Ўзбекистон | 09:35 / 06.03.2021
34062
9 дақиқада ўқилади

«Омадимиз келса, иш чиқади, бўлмаса ижара пулини ҳам тўлолмаймиз» – қозон қайнатиш ғамидаги мардикор аёллар ҳикояси

Аёллик матонати тоғларни талқон қилишга-да қодир. Шу сабабми, у фарзандлари, рўзғори учун тош келганда кемириб, сув келганда симиришга ҳам тайёр. Ҳаттоки забардаст эркаклар қилолмайдиган ишларни ҳам бажароладиган хилқат аёл...

Атрофимизда бу каби бардошли аёллар кўп, жуда кўп. Тақдим этмоқчи бўлган лавҳамиз қора қозонни қайнатиш учун ҳаёт қийинчиликларига бардош бериб келаётган, мардлар иши – мардикорликка чиққан аёллар ҳақида.

Тошкент шаҳри, Қўйлиқ бозори тарафдаги кўприк яқини ва метро йўли биқини ишчи аёлларнинг кунлик йиғиладиган жойи ҳисобланади. Бу ерда кўпинча 20–30 чоғли аёл иш берувчиларни кутиб туради. Иш ҳар доим ҳам бўлавермайди, шу сабаб рақобат катта.

Қозон қайнатиш дардидаги аёллар билан уларни қийнаётган муаммолар, турмуши, оиласи, кечинмалари ҳақида суҳбатлашдик.

– Сир бўлмаса, қаерда яшайсиз?

Ижарада, кунига 40 минг сўмдан турамиз. Баъзилар ойликка ижарада яшашади. Давлатимиз мардикорларга арзонга ижарали ётоқхоналар қилиб берса яхши бўларди.

– Сал нарироқдаги кунлик ишчилар марказига бормайсизми?

У ер доим қулф туради. Кимдир иш сўраб ҳам бормайди.

Яшаш жойингизда иш сўраб бирор жойга мурожаат қилганмисиз?

– Иш йўқ,бўлгандаям 1 миллион сўм ойликка яшаб бўладими? Коммунал тўловлар ва яна бошқа кичик харажатлардан ортмайди. 400–500 минг сўм ойлик таклиф қилишади. Фаррошлик қиладиганлар нари борса 800 минг сўм олади. Унга озиқ-овқат олсинми ёки кийинсинми?

– Фарзандларингиз борми?

– Ҳа, бир қизим бор.

– Яқинларингиз бу ерда ишлашингиздан хабардорми?

Ҳа, хабардор.

– Турмуш ўртоғингиз борми?

Ҳа, уста бўлиб ишлайди.

Аёллардан кунлик ишчилар маркази очилишида бўлган кўзбўямачиликлар ҳақида сўрадик. Чунки очилиш маросимида бошқа журналистлар қатори биз ҳам қатнашгандик.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири қатнашган очилишга ўзим ҳам боргандим. Аёлларга кўплаб қулайликлар яратилиши ҳақида ваъдалар берилганди...

– Ўшанда аёлларга 70–80 минг сўмдан пул бериб гапиртиришган. Аёллар, табиийки, бу пулга рози бўлиб гапиришган.

Балки, ишчиларни ўша ерга боришга ўргатиш керакдир?

– Ишчиларни у ерга боришга ўргатиш қийинмас. Иш берувчилар эски жойга ўрганишган.

Борган жойларингизда ножўя ҳолатлар бўлмаганми?

– Мен билан бундай ҳолат бўлмаган, биз асосан уй ишларини қиламиз: ойна ювиш, пол артиш, янги ремонт қилинган уйларни тозалаймиз.

Қанча ҳақ беришади?

– Кунига 80–150 минг сўм атрофида. Ўйлаб кўринг: 40 минг сўм кунлик ижара пулини берсам, қолгани нимага етиши мумкин?

Ҳар куни иш бўладими?

