Ўзбекистон | 00:36 / 14.03.2021
47728
3 дақиқада ўқилади

15 мартдан Ўзбекистонга кираётганлардан коронавирусга экспресс тест олиш тартиби бекор қилинади

Фото: KUN.UZ

13 март куни бўлиб ўтган Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатга кираётган барча йўловчилардан экспресс тест олиш тартиби бекор қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, йиғилишда хорижий ва қўшни мамлакатларда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашгани сабаб республикага ташриф буюрувчиларга енгилликлар яратиш ҳамда туризм салоҳиятидан кенгроқ фойдаланиш масалалари муҳокама қилинган.

Махсус комиссияси қарорига асосан Ўзбекистонга ҳаво, темир йўл транспорти ҳамда чегара пунктлари орқали ташриф буюраётган барча шахслардан ўз ҳисобидан аэропорт, темир йўл вокзали ёхуд чегара пункти ҳудудида коронавирус инфекциясига антиген экспресс тест олиш тартиби 2021 йилнинг 15 мартидан бошлаб бекор қилинади.

Эндиликда, янги тартиб бўйича:

* мамлакатга ташриф буюраётган шахслардан Ўзбекистонга келиш учун  рўйхатдан ўтишдан олдин сўнгги 72 соат ичида коронавирус инфекциясига ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотнома сўралади;

* автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали республикага кириб келаётган шахслардан ҳам шундай маълумотнома талаб қилинади. Агар ПЗР натижаси бўлмаган ҳолларда чегара ўтказиш пунктларида фаолият юритадиган махсус клиника ёки лабораторияларда экспресс тест топширилади. Фақат манфий натижа қайд этилган тақдирдагина Ўзбекистон ҳудудига киритилади.

Бунда коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари натижалари инглиз ёки рус тилларида бўлиши шарт.

Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан  2021 йилнинг 25 мартидан бошлаб хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилардан фақат сифат кўрсаткичи талаб даражасида бўлган лабораторияларнинг коронавирус инфекциясига ПЗР текширувлари маълумотномалари билан ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтказилади ёхуд автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон Республикасига коронавирус инфекцияси антигени экспресс тест текшируви ўтказмасдан киритилади.

«Бундан ташқари йиғилишда мутасадди ташкилотларга чет элда сифатли ҳамда ишончли коронавирус инфекциясига ПЗР текширувларини ўтказувчи, Ўзбекистонда ҳам тан олинадиган лабораториялар рўйхатини (ҳар бир мамлакат кесимида камида 10 тадан) шакллантириш ва эълон қилиш вазифаси юклатилди. Масъул вазирлик ва идораларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус билан боғлиқ мамлакатга кириш бўйича чекловлар бекор қилингани, янги авиа ва темир йўл қатновлари ташкил этилаётгани тўғрисида ўз расмий веб-саҳифаларида ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали хорижий ҳамкорлар, инвесторлар ва туроператорларга маълум қилиш бўйича топшириқ берилди», дейилади ССВ хабарида.

Мавзуга оид