Ўзбекистон | 08:37 / 08.03.2021
3769
3 дақиқада ўқилади

«Қорақалпоқ-агро» эркин иқтисодий зонасининг асосий вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоқ-агро» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: Sputnik

Norma’нинг ёзишича, президентнинг «2020–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Амударё, Бўзатов, Кегейли, Қонликўл, Қўнғирот, Мўйноқ, Нукус, Тахиатош, Тўрткўл, Хўжайли, Шуманай ва Элликқалъа туманларида жами 875,4 га ер майдонида «Қорақалпоқ-агро» ЭИЗ ташкил этилди.

«Қорақалпоқ-агро» ЭИЗ фаолиятини бошқариш «Нукус» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасига юклатилди.

Қуйидагилар «Қорақалпоқ-агро» ЭИЗ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланди:

  • замонавий иссиқхона хўжаликларини, гидропоника технологияларини қўллаган ҳолда, кластер усули асосида ташкил этиш учун тўғридан тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар жалб этиш, энергия тежовчи замонавий иссиқхоналар қуриш учун конструкциялар, жиҳозлар ва бошқа бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
  • ҳудуд ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, уларни чуқур қайта ишлашни кенгайтириш ва экспорт ҳажмини ошириш;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг уруғдан то маҳсулотни бозорга етказиб беришгача бўлган тўлиқ жараёни ташкил этишни рағбатлантириш;
  • кўчатзорлар, бирламчи уруғчиликни ташкил этиш учун шароитлар яратиш орқали иссиқхона хўжаликларини бозор талаби катта, юқори ҳосилдорлик хусусиятига эга қишлоқ хўжалиги экинлари уруғ ва кўчатлари билан таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш;
  • логистика хизматлари кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш субъектларига улар томонидан етиштирилган маҳсулотлар экспортини ташкил этишда кўмаклашиш;
  • иссиқхона хўжаликларини ташкил этишда ресурс тежовчи замонавий технологияларни, муқобил иссиқлик энергияси манбаларидан фойдаланишни кенг жорий этиш;
  • ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолаш бўйича илмий-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ССП ва тижорат банклари билан биргаликда «Қорақалпоқ-агро» ЭИЗ ҳудудида икки ой муддатда иссиқхона хўжаликлари ҳамда энергия тежовчи замонавий иссиқхоналар қуриш учун конструкциялар ишлаб чиқариш объектларини бўш турган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига жойлаштириш бўйича манзилли дастурни ишлаб чиқиш топширилди.

Мавзуга оид