Йўқ, ҳафтада 2–3 мартагина иш чиқади, холос. Бу ерда сарғайиб юрамиз. Ижара пули кунига 40 минг сўм. Шуни ҳам тўлашга қийналамиз.

Ишга бир ўзингиз чиқасизми?

– Йўқ, 2 киши чиқамиз. Чунки ёлғиз ўзимиз қўрқамиз.

Милиция ходимлари бу ерда ерда йиғилмасликни айтиб ҳайдаркан. Шу тўғрими?

– Яқин кунлар ичида бунақа ҳолат рўй бермаяпти. Илгарилари бўларди. Эркаклар алоҳида жойда, биз шу ерда турамиз. Бизга милиция келгандаям кунлик ишчилар марказига боринглар, дейди. У ерга борганимиз билан иш берувчилар бормаса нима қиламиз? Марказ орқали ишга чиқсангиз, кунлик 10 минг сўм пул тўлови ҳам бор экан. Иш чиқиши ҳам лотереяга ўхшайди. Ҳар куни иш бўлмайди. Омадингиз чопганда иш чиқади. Бир кун ишласам, 4 кунлаб ишламайман. Нон ва сув билан қорин тўқлаган кунимиз кўп бўлган.

Бу ерда кун бўйи тургандан кейин тушлик ҳам қиласизларми?

– Ҳа, яқинроқда сомса, чой сотишади. Баъзида уйдан егулик олиб келамиз.

Бошқа аёллар даврасига бориб, улардан вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун нима қилиш мумкинлиги ҳақида сўрадик.

– Аёлларга ишчи ўринлари яратиб берилиши керак. Кунлик ижара учун арзон ётоқхоналар ташкил этилса яхши бўларди. Бундан 2–3 йил олдин Хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари муаммоларингизни ҳал қиламиз, деб олиб кетишганди. Борганимизда иш масаласини ҳал қилиб беришларини айтишган. Вақтинчалик арзон ижара уйларни қуриб бериш масаласини ҳам сўрагандик. Шунда қўмита раиси Элмира Боситхонова нимага сизларга уй қуриб бераман, деб айтди. У фақат иш топиб беришини айтди. Бу гаплар 2018 йилда бўлганди. Ўшандан бери ҳеч қандай ўзгариш бўлмади.

Қанча ойлик сизларни қониқтиради?

2–3 миллион сўм етади ойига. Бизга ҳозир кредитга уй беришса, уни тўлай олмаймиз. Агар мободо ёрдам қилиб уй берилса, биз ўша уй учун солиқ (уй солиғи, ер солиғи), коммунал тўловлар тўлаган бўлардик. Бу солиқлар, тўловлар давлатга фойда-ку. Бекорга қиммат ижара пули тўлаб юрибмиз. Камида 600–700 минг сўм тўлаймиз. Ижара хонадонлар шароити йўқ. Битта хонадонда камида 20–30 киши яшайди. Ҳар биридан кунига 30 минг сўмдан олишади.

Аёлларнинг айримлари мавжуд муаммолар ҳақида очиқчасига гапиришга розилик беришди.

Ҳафиза Алиева (Сурхондарё вилояти, Термиз туманидан):

«1989 йилда педагогика билим юртига кириб, 1992 йилда тамомладим. Бу ерда 2012 йилдан бери ишлайман. Маълумотим ўрта махсус, бошланғич синф ўқитувчисиман. 20 йиллик иш стажим бўлишига қарамай, ишдан бўшатишди. Туман халқ таълими бўлимига учрадим, лекин натижа бўлмаган.

Ҳокимиятда жамғарма раиси бўлиб ишлаганман. ХДПда умумбўлим мудири сифатида фаолият олиб борганман. Ўқитувчи бўлиб ишлаганимда олий маълумотли эмассан, деб ишдан бўшатишган. Шундан кейин ҳеч қаерга ишга олишмаган. Яқин орада ҳам иш сўраб мурожаат қилганимда, иш йўқ, деб айтишяпти. Хўш, нима қилишим керак? Биз ҳам ёлғиз онамиз. Бола боқишимиз керак.

