Ўзбекистон | 17:26 / 17.03.2021
17833
7 дақиқада ўқилади

Улуғбек Қосимхўжаев — таълимни инқирозга элтган сабаблар, «умидчилар» ва кадрлар сиёсати ҳақида

16 март куни АОКАда халқ таълими тизимида малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Kun.uz мухбири тадбир спикерларидан бири, Ўзбекистондаги мактаблар учун янги авлод ўқитувчилари ва бошқарув кадрларни тайёрлашга ихтисослашган Тошкент халқаро университети ректори Улуғбек Қосимхўжаев билан интервью уюштирди.

Собиқ «умидчи» интервью давомида халқ таълими тизими, унга керакли кадрлар тайёрлаш масалалари ҳамда «умидчилар» фаолияти ҳақида гапирди.

— Ўзбек жамиятида таълим тизимида қилинган хатолар, таълим беришдаги паст сифат ва билимсиз кадрлар ҳақида кўп гапирилади. Сиз замонавий кадрлар тайёрлайдиган янги университет ректори, бу борада хориж тажрибасини кўрган киши сифатида ўша хатоликларни нимада кўрасиз?

— Сўраётганингиз биргина бўғинда қилинган хатолар эмас, бу тизимли муаммолар. Халқ таълими тизимидаги муаммолар натижасида жамиятда йиллар давомида ўқитувчининг ҳурмати тушиб борди. Энди бунга элтган сабаблар ҳам бор.

Биласиз, кадр қаерда ишлаш қулай бўлса, шу ерга интилади. У ишлаш учун ноқулай, бюрократия ривожланган, текшир-текширлар авжида, ободонлаштириш ишларига тинимсиз жалб этиладиган иш жойидан, албатта, қочади.

Ўқитувчи аввало, тарбияловчи. Лекин тарбияловчининг ўзига шароит яратилмас экан, яхши кадрлар у ерга бормайди. Ишлар охир-оқибатда шу даражага бориб етдики, одамлар фарзандининг ўқиши, билим олишига эътиборсиз қарай бошлади.

Ривожланган давлатларда ҳам болани тарбия қилиш, билимли кадр сифатида етиштиришда ота-онанинг ўрни катта. Ишни ҳеч қачон мактабнинг ўзи ва ўқитувчига ташлаб қўйиш керак эмас. Узлуксиз таълим шу – уйда ҳам давом этиши керак.

Ҳозир Ўзбекистонда катта лавозимларда ишлайдиган инсонларни олинг, Шерзод Шерматов, Руслан Давлетов, Сардор Умурзоқов... ҳаммаси оддий оиладан чиққан. Буларни жипслаштирувчи битта омил бор. Улар ўзлари илмга, билимга интилган. Илм топиш учун танловлар, «Умид» каби жамғармалар орқали чет элда ўқиб келган.

Қиш кунларидан бирида Поп туманидан ўтаётгандим. Тоғ йўли. Ҳамма жой қор. Шу ҳавода бўйи 1 метрли ёш болалар елкасига катта сумка ортволиб, тахминан 4-5 км масофадаги мактабга пиёда кетяпти. Яъни бу болалардаги билимга иштиёқ. Уларда ҳаракат бор. Лекин биз бу иштиёқ сўниб қолмаслиги учун уларга шароит яратиб беришимиз керак.

Биз таълим жараёнида боланинг иштиёқини унга имконият яратиш орқали ривожлантиришимиз керак.

Хўш, янги ўқув жараёни қандай бўлиши керак? У анъанавий тизимда бўлгани каби 40-50та болани йиғиб олиб, фақат ўқитувчи гапирадиган, ўқувчига имконият берилмайдиган, ўқувчига бўр отадиган тизим бўлиши керак эмас.

2-3 синф бола хоҳлайсизми-йўқми ўйинни, югуришни, тўполон қилишни яхши кўради. Шу ёшдаги болаларни самарали бошқариш ва билим беришнинг илмий асосланган йўллари бор.

Менинг фарзандларим АҚШда катта бўлган. У ердаги мактабларнинг 1-, 2-, 3-синфларида парта деган нарса йўқ. Болалар юмшоқ ўтирадиган жойларда дарс ўтади. Синфхонада болаларнинг ухлаши учун ҳам шароит қилинган.

Мактабга ўқувчи ўзи хоҳлаб бориши керак. Биз болани фақат жим ўтириш ва ёдлатишга ўргатаверсак, роботларнигина тарбиялаймиз.

