Ўзбекистон | 15:52 / 11.03.2021
25383
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги илк хусусий банк асосчиси чувалчанг боқувчилар бирлашмасини тузди

Андижон вилояти Хонобод шаҳрида Ўзбекистон сўлжон (чувалчанг) боқувчилар бирлашмасини тузиш бўйича таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда 1980-йиллар охирида Андижон вилояти Хонобод шаҳридаги «Дўстлик» жамоа хўжалигида калифорния чувалчангларини боқиш, бу орқали ер учун энг фойдали табиий ўғит – гумус ишлаб чиқариш билан шуғулланган тадбиркор Рустамжон Усмонов ташаббуси билан Ўзбекистон чувалчанг боқувчилар бирлашмаси тузилди.

«Ҳозирда республикамизнинг турли ҳудудларида чувалчанг боқиш билан шуғулланаётган тадбиркорлар бўлса-да, улар тарқоқ ҳамда ҳар ким ўз билганича иш юритиб келмоқда. Қишлоқ хўжалиги ривожига, ҳосилдорликни кўтаришда муҳим аҳамият касб этувчи биогумус ишлаб чиқаришни илмий асосда йўлга қўйиш, чувалчанг боқувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга услубий ва амалий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида тадбиркор Рустамжон Усмонов ташаббуси билан «Биогумус» Ўзбекистон сўлжон (чувалчанг) боқувчилар бирлашмасини ташкил этиш бўйича ўтказилган таъсис йиғилишида Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида чувалчанг боқиш билан шуғулланаётган тадбиркорлар иштирок этди», дейилади ЎзА хабарида.

Йиғилишда чувалчанг боқиш орқали биогумус тайёрланиши, бу қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим аҳамият касб этиши, қолаверса, мазкур фаолият катта даромад манбайи эканлиги алоҳида таъкидланган, шунингдек, уюшма низоми тасдиқланиб, кузатув кенгаши ва ижро органи раҳбар ва аъзолари сайланган, бирлашмани тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича вазифалар белгиланган.

«Мақсадимиз чувалчанг боқувчиларга илмий, молиявий ва амалий ёрдам кўрсатиш. Илмий асосда тоза ва соф биогумус маҳсулоти ҳамда биомасса етиштириш орқали экин майдонлари унумдорлигини ошириш, табиий соф қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга ёрдам бериш. Қолаверса, биогумус маҳсулотини экспорт қилишни йўлга қўйишдир», – дейди тадбиркор Рустамжон Усмонов.

  • Рустамжон Усмонов Ўзбекистондаги илк хусусий банк асосчиси сифатида маълум. У 19 йилни (1998 йилдан) қамоқда ўтказган ва 2017 йил февралида озодликка чиққан.
  • Усмонов ўтган асрнинг 90-йиллари бошида фермер хўжаликларига калифорния чувалчанглари ва биогумус сотиш орқали катта маблағ тўплаган ҳамда 1992 йилда Марказий Осиё миқёсидаги илк хусусий банк - «Рустамбанк» банкига асос солган.
  • 1990-йилларда у мухолифатчи партияни қўллаб-қувватлаган ва ҳукуматни очиқ танқид қилган ва парламент сайловларига номзодини қўйган. Лекин унинг номзоди рўйхатдан ўтказилмаган.

Мавзуга оид