Бу ерда иш ҳар доим бўлмайди. Эрталаб келамиз, иш бўлса, ишлаймиз, бўлмаса ижара уйимизга қайтиб борамиз. Овқатланишимиз керак, квартирага пул тўлашимиз керак. Иш бўлмаган кунлари ижара пулини тўлолмаймиз, овқатга пул тополмай қоламиз. Маълумотим, иш тажрибам бўла туриб сарсонгарчиликда ишлаб юрибман. Ойига 2 миллион ойлик бўлсаям ишлаган бўлардим.

Ҳеч қаерга ишга олишмагандан кейин Қозоғистонда ишлаб келдим. Мен ҳам бошқа аёллар каби вақтида ишга бориб, уйга қайтишни, боламга, рўзғоримга қарашни хоҳлайман. Маҳалладагилар 600 минг сўм ойлик таклиф қилишди. Бу пул билан рўзғор тебратиб бўладими? Бу ерда иш бўлмаган кунлари иссиқ овқат ҳам емаган кунларимиз бўлган. Биз ҳам одаммиз, аёлмиз, шу юрт фуқаросимиз. Бошқалар каби яхши шароитда яшагимиз келади.

Раиса (Тошкент вилояти, Қуйи Чирчиқ туманидан):

«3 фарзандим билан Қуйи Чирчиқ туманида яшаймиз. Ёлғиз онаман. Бу ишга биринчи кун чиқишим. Бундан олдин Россияда ишлаганман. 2019 йил декабрида Ўзбекистонга қайтиб келдим. Сўнг карантин бошланиб қайтиб кетолмадим. Энди болаларимни боқолмаяпман. Чунки даромадим ҳеч нарсага етмаяпти. Ўзбекистонда ойлик даромад озиқ-овқат харажатларига мутаносиб эмас. Бу ерга чиқишга мажбур бўлдим. Чунки иш йўқ».

Кунлик ишчилар маркази нега ишламаяпти?

Аёллар кунлик ишчи маркази очилганига қарамасдан, шу эски жойда йиғилиб туришади. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Биринчидан, иш берувчилар марказга боришмайди, илгариги жойга ўрганишган. Иккинчидан, аёлларнинг айтишича, марказ иш топиб бергани учун аёллардан маълум фоизда тўлов ҳам талаб қиларкан.

Бу гаплар қанчалик асосли эканлигини билиш мақсадида турган жойимизга яқин бўлган Қўйлиқ бозоридан узоқ бўлмаган аёлларнинг кунлик ишчилар марказига бордик. Ушбу марказ ўтган йилнинг бошида (2020 йил, 12 феврал) очилган эди. Марказга борганимизда ёпиқ экан. Ўша ердаги одамлардан марказ фаолияти ҳақида сўраганимизда, ҳар доим ёпиқ туришини, қоровул онда-сонда келиб туришини айтди. Очилганига атиги 1 йил тўлган марказ нега ўз фаолиятини тўхтатиб қўйди? Мутасаддилардан бу ҳолатга изоҳ беришларини кутамиз.

Бу муаммони ким еча олса ҳам, бир илтимосимиз бор: алам билан шу юрт фуқароси эканини айтаётган аёллар кўп нарса сўрамаяпти, шунчаки иш сўраяпти, уларга ёрдам беринг. Эркак-ку ҳар қанча қийинчиликка чидар, лекин аёл... Нима бўлганда ҳам, мана шу меҳнатидан ор қилмайдиган аёлларнинг куни кун бўлсин, косаси оқарсин, аёллар мардикорга чиқмасин...

Kun.uz мухбири Муҳаббат Маъмирова,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

 

Муҳаббат Маъмирова
Тайёрлаган Муҳаббат Маъмирова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид