Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инқироз остонасидаги «Bibi Hanum» миллий бренди йўқ бўлиб кетиши мумкин. Ҳунармандга кимдир ёрдам берадими?
Миллий либосларга қизиқувчилар орасида «Bibi Hanum» бренди яхшигина машҳур. Ушбу бренд остида қўл меҳнати асосида тикилган миллий адрас либослари нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда эътирофларга сазовор бўлган. 15 йилдан бери фаолият олиб бораётган ушбу кичик тадбиркорлик субъекти Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Навоий вилоятида ўнлаб ҳунармандларни иш билан таъминлаган.
Афсуски, пандемия бу соҳага ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Халқаро кўргазмалар, миллий либослар дизайнерлик тадбирлари бутунлай тўхтатилган даврда корхонанинг экспорт қилиш ҳажми ҳам кескин тушиб кетди. Қийин молиявий ахволга тушиб қолган «Bibi Hanum» бренди асосчиси, дизайнер Муҳайё Алиева Kun.uz'га мурожаат қилди.

Унинг айтишича, «Bibi Hanum» жойлашган бино илгари давлат тасарруфида бўлганда, ижара ҳақи арзонроқ бўлган, айни пайтда хусусий тадбиркор қўлига ўтган бинонинг ижара нархи икки бараварга ошиб кетган: «Пандемия бошлангандан бери фаолиятимиз деярли тўхтаб қолди. Иш ўрнини йўқотмаслик, шунча қилинган меҳнатимиз бесамар кетмаслиги учун амаллаб ишлаб келяпмиз. Саноқли буюртмалар харажатларимизни зўрға қоплаб турибди. Амаллаб ижара пулини тўлаб келаётгандик.
«Тошкент савдо маркази» биносида 2015 йилдан бери ижарага жой олиб, фаолият юритиб келяпмиз. Бу жойни таъмирлаб, кейин ишимизни бошлаганмиз. Илгари бу бино давлат тасарруфида бўлган. Сўнг хусусий тадбиркорларга сотилгач, ижара нархи ошди. Эски тариф бўйича белгиланган нархни ҳам зўрға тўлаб келаётгандик.
Бино давлат тасарруфида бўлган пайтда бизга таклиф қилинган бошланғич ижара нархи 3,5 миллион сўм эди. Кейин Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан яна 1,5 миллион сўм қўшилиб, нарх 7-8 миллионга яқинлашиб борди. Хусусий тадбиркор эса бизга 15 миллион сўм ижара шартномасини таклиф қилди. Очиғи, бу биз жуда кўп, пандемиядан кейин 5 миллион тўлаш ҳам осон эмас. Топаётганимиз ишчиларнинг маоши, хомашё сотиб олишга етяпти холос. Бино хусусий секторга берилгандан кейин нарх ошиши табиий ва бунга ҳеч қандай қаршилигим йўқ. Уларнинг ўз ҳисоб-китоблари бор.
Бу жойни ёпаман деб турган вақтим хорижлик ҳамкасбларим, мижозларимга алоқага чиқдим. Уларга вазиятимни тушунтирганимда, ишимни давом эттиришимни айтиб, буюртмалар беришни бошлашди. Мураккаб вазиятга тушиб қолгач, бир неча жойга – Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси, Вазирлар Маҳкамасига расмий хат билан чиқдик. «Ҳунарманд» уюшмаси ҳам амалий ёрдам бермоқчи, улар бир нечта жой таклиф қилишди. Тўғриси, айримлари жойлашуви жиҳатида ноқулай, сайёҳлар топиб бориши қийин.

«Ҳунарманд» уюшмаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Шаҳобиддин Асомов бу борада шундай деди: «Ҳунарманд Алиева Муҳайё феврал ойи бошида уюшмага оғзаки мурожаат қилди. Ушбу мурожаат юзасидан раис бошчилигида жойларга чиқиб ўрганишлар ўтказдик. Тошкент шаҳрида ижарага олиш учун бўш турган бинолар, ерларни ўрганиш бўйича топшириқ берилди. 3 кун ичида Олмазор тумани бўлими ва туман ҳокимияти вакили билан биргаликда бўш турган ерлар рўйхати тузилди. 10 та ер аниқланди. Учтепа туманида ҳам 2 та жой, Шайхонтоҳур туманида давлат тасарруфидаги бино аниқланиб, жами 10 та ер ва 5 та ижара учун бинолар фотосуратларини Муҳайё Алиевага кўрсатдик.
Ундан ташқари, уюшмамиз биноси жойлашган ҳудудда ҳунармандлар учун бино қуриляпти. У ерда ҳам ижарага жой беришни таклиф қилдик. Муҳайё Алиева ижара асосида ишлаш хоҳиши йўқлигини, бўш турган ерда бино қуриб, фаолиятини давом эттирмоқчилигини билдирди. Олмазор туманида аниқланган ерни ажратиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигига уюшма раиси томонидан расмий мурожаат хати тайёрланяпти. Раис имзо қўйиши билан юборамиз».

Муҳайё Алиева нима учун ижарага бино олиб фаолият юритиш хоҳиши йўқлигига изоҳ берди: «Ижарага бино олиб, уни таъмирласангиз, вақт ўтгандан кейин бино эгаси уни олиб қўйса, нима бўлади? Олдиндан нима бўлишини билмасдан, бу ерда қўшимча қулайликлар яратиш учун маблағ тиксам, бир кунда ҳаммаси самарасиз бўлишидан қўрқаман. Масалан, ҳозир ижарада турган жойимизга келишимиздан олдин таъмирлаганмиз. Илгари жуда абгор ҳолатда эди. Яна қўшимча қулайликлар қилмоқчи бўлганма, лекин эртага нима бўлишини билиб бўлмайди. Бугун сарфлайдиган маблағим эртага куйиб қолмасмикин, деган ҳадик бор».
Ижарачи дейди?
Ижара пули нима сабабдан қимматлагани бўйича «Тошкент савдо маркази» муассиси «Buyuk Eco Savdo» масъулияти чекланган жамияти раҳбариятидан изоҳ олиш учун бордик. Ўзини МЧЖ юристи сифатида таништирган Нурмуҳаммад исмли шахс бино ижара шартномасини Муҳайё Алиевага қулай тарифларда тақдим этган бўлса ҳам, рад жавоби олганини айтди.
Юристнинг таъкидлашича, бинода электр токи ўчирилгани учун Муҳайё Алиева ва унинг ишчилари ноўрин жанжал кўтарган, бу ҳолат «Buyuk Eco Savdo» масъулияти чекланган жамияти раҳбарияти ва Муҳайё Алиева ўртасида тушунмовчиликни келтириб чиқарган.
Дизайнер шунча йиллик меҳнатини бир зумда йўқотиш арафасида. Муҳайё Алиева ва бир гуруҳ ҳунармандлар хориж бозорига чиқиб, юртимизда аёллар бандлигини таъминлашга ҳисса қўшиб, ўзбек миллий либослари ва маданиятини бутун дунёга танитаётган бир пайтда барча ишларни тўхтатишга мажбур бўлмоқда. Мутасаддилар ушбу масалани ўрганиб, ўз муносабатини билдиришига умид қиламиз.
Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Мавзуга оид
10:33 / 02.11.2024
Пандемиядан кейин одамлар уйдан ташқарида камроқ вақт ўтказадиган бўлди — тадқиқот
20:04 / 20.06.2022
Дунё янги пандемияга тайёр эмас – ЖССТ раҳбари
20:12 / 30.08.2021
ЖССТ ва ЮНИСEФ пандемия шароитида мактабларни ёпмасликка чақирди
22:34 / 19.08.2021