Улуғбек Қосимхўжаев

— Давлат таълимга кам маблағ ажратгани, шу кам маблағ ҳам нотўғри тақсимлангани таълимдаги инқирознинг сабабларидан бири бўлиши мумкинми?

— Мен бир муддат вилоят ҳокимлигида ҳам ишладим. Ўша пайтларда чекка жойдаги даланинг бир четида коллеж қуриш учун 3 млн доллар пул кетган. Ваҳоланки, бутун вилоятнинг халқ таълими бошқармасига ҳам 3 млн доллар пул ажратилган. Бунинг ичида бутун вилоят ўқитувчиларининг ойлигидан тортиб, бино харажатлари, таъмиригача бўлган ҳамма маблағ бор эди.

Бу соҳага хусусий сектор киритилмаса, бюджет маблағлари қирқилаверса, нимани кутиш керак эди?

Керак бўлса, ўша маблағларни бюджетдан ажратишда ҳам қанча ўйинлар бўларди. Бюджет плюс кўрсаткич билан чиқди, деган ҳисобот учун тизимда ажратилган маблағларни истаганча ўйнатишарди.

Чунки кучишлатар тизим, армиянинг пулини кесиб бўлмайди. Энг осони, юввоши ижтимоий соҳа, таълим тизими эди. Бу фақат таълимдаги эмас, соғлиқни сақлашда ҳам шундай инқироз эди.

— Сиз собиқ «Умид» жамғармаси ёрдами билан четда ўқиган, кейинчалик қатор йиллар хорижда ишлаган кишисиз. Ҳозир Ўзбекистонга замонавий кадрлар тайёрлаш учун қайтгансиз. Айтинг-чи, «умидчилар»нинг Ўзбекистонга қайтмаётгани ёки қайтганда ҳам, яна тезда кетиб қолиши биздаги иш жараёни яхши кадрлар учун «қабристон» эканлигими ёки уларнинг ўзи ношукурми?

— Бу ерда масаланинг икки тарафи бор. Мен ҳозирги тизимни «қабристон» демаган бўлардим. Тўғрисини айтсам, 2016 йилгача бўлган тизим кадрлар учун «қабристон» эди.

Менинг Ўзбекистонга қайтганимнинг сабаби ҳам шу: Ўзбекистонда 2016 йилдан кейин ўзгаришлар бошланди. Бу жараёнда қайсидир ишлар тўғри, қайсидир нотўғри бўлгандир, лекин шунчаки тинчлик ўша қабристонда бўлади.

Мен ўзим ҳам бир неча дўстларим билан бирга қайтдим. Дастлаб 2018 йилдан Туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишладим. Озми-кўпми ўзгаришлар бўлди. Тўғриси, ҳокимиятдаги ҳеч қайси ўзгариш осонликча бўлмайди. 10, 20, 100 киши билан катта ўзгаришлар қилиб юбориш ҳам жуда қийин.

Ҳозир ўша сиз айтган «умидчи»лар – адлия вазири, халқ таълими вазири, инвестициялар ва ташқи савдо вазири ҳам бор куч билан ишлаяпти. Уларга ҳам осон эмас.

Ўша пайтларда «Умид» жамғармаси орқали чет элга ўқишга кетганларда яна давлатга қайтиб, 5 йил ишлаб бериш бўйича шартнома бор эди. Яъни давлат уларнинг ўқиш пулини тўлаб беради, кадр давлатга қайтиб 5 йил ишлайди. Аксариятимиз ўша шартнома бандларини бажариб, давлатга ишлаб бердик. Масалан, мен 5 йил ишлаб, қарзим бўлмагани учун магистратурада ўқишимни давом эттириш учун яна чет элга кетганман. Айримлар ҳали ҳам давлат ишида фаолият юритяпти, айримлар эса қайтиб кетди.

Ўтган йили «умидчилар»нинг катта конференцияси бўлди. Унга 120 нафар чет элдаги ватандошларимиз келди. Уларга лавозимлар таклиф қилинди. Кимдир қабул қилди, кимдир йўқ. Лекин буни ношукурлик демаган бўлардим. Чунки ривожланган давлатларда ҳам кадр тузилган қандайдир шартномани бажариб бўлдими, у холи, эркин. Улар ҳаётининг охиригача қул сифатида ёлланмаган-ку.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид