Жаҳон | 12:22 / 15.03.2021
2967
2 дақиқада ўқилади

Йўллар очилиши ҳақидаги хабардан сўнг Сингапур ва Австралия авиакомпанияларининг акциялари нархи қимматлади

Сингапур ҳукумати Австралия билан авиақатновларни тиклаш ҳақида баёнот берганидан кейин Singapore Airlines авиакомпанияси акциялари нархи 5,28 фоизга ошган. Авиакомпанияга тегишли SATS кейтеринг компанияси акциялари нархи 3,43 фоиз, SIA Engineering компанияси акциялари 5,12 фоизга қимматлаган.

Австралиянинг Qantas авиакомпанияси акциялари 3,4 фоизга кўтарилган.

Самолётда саёҳат қилишга рухсат берилиши Сингапур ва Австралия аҳолисига икки давлат орасида карантин мажбуриятисиз сафар қилиш имконини берган бўларди. Коронавирус пандемияси туфайли чегаралар глобал миқёсда ёпилгани боис ҳалқаро авиақатновлар ҳалигача нисбатан чекланган ҳолда қолмоқда.

Сингапур ҳам, Австралия ҳам вакцинация дастурлари йўлга қўйилгач, коронавирус инфекциясини нисбатан назорат остига олган.

«Сингапур Австралия билан вакцинация сертификатларини ўзаро тан олиш ва асосан талабалар ва бизнес сайёҳлар учун сафарларни тиклаш борасида музокаралар олиб бормоқда. Биз, шунингдек, Сингапур ва Австралия фуқаролари учун карантинсиз сафар қилишга изн бериш имкониятларини ҳам муҳокама қилмоқдамиз», дейилади Сингапур ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Австралия бош вазири ўринбосари Майкл МакКормак маҳаллий ОАВга берган баёнотида расмий Канберра Сингапур билан авиақатновлар тикланиши июлда содир бўлиши мумкинлигини айтган. У, шунингдек, музокаралар дастлабки босқичда эканини ҳам қистириб ўтган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид