Ўзбекистон | 14:58 / 10.03.2021
5316
2 дақиқада ўқилади

Мудофаа вазирлиги тендерида ғолибликни ваъда қилиб, 40 минг долларни ўзлаштирган шахсга суд ҳукми ўқилди

Мудофаа вазирлиги томонидан ўтказилаётган кийим-бош ва чойшаблар тикиб топшириш бўйича тендерларда ғолиб бўлиш учун икки нафар тадбиркорнинг ҳар бири ушбу шахсга 20 минг АҚШ доллари берган.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди судьяси Абдулла Муҳиддинов раислигида фирибгарликка оид яна бир иш кўриб чиқилди. Айбланувчи Хайрулла Амиров (исм-шариф ўзгартирилган) 2019 йил айнан фирибгарлик бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан Жиноят кодекси 62-моддаси тартибида энг кам ойлик иш ҳақининг 373,5 баравари миқдорида 75 719 655 сўм жарима жазоси тайинланганига қарамасдан яна шу ишга қўл урган.

Бу сафар у тикувчилик билан шуғулланувчи, пандемия туфайли тайёр маҳсулотини сота олмай буюртмаларга муҳтож бўлиб турган икки нафар тадбиркорни “ўлжа” сифатида танлаб олган.

Бу шахс уларга Мудофаа вазирлиги томонидан жуда катта ҳажмда буюртмалар бериш учун тендер ўтказилаётгани, агар керакли маблағ берилса, ҳарбийлар кийим-боши ҳамда чойшаблар учун махсус тендерда ғолиб чиқишлари мумкинлигини билдирган.

Жабрланувчилар ишончига кириш учун Хайрулла Амиров уларни ўзи ижарага олган бинога таклиф қилган ва офиси сифатида таништириб, берган пуллари шу ердаги сейфда сақланиши, тендерда ғолиб бўлмагунча ишлатилмаслигига ишонтирган.

Ҳар икки тадбиркор Хайрулла Амировга келишилган 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни топширган ва тендер натижаларини кута бошлаган. Аммо бу пуллар айбланувчи томонидан шахсий мақсадларда ишлатилиб юборилган.

Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультантининг маълум қилишича, суд судланувчи томонидан фирибгарлик жинояти натижасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганини инобатга олган ҳамда унга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан, Жиноят кодекси 57-моддасини қўллаб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаган.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид