган бўлса ҳам. Бунга мен ўзим мисол бўла оламан. Биринчи ишим кам маош тўланадиган ишлардан эди, лекин мен ўз мақсадимга эриша олишимга ишонар эдим.

Шунинг учун ҳам инсон чиндан хоҳладими, демак албатта эришади. Ич-ичидан ҳақиқий хоҳиши йўқми, демак уддалай олмайди. Хаёлларимиз бумеранг каби бизга қайтади.

БААнинг иссиқ иқлими ва фарзандлар таълими ҳақида

— Албатта, бундай ҳавога авваламбор кўникиш керак. Бошида бу жуда қийин бўлади. Ҳаво ҳарорати жуда юқорилиги боис бўлса керак, деярли ҳаммада автомобил бор. Иссиқдан кундузи кўчада юриб бўлмаслиги – бир, иккинчидан эса инфратузилма. Бу ерда у жуда яхши ривожланган. Энг юқори технологиядаги автобус, метролар бўлишига қарамай, ёзги жазирамада одам уйидан автобус бекатигача 10 дақиқалик йўлни пиёда босиб ўтишининг имкони бўлмай қолади.

Худога шукр, фарзандларим шу ерда. Икки нафар ўғлим бор. Улар бизнинг ғуруримиз.

Шу ердаги мактабда ўқишди. Кейин университет танлашимиз керак бўлди. Ё Ўзбекистон, ёки бўлмаса бошқа бир давлатни танлашимиз керак эди. Ўзимиз билан бирга шу ерда ёнимизда қолдириш эмасди бизнинг фикримиз. Чунки эркак киши мустақил бўлишни ўрганиши керак. Бизнинг мақсадимиз уларга бу имкониятни бериш эди. Катта ўғлим ўзининг қизиқишларидан келиб чиқиб, компьютер дастурчиси соҳасини танлади ва ҳозирда Канадада ўқияпти. Кичим ўғлим эса Чехияни танлади, у халқаро муносабатлар ва Европа сиёсатини ўрганяпти. Университетга топширганида кириш иншоси ёзиши керак эди ва у Шавкат Мирзиёевнинг ташқи иқтисодий сиёсати мавзусини танлаганди.

Фарзандларимизга танлаш имкониятини бера олганимиздан жуда ҳам хурсандман. Чунки улар ўз хоҳишлари билан ўзларига йўналиш танлашди ва бу илм олишларида, тажриба орттиришларида енгиллик яратади. Ўзлари хоҳлаган соҳани танлаб келажакда юртимизга ўз ҳиссаларини қўшишади.

Туризмдан авиация соҳасига

— Айни дамда мен БААдаги энг илғор аэропортлардан бирида ишламоқдаман, касбим тақозоси билан бу аэропорт номини ошкор қила олмайман. Умуман айтганда, вазифам – аэропортнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишдан иборат. Масалан, авиакомпанияларни жалб қилиб, аэропортдаги қатновларни ошириш орқали.

Биз буни қандай амалга оширамиз? Кўргазмаларда иштирок этиб, учрашувлар ташкил қилиб, аэропортимиз имкониятлари ҳақида маълумот берамиз.

Биласизми, мен уй бекаси бўлишни ўз ихтиёри билан танлаган олий маълумотли, тарбияли жуда кўп аёлларни биламан. Уй бекаси бўлиш жуда оғир, аслида бизга, ишлайдиганларга осон. Мисол учун, кечки соат 20да уйга қайтдикми, биламизки, дам олиш учун. Уй бекалари эса кунига 24 соатлаб ишлашади. Шунинг учун ҳам менинг уларга ҳурматим жуда баланд.

Уй бекаси бўлиш аёлнинг шахсий танлови бўлса, албатта бу унга бахт олиб келади.

Тил билиш, билим олиш ва орзуларга ишониш ҳақида

— Ўсишни, ривожланишни истаганлар биринчи ўринда тил ўрганишлари керак, деган бўлардим. Инглиз, немис, француз тилими, фарқи йўқ, аммо жаҳон тилларидан бирини албатта билиш зарур. Нафақат БААда, умуман инсон ўзи учун, масалан ҳордиқ чиқаргани саёҳатга чиққанида тил билиши ҳаётини енгиллаштиради.

Дунёқарашни кенгайтириш учун ҳам тил ўрганиш ва унда бемалол сўзлаша олиш жуда муҳим. Яна ўз тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтаманки, билим олиш ҳам зарур. Омадли инсон бўлиш учун чет давлатда ўқишнинг ўзи кифоя эмас, яхши ўқиш ва энг муҳими, қўлидан бирор бир иш келиши керак.

Бирор компанияда ишлагингиз келса, тортинманг, резюме жўнатинг. Орзуларингиз амалга ошишига ишонинг! Комфорт зонангиздан чиқишни ўрганинг. Чунки бу жуда муҳим. Бизни тўхтатиб қолаётган нарсалар бу – биз ўз комфорт зонамиздан чиқа олмаётганимиз.

«Болаларимга уқтирганман, биз эртами-кечми ватанимизга қайтамиз»

— Таълим олишимизга шароит яратиб берганликлари учун ота-онамдан жуда ҳам миннатдорман. Турмуш ўртоғимга эса ҳар бир бошлаган ишимда қўллаб-қувватлаб турганликлари учун ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Ҳамжиҳатлик – бу жуда муҳим. Чунки айнан аҳиллик, ҳамжиҳатлик бўлгангина олдимизга қўйган мақсадларимизга ета оламиз.

Соғинч? Ватанни доим соғинганман. Бу соғинч ҳозир ҳам бор. Бу ерда кўп танишлар ва дўстларимиз бор. Илк вақтларда уларнинг борлиги менга анча кўмак бўлган. Қай маънода улар билан чалғирдим ва соғинч бироз енгил ўтгандек бўларди. Уйга – Ватанга 1 йилда камида 2 марта бориб туришга ҳаракат қиламан. Афсуски, ўтган йил ҳамма учун оғир ўтди. Илгари ишсиз пайтимда бутун ёз ойларини уйда – Ўзбекистонда ўтказардим.

Қалбан Ўзбекистондаман. 23 йилдан бери бу ерда яшасам ҳам, қалбим юртим билан. Аслим, ўзлигим шундай ахир. Балки бизни шундай тарбиялашгандир, балки болалигимизда шундай пойдевор қўйилгандир. Ўзим ҳам болаларимга шуни уқтирганман, болаларим ҳаммаси билишади, эрта ёки кеч ҳаммамиз яна биргаликда ўз юртимизда яшашимизни.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид