Жамият | 17:55 / 08.03.2021
24298
6 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Олий суд Жиззах қуйи судларидаги мантиқсизликка чек қўйди. Аммо...

Онлайн аукциондан кўчмас мулк сотиб олиб, Жиззахдаги судьяларнинг мантиқсиз қарорлари сабаб муаммолар гирдобига кириб қолган, бу ҳам етмагандай, йўқ жойдан давлатга 11 млн сўм қарз қилиб қўйилган тадбиркор аёл Гюнел Алиеванинг ҳуқуқлари Олий судда тикланди. Аммо кураш ҳали тугагани йўқ: Жиззахдаги судларда навбатдаги «кўзбўямачилик» бошланган.

Январь ойида Kun.uz тадбиркор аёл – Гюнел Алиева Жиззахда аукцион орқали бино билан бирга ўзига бош оғриғи ҳам сотиб олгани ҳақида танқидий мақола эълон қилганди.

Мақолада бинонинг аввалги эгаси – «Uz Kamol Teks» МЧЖ раҳбари Қосимжон Ҳусанов аукцион нотўғри ўтказилганини рўкач қилиб, унинг натижаларини бекор қилиш учун фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига мурожаат қилгани ва 2020 йил 14 сентябрда унинг талаблари қаноатлантирилиб, аукцион натижалари бекор қилингани айтилганди.

Боз устига аукционга мулкни расмийлаштириб чиқарган МИБ Жиззах шаҳар бўлими ва Гюнел Алиевадан солидар тарзда 11 млн 600 минг сўм давлат божи ундириш ҳам юклатилган.

Иш аппелляция босқичида ҳам кўрилиб, дастлабки суд қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Низолашув Олий судда ҳам давом этди.

Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати мазкур ишни кўриб чиқиб, 2021 йил 16 феврал кунги ажрими билан аукцион ғолиблик баённомасини расмийлаштиришда қонун талаблари бузилгани ҳолатлари мавжуд эмас деб топди.

Бундан ташқари, низоли бинонинг 2-қавати ўзбошимчалик билан қурилгани туфайли унга нисбатан даъвогар «Uz Kamol Teks» МЧЖда мулк ҳуқуқи мавжуд эмаслиги эътироф этилди.

Юқоридагиларга кўра, Олий суд мазкур иш бўйича қуйи инстанция судлари ҳужжатларини бекор қилиб, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришдан рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилди.

Шундай қилиб, мазкур иш юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2020 йил 14 сентябрдаги ҳал қилув қарори ва Жиззах вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 5 ноябрдаги ажрими бекор қилиниб, иш бўйича янги ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Унга кўра, даъвогар «Uz Kamol teks» МЧЖнинг жавобгар мажбурий ижро бюроси Жиззах шаҳар бўлими ва Гюнел Алиевага нисбатан аукцион баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантиришдан рад қилинди ва натижада бино аукционда ҳалол ютиб олган Гюнел Алиевага қайтариб бериладиган бўлди.

Аммо, Гюнел Алиеванинг бош оғриғи шу билан тугагани йўқ.

Гюнел Алиева

Ёдингизда бўлса, «Uz Kamol Teks» МЧЖ раҳбари Қосимжон Ҳусанов 2020 йил 30 декабрь куни бинони қалбаки реестр билан бошқа бир инсонга нотариус орқали сотгани (кейинчалик бу реестр Жиззах шаҳар маъмурий суди томонидан бекор қилинади) юзасидан 2021 йилнинг 5 январь куни Жиззах шаҳар прокурори томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилганди.

Бинони Қосимжон Ҳусановдан нотариусда расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси орқали 500 минг сўмга (!) сотиб олган Рустам Аҳатов ўз номига рўйхатдан ўтказишда муаммога учрайди. Чунки бу бинони Гюнел Алиева аллақачон аукцион орқали сотиб олиб бўлган эди.

Бу ҳолатдан норози бўлган Аҳатов Рустам ФИБ Жиззах туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар – Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилоят бошқармасига нисбатан нотурар жой биносини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини юклашни сўрайди.

Бино низоли бўлиб тургани ҳамда унинг Рустам Аҳатовга сотилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлишига қарамай, суд киприк қоқмай 2021 йил 19 январ куни ушбу даъво аризасини қисман қаноатлантириб, жавобгарга бинони давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини юклаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаради.

Бунда суд Гюнел Алиева ғолиб бўлган аукцион бўйича расмийлаштирилган аукцион баённомасини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги 2020 йил 14 сентябрдаги ФИБ Жиззах туманлараро судининг ҳал қилув қарори ва ушбу ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш бўйича ФИБ Жиззах вилоят судининг ажримига ҳам асосланган.

Ушбу мантиқсизликдан норози бўлган Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилоят бошқармаси низоли бўлиб турган бинони айни вақтда Рустам Аҳатов номига рўйхатдан ўтказиш имконсизлиги туфайли ФИБ Жиззах туманлараро судининг 2021 йил 19 январдаги ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти келтиради.

Аммо мўъжизани қарангки, вилоят суди ҳам 2021 йил 4 март кунги ажрими билан юқоридаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиради. Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 16 февралдаги ажримида аукцион ғолиблик баённомасини расмийлаштиришда қонун талаблари бузилгани ҳолатлари мавжуд эмас, дейилган ва бу ажрим ФИБ Жиззах вилоят судига тақдим этилган бўлса-да, суд ўз билганидан қолмай, Олий суд томонидан чиқарилган ажримнинг мазмунига зид бўлган қарор қабул қилади.

Қосимжон Ҳусанов бинони Рустам Аҳатовга сотгани ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилган ҳамда тергов кетаётган, ушбу жиноят иши бўйича ҳали аниқ якунга келинмаган бир паллада қандай қилиб суд ушбу бинони Рустам Аҳатовга расмийлаштириб бериш талабини қўйиши мумкин?

Бинони аукционда қонуний ютиб олган, аммо қуйи инстанция судларининг уқувсизлигидан азият чекиб, Олий судгача йиллаб овора бўлган Гюнел Алиева Олий судда адолат қарор топиб, эндигина биносига эгалик қиламан деганида бошқа ёқдан яна судма-суд юришга маҳкум қилинаётгани қайси ақл тарозисига тўғри келади?

Суд соҳасида ишламаган одамларга ҳам яққол кўриниб турган жиҳатлар нега судьяларнинг эътиборидан четда қоляпти?

Қарор қабул қилишда қўпол хатоларга йўл қўйган судьялар билан Олий суд ёки Судьялар олий кенгаши қандайдир тушунтиришлар олиб борадими? Бу ҳақда жамоатчиликка ҳисоб берадими?

Kun.uz мавзуни ёритишда давом этади.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид