Ўзбекистон | 12:59 / 19.03.2021
36954
2 дақиқада ўқилади

Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими этиб тасдиқланди

Тошкент вилояти маркази Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда. Сессияда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, давлат раҳбари сўзининг аввалида йиғилганларни оғир ва узоқ қишдан кейин яқинлашиб келаётган Наврўз байрами билан табриклади. 2020 йил синовли йил бўлганини, коронавирус муаммоси ҳали жиддийлигини, тўйлар ва концертларнинг ҳаддан ортиқ катталашиб кетгани биринчи навбатда ўзимизга зарар эканини яна бир бор эслатди. 

Президент ташриф масаласига эътибор қаратаркан, Тошкент вилоятига муносиб ҳоким танлаш доим оғриқли масала бўлиб келганини таъкидлади.

“Афсуски, Тошкент вилоятида ҳокимлар мактабини ярата олмадик. Даврон Ҳидоятовни мен ҳар хил ишда синаб кўрдим. Вазир бўлди, Чилонзор туманига ҳоким, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари бўлди. У менинг номзодим, агар сизларда бошқа номзод бўлса бемалол айтинглар, очиқча муҳокама қилишга тайёрман”, деди Шавкат Мирзиёев. 

Президент сессияда номзод бўйича нафақат депутатлар ва фаоллар, балки ёшлар фикрини ҳам ўрганди. Сессияда ташкилий масала кўрилди. Давлат раҳбари Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Даврон Ҳидоятов номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди.

Халқ депутатлари, вилоят фаоллари сўзга чиқиб, номзод ҳақида фикрларини билдирди. 60 нафар депутатдан 55 нафари иштирокида овозга қўйиш натижаларига кўра, шу кунгача Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб келган Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.

Д. Ҳидоятов 1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1996-2009 йилларда банк тизимида, 2014 йилгача автосаноат тармоғида фаолият юритган. 2014-2020 йилларда Хусусийлаштириш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, Чилонзор тумани ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Мавзуга оид